O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Чехия Президенти Земанга Очиқ Хат

Чехия Президенти Земанга Очиқ Хат
357 views
13 February 2014 - 12:23

Ўзбек диктатори Каримовнинг Прагага келиши муносабати билан Сизнинг адресингизга айтилган танқидлар кўпайди.  Сизни 2005 йилда ўз халқини ўққа тутиб қатлиом уюштирган ва режим мухолифларини қийнаш ва ўлдиришни қонунлаштирган бир “сиёсий арбоб” билан учрашмасликка чақирмоқдалар.

Аммо Сиз, жаноб Президент бу давлатга Оврупада кўникилганидан фарқли ўларок, айниқса, Чехия каби инсон ҳақлари бир миллий бойлик савиясида эъзозланган бир ўлка лидеридан томонидан кутилмаган бир тепки кўрсатдингиз.

Сиз инсон ҳақлари ҳимоячиларини “мунофиқ”ликда айбладингиз, чунки улар сизнингча диктатор Ислом Каримовни Брюссел қабул қилганида индамай, уни АҚШ мулозимлари Афғонистондаги манфаатлари туфайли бошига кўтарганида уларга сизга қўйилган талабни қўймаганлар.

Жаноб Президент Земан, Сиз бир хусусда юз карра ҳақлисиз: чиндан ҳам ўзбек диктатори ҳеч қачон на Брюсселда, на Вашингтонда у ҳақ этган манфий муносабатни кўрмади. Ҳолбуки, Каримовнинг халқни эзиш тажрибасидан 1 фоизини ҳам эгалламаган Лукашенко, Янукович каби авторитар лидерлар бугун Оврупа ва АҚШ учун том маънодаги диктаторлардир.

Мунофиқликнинг ҳақиқийси бу эмасми, жаноб Земан?

Ўзбекистонлик мухолифларга келсак, бу жамоа энг даҳшатли шароитда – доимий изоляцияда, мунтазам тазйиқ ва қийноқ шароитида, ҳар он ва ҳар ерда – ичкарида ёки хорижда – ўлдирилиш таҳликаси остида яшамоқдалар!

Бу инсонлар Каримов режимига норозиликларини 25 йилдан бери тўхтамасдан билдириб келмоқдалар. Агар Сизга қизиқ бўлса, Оврупа Иттифоқи ва Оқ Уй архивларига бир кўз ташланг, у ерда биз ёзган “очиқ” ва “ёпиқ” хатларимизннинг катта қабристонини кўрасиз.

Табиий, Ғарбда “инсон ҳақлари ва демократик қадриятлар”ни рад қиладиган битта ҳам сиёсат арбобини тополмайсиз. Аммо иш конкрет амалга келганида, аксарият сиёсатчиларнинг сўзи амалидан йилдирим тезлигида узоқлаша бошлайди. Фақат бу лидерлар оломони ичида жуда оз шахсларга ўз сўзининг эгаси бўлиш насиб этади.

Шундай шахс Вацлав Гавел эди. Мен бу шахсни буюк бир ҳурмат ва шукрон туйғуси билан эслайман.

2001 йилда Ўзбекистон давлати талаби билан  Прага шаҳрида ҳибсга олиндим. Мени бир пайтлар Вацлав Гавел ўтирган Панкрас тюрмасининг бир ҳужрасига қамадилар. Камина “давлат тўнтаришига ташаббус қилган бир террорист” айблови билан ҳибсга олингандим ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинишим хавфи жуда катта эди.

Аммо ҳибсга олингандан 5 кун сўнгра радиодан Чехия президенти Вацлав Гавел чиқиш қилиб, “узбек мухолифатчисининг ҳибсга олиниши хато бўлди” деди.  Бу баёнотдан сўнгра 40 кунга  қамоқ ҳукми чиқарилганига қарамай, мени 14 кун сўнгра судгача Президент Гавел кафолати билан озод қилишди.

Бу воқеадан кейин Ўзбекистон раҳбари Каримов Гавелга қарши шантаж қила бошлади. “Ўзбекистон билан тузилган кўп миллион долларлик трамвай сотиб олиш лойиҳасини бекор қиламан”, деб туриб олди. Бунга жавобан Вацлав Гавел: ” Чехия ҳар қандай шароитда бир тоталитар лидерга бир диссидентни таслим қилмайди” деди.

Вацлав Гавел шундай инсон эди. Сўзи ва амали ҳар доим бир бўлган бир лидер эди. Бундай шахслар фақат ўз халқларининг эмас, балки бутун Башариятнинг номусларидир. Бизнинг номусимиздир.

Саройингизда Ўзбек диктаторини кабул этаркан, бу хусусни унутмаслигингизни жуда-жуда истардим.

Энг яхши тилаклар билан,

Муҳаммад Солиҳ – Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери

12.02.2014, Истанбул