O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Чирик давлатнинг чиркин иши

Чирик давлатнинг чиркин иши
201 views
14 May 2016 - 6:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(7-қисм)

Мустақилликка энг кўп ҳақли бўлгани ҳолда “мустақиллик”нинг энг кўп жабрини мамлакат мусулмонлари чекди ва чекяпти.

Йигирма йиллик қисқа тарихимизни бир-бир эслаб кўрсак, бунга ишонч ҳосил қиламиз. Давлатнинг тўрт суянчиғи – Миллий хавфсизлик, Ички ишлар, суд-пуркуратура ва оммавий ахборот воситалари бутун кучини, бор ғайратини кўпроқ диний “жиноят”ларга қарши йўналтирди. “Экстремизмга, терроризмга, оқимларга қарши курашяпмиз” деган алдов билан ниқобланиб давлат аслида ўлкамизда Ислом дини ривожига турли йўллар билан тўсиқлар қўйиб, динимизнинг ўзак-илдизларига болта уриб келмоқда.

Буни бир оз киноя усулида тепада баён қилдик. Аммо сўзимиз бошида холисликни, воқеаларга ўртада туриб баҳо беришни даъво қилган эдик. Шунга кўра икки оғиз қўшимча мулоҳаза ҳам бор.

Биринчидан, қоқ ўртада туриб таҳлил қилганда ҳам бир томоннинг айби тарози палласини босиб кетиши мумкин ва буни назардан қочирмаслик керак.

Иккинчидан, Ўзбекистонда диний соҳада вужудга келган бу аянчли ҳолатга ҳамда диний сиёсат тўғри юритилмаётганига биринчи галда давлатнинг диний билимсизлиги ёки очиқдан-очиқ динга қарши мавқе эгаллагани сабаб бўлса, Учинчидан, диндорлар ўзим ҳам, айниқса, диний олим ва уламолар ҳам қандайдир маънода сабабчидир. Чунки улар давлатга ва халққа диннинг асл ҳақиқатларини етарли даражада, тўғри шаклда етказа олмаяпти. Ҳатто етказишга ҳаракат қилмаяпти.

Тўртинчидан, мамлакат мусулмонлари бошига ёғилаётган бу балоларнинг бирдан-бир ижрочиси ҳозирги иқтидор (ҳукумат) бўлиб кўринаётгани билан бирдан-бир ташаббускори буларнинг ўзи эмас, албатта.

Дунёнинг катта сиёсий ўйинларидан озми-кўпми хабари бор киши Ўзбекистонда юз бераётган воқеаларга ҳам кенгроқ ва тепароқдан қарашга ҳаракат қилади. Қанча тепадан ва қанча кенг боқсак, дунё ишларини шунча катта чегарада қамраб оламиз. Шунда Исломга қарши кураш битта бизнинг мамлакатда бўлмаётганини, бугун дунё бўйлаб қақшатқич кураш имон билан куфр ўртасида бораётганини… имон кўзи билан кўрамиз. Ҳамда куфр олами маънавиятда тобора тубанликка қараб кетаётгани билан моддий томондан ниҳоятда кучли эканини, имон олами эса маънавиятда кучли бўлгани билан моддий томондан жуда кучсиз қолаётганини, куфр томонини қудратли ва маккор кучлар бошқараётганини ва содда, гўл, сиёсатдан узоқлатилган, сиёсий найрангларга қарши туриш қобилияти (иммунитети)ни йўқотган мусулмон олами уларнинг ҳарёқлама калтаклари остида эзилаётганини, куфр оламининг таг мақсади нима эканини… мўминлик фаросати билан илғаймиз.

Яъни, макрга асосланган мафкура ва кўпюзламаликка асосланган ҳуқуқ доирасида иш юритувчи катта сиёсий кучлар бизнинг ғўр бошлиқларимизни кўз очиргани ва мустақил сиёсат юргизгани қўймаётганини ҳам эсда тутайлик, демоқчимиз.

Тахминимизча, агар ҳозирда ҳокимият тепасида бугунги киши эмас, бошқа одам, ҳатто ўзини халқ манфаати учунгина курашувчи ҳисоблайдиган олижаноб бири ўтирган бўлганида ҳам у кучли ва номард давлатларнинг тазйиқи остида кўнглидагидек мустақил сиёсат юргиза олмаган бўлар эди. Тарихда кечган ва
ҳозир ҳаётда кечаётган ҳодисалар шу хулосага олиб келади.

Аммо тушкунликка ўрин йўқ. Вазият шундай бўлгач, тадбир ҳам унга кўра олинади, албатта. Ўзбекистонда ҳам ички ва ташқи шароит синчиклаб ўрганилиб, сўнгра оқилона сиёсат танланиши керак эди. Бугун бизнинг шароитда давлатнинг асосий айби ‒ диний ва миллий масалаларга хато муносабат танлагани учун диний-миллий вазиятга тўғри баҳо бера олмади ‒ тадбирни хато белгилади, динга душман бўлиб қолди.

Иккинчи ёқдан қаралса, айрим ҳолларда мўмин-мусулмонларнинг ўзлари ҳам давлатни кескин чоралар кўришга мажбур қилиб қўяётганини тан олишимиз керак. Айниқса динда ғўрлик илк паллалар кўп тушунмовчиликларни келтириб чиқарди. Ғайрат илмга ва тажрибага суянмаса яхшилик келтирмас экан. Кўрдик, диндан озгина нарсани ўрганибоқ ҳатто ота-онасини инкор этишгача бориб етганлар бўлди. Билиб-билмай босган қадамлари натижасида жамиятда безовталиклар, ғулғулалар юзага келди. Аслида, дин фақат яхши нарсага буюради, ота-она ҳатто кофир бўлганида ҳам бола уларга ҳурмат кўрсатиши, хизматларини қилиши лозимлигини уқтиради. Буни ҳалиги ғўр “тақволи” вақтида англаб етмади. Энг ёмони – ҳурматсизликни кўплар “динни қаттиқ ушлаш” деб баҳолади.

“Динни қаттиқ ушлаш” ҳар бир мўминнинг орзусидир. Аммо бу ҳам икки хил ҳолатда икки хил натижа беради: динни билиб қаттиқ ушласа чинакам тақвога эришилади, билмасдан қаттиқ ушласа жаҳолатга кетади! Инсоф билан айтганда, динни билмасдан “қаттиқ ушлаганлар”нинг зарари динга қарши курашаётганларнинг зараридан кам эмас.

Хуллас, бугунги бошлиқларимизда, биринчидан, халқимизнинг ҳолатига яраша тоқат етишмади; иккинчидан, ўзида зўравон дунёнинг сиёсий найрангларига қарши тура оладиган миллий, диний, сиёсий қобилият (иммунитет) ҳосил қила олмади.

Майдонга сиёсатчиликни даъво қилиб чиқдими, халқнинг, миллатнинг, Ватаннинг, давлатнинг юкини ихтиёрий (ўзи интилиб) ёки ихтиёрсиз елкасига олдими, шахсий ва оилавий манфаатини бир чеккага йиғиштириб қўйиб шу халқ, шу миллат, шу Ватан, шу давлат манфаатларига уйғун йўл ишлаб чиқиши, шунга
кўра сиёсий ўйинларда иштирок этиши лозим эди!

Сиёсатчи халқ хоҳиш-иродасига суянган ҳолда (бунинг учун сўз айтиш эркинлиги зарур!) ҳатто халқаро тазйиқ остида ҳам фаросат билан мамлакатга ва халққа фойда чиқарса бўлади. Лекин бунга бошлиқларимизда сиёсий ирода ва малака етмади.

Энг ачинарлиси, миллат бирлашиб бундай сиёсий ирода ва малака ҳосил қилишига ҳам йўл қўймади. Халқ орасидан замонга ва ҳолатга лойиқ етакчилар етишиб чиқишига тўсқинлик қилди. Сиёсатда тузум йўл қўйган кўплаб кечирилмас хатолардан энг каттаси шу деб ўйлайман. Натижада давлат тепасидагилар жамиятни бирлаштирувчи “дўст бўлиш” усулини эмас, парчалаб ташловчи “душман бўлиш” усулини танлади. Чунки биринчиси оғир, машаққатли йўл, иккинчиси енгил ва осондир. Айниқса, халқнинг асосий бўлаги эътиқод қиладиган динга жоҳилларча ва душманларча муносабат Ўзбекистон сиёсатининг энг кир ва энг қора томони
эканини бугун кўр ҳам кўриб турибди. Бу ҳол мамлакат манфаатига ҳам, халқ манфаатига ҳам терсдир.

Давлатнинг динга муносабати ҳақида яна узоқ гапирса бўлади. Йигирма йилдан бери динимиз бошига тушган кўргиликлар бу мулоҳазаларимизни жонли мисоллар ила тўлдириб, қувватлаб турибди, албатта.

Учинчи кўчат
16 феврал
ёхуд
Чирик давлатнинг чиркин иши

Воқеа юз берган куниёқ сезилди, шу кунгача давом этиб келаётган оқава машмашаларидан ҳам кўриниб турибди ва, Оллоҳ хоҳласа, келажакда аниқ исботини топажак ҳақиқат битта: 16 феврал воқеаларида давлатнинг, давлат одамларининг, ҳатто президентнинг қўли бор! Узоқни кўзлаган қинғир ва чиркин мақсадда давлат (ёки жуда озчиликдан иборат бир гуруҳи) уни атай уюштирган ёки уюштиришда тўғридан-тўғри иштирок этган!

Узоқни кўзлаган у қинғир ва чиркин мақсад нима эди, қанақа натижаларни берди ва бу ишларга давлат алоқали деган даъвоимизнинг далили борми – ушбу бобимиз шулар ҳақида.

Энг олдин аниқлаб олишимиз керак бўлган масала: 16 феврал воқеалари нимага ва кимларга керак бўлиб қолди?

Бу саволга батафсил жавоб сал кейинроқ чиқади, лекин ундан олдин орада давлат нима қилиб юрибди деган масалани ўрганайлик. Шуни билиб-тушуниб олсак, ўшанда 16 феврал бизга ўзининг чин юзини очади.

Бугунги иқтидор (Ислом Каримов бошлиқ давлат) назарида, унинг ҳокимиятига халал берадиган иккита катта куч бор эди: бири дин бўлса, иккинчиси демократик мухолифатдир. Ошкоралик ва кўпфикрлилик шароитида ишлаб ўрганмаган, суяги мафкуравий яккаҳокимлик тизимида қотган президент мамлакат равнақи йўлида мухолифат билан албатта тинч ҳамкорлик қила олмас эди. Шунинг учун у жамиятнинг турфа ранг кучлари билан тил топишишдек эркак йўлини эмас, келгусида номини булғайдиган эркакмаснинг йўлини танлади: турли фитнаю иғволар уюштириб, аста-секин, босқичма-босқич сиёсий майдонни шахсий рақибларидан тозалашга киришди.

Демократик мухолифат ташқаридан қўллаб-қувватлаб турилгани билан ичкарида кучсиз эди, уни эпласа бўлади, аммо тобора куч тўплаб, халқнинг катта бўлаги юрагини эгаллаб бораётган динни синдириш осон эмас. Чунки халқ бошқа ҳеч кимга қулоқ солмаса ҳам, Ислом динига қулоқ тута бошлаган, шариат буйруқлари ва қайтариқларига сўзсиз ва юрак амри билан бўйин сунаётган эди.

Давлат бу ҳолни энг катта хавф деб топди ва динни кучсизлантириш, тизгинлаб олишни ўзига бирламчи вазифа этиб белгилади. Кучсизлантириш ва тизгинлаб олишнинг кўп бор синовдан ўтган самарали усулларидан бири эса динни ё мухолифатни ёмонотлиқ қилиш, авом халқ кўзига уни олабўжи этиб кўрсатишдир.

Бу иш қандай қилинади?

Янги йўл ахтариб ўтиришга ҳожат йўқ, дин душмани ўлароқ танилган эски давлатларда анчадан бери қўллаб келинаётган усуллар етарли. Буни жайдари тилда ифодаласак, халқининг нафратини қўзитадиган, дунёни ҳам ҳуркитиб юборадиган бирон “иш”ни ўзи қилади, аммо рақибига тўнкайди!

Ёлғонми? Ҳа, ёлғон! Туҳматми? Ҳа, туҳмат! Виждонсизликми? Ҳа, виждонсизлик! Нима қипти? Зотан, сиёсатда виждоннинг сариқ чақалик қиймати йўқ! “Давлат манфаати” учун ҳамма восита ҳалол! 16 феврал воқеаларига ҳам фаросат кўзи ила боқилса, орқа томонларида давлат қолдирган қора изларни қийғос кўрса бўлади…

Ўрни келиб қолди, кичик бир хотира.

Шум портлашлар юз берган кунлари мен уч ойлик “Мусулмонлар тақвим китоби”нинг муҳаррири ўлароқ, Сўзбошисига нимани ёзсам экан деб мавзу ахтариб юрган эдим. Воқеаларни телевизорда кўрдим, ҳолатларни ва тушунтиришларни бир неча кун ўзимча таҳлил этдим ва… бу ишда бир ишкал бор-ов, деган хулосага келдим. Ўша кунлардаги кайфиятим кичкинагина “Сўзбоши”га айланди:

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com