O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Чиқиш визасисиз хорижга чиққан ўзбекистонлик 5 йилга қамалади

Чиқиш визасисиз хорижга чиққан ўзбекистонлик 5 йилга қамалади
171 views
18 December 2014 - 8:44

17EB7DDA-4900-4B72-8C94-219424F867B7_cx0_cy5_cw0_mw1024_s_n_r1

Чиқиш визаси бўлмаган ҳолда ёки муддати ўтган стикер билан хорижга саёҳат қилганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик жиноий жазога ўзгартирилди. Масалан, эндиликда стикерсиз Россиядан Туркияга саёҳат қилган ўзбекистонлик ватанга қайтгач, 3 йилдан 5 йилгача қамалаши мумкин.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, “паспортида чиқиш визаси бўлмаган ҳолда ёки муддати ўтган чиқиш визаси билан хорижга чиққан ўзбекистонлик жиноий жавобгарликка тортилади”.

Шу пайтгача Ўзбекистон фуқаросининг паспортида чиқиш визаси бўлмаган ҳолда ёки муддати ўтган чиқиш визаси билан хорижга чиқиши маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланар эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг масъул мутахассисига кўра, чиқиш визаси бўлмаган ёки муддати ўтган чиқиш визаси билан юрган ўзбекистонлик Жиноят кодексининг 223-моддасига кўра, жиноий жавобгарликка тортилади:

“Бу модда олдиндан бор кодексимизда. Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш деб номланган ушбу модда эндиликда стикерсиз хорижга чиқиш ҳолатларига ҳам қўлланилади. Фуқаро хорижда юрган пайтда унинг паспортидаги чет элга бориш учун рухсат ёзуви ёпиштириладиган стикери (чиқиш визаси)нинг муддати ўтиб кетса ва бу пайтда фуқаро бошқа бир хориж давлатига саёҳат қилса, у жиноий жавобгарликка тортилади. Дейлик, фуқаро Ўзбекистондан чиқиш визаси билан Туркияга борса, у ерда юрганида чиқиш визасининг муддати ўтиб кетса ва Европага саёҳат қилса, у 223- моддада кўзда тутилган жиноятни содир этган бўлади. Фуқарога жазо белгилашда, унинг неча бор муддати ўтган стикер билан саёҳат қилгани инобатга олиниб, қамоқ муддати шундан келиб чиқади”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз масъул мутахасис.

Суҳбатдош чиқиш визасисиз саёҳат қилганлик учун белгиланган маъмурий ҳуқуқбузарлик қачондан бошлаб жиноий жазога алмаштирилганига ойдинлик киритмади.

Озодлик бошқа мутасадди ташкилотлардан ҳам ушбу саволга жавоб топа олмади.

Жиноят кодексининг 223-моддасида белгиланган жиноятни содир этганлик учун уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Масъул мутахассисга кўра, чиқиш визасисиз саёҳат қилиш учун жазо ҳар бир фуқарога индивидуал тарзда белгиланади:

“Фуқаронинг кўрсатмалари инобатга олиниб, унга фақат жарима ҳам белгиланиши мумкин. 223–моддадан келиб чиқсак, жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз баробаридан тўрт юз баробаригача бўлиши мумкин”, деди мутахасис.

Жорий йил 15 декабридан бошлаб, Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи ойига 118 400 сўм қилиб белгиланган бўлиб, унинг 400 баробари 47 миллион 360 минг сўмни ташкил қилади.

Ўзбекистон ИИВ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг исмини ошкор қилмаётганимиз масъул мутахассисига кўра, чиқиш визасисиз саёҳат қилганлик учун жарима ва қамоқ жазосидан ташқари фуқаронинг хорижга чиқишига тақиқ ҳам қўйилиши мумкин:

“Бу ҳам индивидуал тарзда белгиланади. Уч йилдан беш йилгача хорижга чиқиш учун тақиқ қўйилиши мумкин”, деди масъул мутахассис.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистон фуқаролари чиқиш визасисиз Озарбайжон, Арманистон, Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон (60 кунгача), Молдова, Россия, Украина ва Грузияга саёҳат қилишлари мумкин. Лекин ушбу тўққизта мамлакатга борган ўзбекистонликнинг паспортида стикери бўлмаган ҳолда чиқиш визаси талаб қилинадиган хориж давлатига чиқиши мумкин эмас.

Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон фуқароси ушбу тўққизта давлатда бўлган пайти муддати ўтган чиқиш визаси билан хорижга саёҳат қилса, у жиноий жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон фуқароси хориждалиги пайтида чиқиш визасининг муддати ўтиб кетса ва учинчи давлатга чиқмаса қонунда ҳеч қандай жазо кўзда тутилмаган.

“Чиқиш виза олиб, бирор давлатга борган фуқаро, фақат ўша давлатнинг ўзида юрса ва бу пайтда унинг чиқиш визасининг муддати ўтиб кетса, бу ерда ҳеч қандай жиноят йўқ. Дейлик, фуқаро чиқиш виза олгач, Кипрга саёҳат қилди. Ўша ерда юрган пайтда чиқиш визасининг муддати ўтиб кетди. Бундай ҳолатда фуқаро Ўзбекистонга бемалол қайтиш ҳуқуқига эга. У Ўзбекистонга кираётган пайтда унинг чиқиш визасининг муддати ўтгани учун ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бу нормал ҳолат. Қонунда бунга қарши ҳеч қандай жазо кўзда тутилмаган”, деди Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари чет элга фақат биометрик паспорт билан чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтидаги маълумотга кўра, жорий йил 1 июлигача нобиометрик паспорт билан хорижга чиққан фуқаронинг эски паспорти 2015 йилнинг 31 декабригача ҳақиқий ҳисобланади.