O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Чирчиқда буйраги кесиб олинган ўспирин жасади топилди

Чирчиқда буйраги кесиб олинган ўспирин жасади топилди
126 views
08 May 2013 - 15:14

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 4 май куни содир бўлган даҳшатли фожиа маҳаллий аҳолини ларза солиб қўйди. Шу куни эрта тонгда Учинчи микрайондаги №20 мактаб ёнида бўйраклари кесиб олинган 12-13 ёшли ўспиринларнинг жасади топилди. Бир кун илгари уларни ўша мактабдан ўғирлаб кетишгани тўғрисида гаплар бўлганди.

Кўринишидан, жиноятчилар ўспиринларни бошқа жойда ўлдиришган ва жасадларни тунда, тахмин қилинишича, олдин ўғирлаб кетилган ерга олиб келиб ташлаганлар. Уларни ўша машъум тунда навбатчилик қилган мактаб қоровули топди.

“Жиноятчилар шу чоққача топилмаган, шаҳарда ОМОН ҳамма нарсани остин-устун қилиб ташлади: одамларни ушлаб “разборка” қилгани милицияга олиб кетишаяпти, бармоқ изларини олишаяпти, – дейди шу ерлик одамлардан бири “Фарғона” билан суҳбатда. – Бир аёл Тошкентдан шу ерда келган экан квартира сотиб олмоқчи бўлиб, ҳуқуқ-тартибот органларининг қўлига тушиб қолибди. Энди бўлса, бу криминал шаҳарга қайта келмайман, деб қасам ичаяпти”.

Суҳбатдошимизга кўра, сўнгги йилларда жиноятчилик авж олиб кетгани боис маҳаллий аҳоли ўз шаҳарларини ЧирЧикаго деб атай бошлаган. Шаҳарда апрель охирида Биринчи микраёнда икки нафар қари пенсионер кампирлар ўлдириб кетилгани ортидан бошланган хавотирликлар хали тинчимаганди.

“Нима қилсанглар ҳам қотилларни уч кун ичида топасизлар!” Шундай буйруқ остида ишлаётган Чирчиқ шаҳар ИИБ қўлидан келган ишларни қилаяпти: қонун низомларига риоя қилмай қаторасига ҳаммани ушлаб қамаяпти. Маҳаллий аҳолига кўра, профессионал маҳоратдан мосуво ўзбек терговчилари, одатдагидек, гумонланувчиларга нисбатан қийноқлар қўллашига шубҳа йўқ.

Маҳаллий аҳоли уч йил олдин валютафуруш аёлнинг икки боласи билан ўлдириб кетилгани ортидан юзага келган вазиятни ҳозиргача даҳшат билан эслайдилар. Ўшанда ниқоб таққан омончилар шаҳардаги ёш йигитларнинг деярли ярмини қўлга олганди. Улардан 47 таси деярли ўша заҳотиёқ содир этилган жиноятга иқрор бўлдилар! Гумонланувчиларнинг иккитаси кейинроқ ўз жонига қасд қилиб ҳаётига нуқта қўйишди, биттаси эса ақлдан озди. “Қаторасига бир неча бор каналда чўктириб, қайта жонлантирилган 23 ёшли йигит жинни бўлиб қолди”, – дейди ўша кунларнинг шоҳиди бўлган чирчиқлик йигит. Ҳақиқий жиноятчилар эса бир неча ой ўтиб қўшни Қозоғистонда топилганди…

fergananews.com