Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(90-қисм)
Йигирманчи кўчат
Чинакам эркинлик сари
Ушбу йигирманчи боб бошқалари каби алоҳида, мустақил боб бўлиш билан бир қаторда, олдинги ўн тўққизтасининг ўзига хос якунловчиси ҳам деса бўлади. Якунловчи бўлгач, қўшимча равишда бу бобда китобни бошидан охиригача эринмай, синчиклаб ўқиб чиққан кишиларда туғилиши мумкин бўлган айрим саволларга қўлдан келганича ойдинлик киритишга ҳам ҳаракат қиламиз.
Демак:
Биринчи тахминий савол. Ўзбекистонда шунча камчилик бор экан, бошқалар буни кўрмаяптими? Нимага ҳеч ким индамаяпти?
Жавоб. Жон, мол, озодлик таҳликаси кўпинча дардни ичга юттиради. Жамият миқёсида улкан қўрқув салтанати бўлганидек, ҳар бир кишининг юрагида ҳам бир қўрқув салтанатчаси ҳукмрон. Чунки теварагида нималар бўлаётганини ‒ озгина ҳақни гапириб қўйганлар не балоларга йўлиқаётганини одамлар кўряпти. Соғлом фикрловчилар кўнглида ҳамиша энг камида қамалиш хавотири яшайди. Бундай вазиятда киши ихтиёрсиз равишда ўзини ва бола-чақасини ўйлаб қолади.
Шундай бўлса-да, жонидан ўтиб кетганлар индаб турибди. Ҳушёр фикрлайдиган, зийрак, қўрқмас ватандошларимиз ҳам бор. Айниқса, “мустақиллик”нинг асосий оғирчилиги елкасига тушган оддий халқ ҳар-ҳар замон уйида, кўча-кўйда бир-бирига индаб қўйяпти. Юрак ютиб отилиб чиққанлари чет радиоларда, ижтимоий тармоқ саҳифаларида фикрларини гоҳ очиқ, гоҳ ишоралар билан билдирмоқда. Чунки:
Ўттиз милёнли халқимиз ёппасига аҳмоқ бўлиши мумкин эмас!
Шунча ҳоким, шунча вазир, шунча бошлиқ ёппасига золим бўлиши мумкин эмас!
Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ходимлари, судяларимиз, пуркурорларимиз ҳаммаси ёппасига Бир Кишининг қули бўлиши мумкин эмас!
Шунча зиёли, дин одами йигирма йил ичида тушиб қолган аҳволимизга парво қилмайдиган даражада ёппасига виждонини ютган эмас!
Биламиз, ичларида қанчадан-қанча ҳалол, фидойилари бор. Ватанпарвар, адолатсеварлари қанча. Халқимиз, Ватанимиз манфаати йўлида жонини, молини, умрини аямай ишлаётган яхши кишилар талайгина. Шунақа яхшилар орасида яшаяпмиз, иқрормиз. Мамлакатда бўлиб ётган бу ёқимсиз ишларни улар ҳам кўриб турибди. Чин юракдан қайғураётганларига ҳам ишонаман.
Ораларида дардини унча-мунча очиқ айтаётганлари бор, лекин кўплари ичига яширган ва дардини очмасдан чин юракдан тўғри ишлаб келишяпти. Бундай олижаноб кишилар, фидойи бошлиқлар борлиги учун ҳам мамлакатда иш юриб турибди, анча-мунча ижобий ўзгариш қилиняпти. Давлат тамоман ўтириб қолмаган бўлса, шундай камтар ва халқпарвар одамлар ва бошлиқлар эвазигадир.
Унда бўлиб турган қинғирлигу ёлғонларга, зулму ҳақсизликларга кўниб юришлар нечун, деб гоҳо юраклар эзилади.
Лекин бу алдамчи кўринишдир. Сиртдан шундай кўринади. Аслида, кўплар бу аҳволга рози эмас, кўнаётгани йўқ. Фақат, фикрини очиқ айтолмаяпти, холос. Балки тадбирини олиб, яхши ишлар ҳам қилиб юрибди.
Зулмдан қутулишга яширин бир ҳаракат сезилади юрт ичида ҳам. Бошқача бўлиши мумкин эмас.
Мамлакатнинг, ватаннинг, давлатнинг, халқнинг тақдири ўз ҳолига ташлаб қўйилмас.
Синов учун, сабоқ учун, кўр кўзлар очилиши учун зулмни айлантириб қўйган Зот уни кетказувчи қобилиятни ҳам яратиб қўйган, зулмдан қутулиш чорасини ҳам мутлақо билдиражак.
Ва виждонли, ҳалол, чинакам ватанпарвар кишилар қўли билан бир куни бу зулмни бошимиздан кўтаражак.
Сабоқни керагича олсак, синовдан эсон-омон ўтсак, бир куни қўлларимизни илкис дуога очамиз, иншаоллоҳ.
Иккинчи тахминий савол. Ахир, Ўзбекистонда президентни чин юракдан севадиганлар ҳам бор-ку? Яхши кўрганидан ҳам сиёсатини қўлласа, ҳаққи йўқми?
Жавоб. Кимнидир яхши кўриш ё ёмон кўриш ҳар кимнинг ҳаққи. Дид масаласида баҳс ортиқча ва беҳуда иш. Марҳамат, севсин. Марҳамат, қўлласин.
Аммо ўртада Ватан, Миллат, Халқ, Дин, Давлат тақдири турганида шахсий муносабатлар орқага чекинади. Сиёсат ҳам, оқибати ҳам умумга тегишли масала бўлгани учун умум манфаати олдга чиқади. Ватан, халқ, миллат, дин, давлат манфаати ҳар қандай шахсий муносабатлардан устундир.
“Ўзбекистон президентини чин юракдан севадиган” ўша шайдолар ҳам агар ватан, халқ, миллат, дин, давлат манфаатини устун кўрса, йигирма йилдан бери мамлакатда юритилаётган ички ва ташқи сиёсатда катта ўпирилишлар борлигини кўрарди, эртадан кечгача президентга муҳаббат изҳори билан машғул бўлмай, кўпроқ ватан, халқ, миллат, дин, давлат тақдирини ўйлаган, шунга қайғурган бўларди.
Шахслар кечади, Ватан қолади.
Президентлар вақтинчалик, миллат қиёматгача яшайди.
Қолаверса, президент ҳам шу Ватан, шу халқ, шу миллат, шу давлат борлиги учун президентдир, шуларнинг хизматкоридир. Яхши хизмат қилган бўлса, бу дунёда халқидан олқишлар, у дунёда Яратгандан туганмас савоблар олади. Ёмон хизмат қилган бўлса, бу дунё маҳкамасида халқидан эшитадиган лаънату маломатлардан ташқари, у дунёнинг Буюк Маҳкамасида ҳам ўзи лойиқ бўлган жазоларни олади!
Учинчи тахминий савол. Балки Оллоҳ ярлақаган киши бўлганидан Ислом Каримов неча йиллардан бери мамлакатни бошқариб келаётгандир? Бунинг устига, ўрнини боса оладиган биронта бутун сиёсатчи ҳам кўринмаяпти…
Жавоб. Биринчидан, узун замондан бери президентлик қилиб келаётгани уни Оллоҳ суйганини ё ярлақаётганини билдирмайди. Аксинча, узун замон балки синов учун берилгандир, гуноҳида янаям тубанлашсин, деган ҳикмат ила арқон узун ташлаб қўйилгандир.
Иккинчидан, бу лавозимга у илк дамларда қандай эришгани ва йигирма йилдан буён қай йўллар билан муддатини узайтириб келаётганига қараш керак.
Саволни бундай қўйсак тўғрироқ бўлади: президентлигининг чўзилиб кетгани ҳалолми, ҳалол эмасми?
Ҳамма гап шунда.
Бу боқимдан қаралса, номзод кўрсатишдаги ясамаликларнию сайлов қоғозларини қалбаки тўлдиришларни бир чеккага қўйиб турганимизда ҳам, лавозимда қолиш учун Асосий Қонунни бир неча марта ўзгартирганининг ўзиёқ унинг президентлигини аллақачон ҳалолликдан чиқарган.
Бир оғиз тўғри сўзини деб кимлардир “конститутсион тузумга қарши” деган қўрқинчли айблов оляпти, неча йилларга қамалиб кетяпти, бироқ амалимда қолай деб Конститутсияни неча марта бузган шахсга нимагадир бунақа айблов қўйилмади!
Айблаш тугул, президентнинг конститутсион тузумга очиқ тажовузини қонун ишлаб чиқувчилар ҳам, қонун қўриқчилари ҳам кўрмаганга олди. Бу тажовузни ҳамма бир овоздан маъқуллади, ҳалол ҳисоблади!..
Энди иккинчи масалага – мамлакатни бошқаришга лаёқатли сиёсатчи борми-йўқми масаласига келсак, ўрнини боса оладиган муносиб бир кадр топилмаса, демак, президент яхши ишламабди. У фақат ўзини ўйлабди. Ўрнига муносиб кадр тарбиялаш ўрнига, муносибларни бирма-бир йўқотиш билан шуғулланибди. Ўттиз милёнли халқ ичидан президентликка лойиқ битта одамнинг топилмаслиги президент шаънига энг ёмон кўрсаткич саналади.
Лекин хавотирга ўрин йўқ: президентлик ўрни ҳеч қачон бўш қолмайди, албатта муносиб бир киши топилади ва, иншаоллоҳ, ҳозиргидан ёмон бўлмайди!