“Рамзон Қодиров мустақил одам эмас, унга нима буюрилса шуни қилади. Уни тўлалигича Кремль бошқармоқда”, – дея таъкидлайди ҳозирда Лондонда яшовчи Чеченистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аҳмад Закаев. Бу ҳақда haqqin.az нашри хабар берди.
2007 йилда А. Закаев муҳожиротдаги чеченларнинг бир қисми томонидан Ичкерия Чечен Республикасининг Бош вазири деб эълон қилинганди.
Ҳозирга қадар кўпчилик чеченлар орасида кучли таъсирга эга бўлган собиқ лидер “оккупация қилинган Чеченистон ҳудудида содир бўлган ва содир бўлаётган бутун воқеаларга Москва айбдор”, – деб ҳисоблайди.
“Чечен халқи оккупация қилинди ва ўққа тутилди. Бу шўрлик халқ алдовлар ва зўравонликларни бошдан кечирди. Биз шаҳид бўлган чеченлар қаршисида бош эгамиз. Улар биз томонда ёки қарши тарафда бўлганликларидан қатъий назар – барибир ўзимизникидир. Биз ҳар бир чеченнинг ҳаёти учун курашамиз ва халқимизни қутқариш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Зеро бутун аҳолининг бир фоизини ҳам ташкил қилмайдиган Қодировнинг атрофидагилардан ташқари ҳамма қашшоқликда ва фавқулотда оғир шароитларда кун кечиришмоқда. Чеченистонда хавфсизлик ва барқарорлик фақатгина мустақил чечен давлати тузилгандагина таъминланиши мумкин”, – дейди у.
А. Закаев Рамзон Қодировни отасидан фарқли равишда узоқни кўролмайдиган одам деб ҳисоблайди.
“Аҳмад Қодировни мен шахсан танирдим. У Дудаев даврида Чеченистон муфтийси эди. Бу одам нефть ва бошқа бойликларнинг фақатгина чеченлар орасида тақсимлаши ва уларнинг ҳодисаларга нисбатан ўз нуқтаи назарига эга бўлишлари кераклигини яхши биларди. Шунинг учун ҳам уни йўқ қилишди. Рамзон Қодиров ўз отасининг қотиллари Москвада ўтиришганини жуда яхши билади. Афтидан у ўз тақдирининг ота-онаси тақдирига ўхшашидан қўрқиб хўжайинларига лаганбардорлик қилишга мажбур бўлмоқда”, – дейди А. Закаев.
Қайд этиш лозимки, сўнги вақтларда Рамзон Қодиров “Кремлнинг овози” вазифасини ҳам ўз зиммасига олиб Владимир Жириновскийдан бу “тож”ни тортиб олди.
ЎХҲ ахборот бўлими