Дунёнинг деярли барча давлатларида “чиқиш визаси” ва ё ўзбекистонликлар орасида “ОВИР” номи билан машҳур чеклов йўқ.
Собиқ Шўро давлатлари орасида ҳам деярли барча мамлакатлар бу чекловни бекор қилишган.
Би-би-си Ўзбек хизмати ўз муштарийларига “Ўзбекистон ҳукумати “чиқиш визаси”дан нима учун воз кечмайди?” деган саволни берганди.
“Чиқиш визаси керакми” дея ташлаган саволимизга Firdavs Mustafoev қисқа қилиб “Йўқ, керак эмас, битта овир олиш учун камида 100 минг ҳаражат қилиш керак” дея жавоб ёзган.
Gayrat Yuldoshга кўра ҳам: “Менимча керак эмас. Аммо киноя билан ёзаман “Бизни ҳеч кимникига ўхшамаган ўз йўлимиз ва ахмоқона бўлса-да ҳеч кимникига ўхшамаган қонун қоидаларимиз бор”.
David Rogers нинг фикрича, чиқиш визаси “кераксиз нарса. Ортиқча ҳаражат ва бошоғриқ. Бу коррупциянинг ҳужжатлаштирилган кўриниши”.
Унга кўра, бу каби ҳолатлар Ўзбекистонда кўп ва бунга амин бўлиш учун норматив ҳужжатлар рўйхатига боқишнинг ўзи кифоя.
“Маҳалладан справка ҳар жойда сўрашади. Паспорт бор-ку, унда адрес ҳам кўрсатилган. Нимага керак маҳалладан справка?” – дея илова қилган у.
Шу нарса назарга моликки, фойдаланувчилар Ўзбекистонда чиқиш визаси тартиби сақланиб қолганлиги сабабларини келтиришда анчайин “ижодий” ёндошганлар.
Масалан, Maks Mahmudovга кўра, “Агар шундай қилмаса (яъни чиқиш визаси бекор қилинса – таҳр) Ўзбекистондан ҳамма қочиб кетади”.
Bahodir Ne’mat ҳам шу фикрга қўшилгандек, “Албатта ОВИР визаси керак, агар у бўлмаса Ўзбекистонда порахўр раҳбарлардан бошқа ҳеч ким қолмайди”.
Farhod Khalilovнинг “ғоя”сига кўра эса, “Ўзлари берган биопаспортга ишонмаслик бу”.
Mukhammadjon Yunusovнинг тахмини эса ўта “ноодатий”. Унга кўра, чиқиш визаси тартиби “Шимолий Кореяга ўхшаш учун керак”.
Қахрамон Матякубов ўзгача “сабаб”ни илгари сурган. “Бу халқни қаттиқ назорат қилиш учун қилинган. Пул тўловлари эса қўшимча даромад давлатга ва халқни қайси йўл билан бўлса-да ОВИРга келмасликлари учун бездириш”, – деб ёзган у.
Рустам Карим чиқиш визаси сабабини тахмин қилишда ҳатто Ҳолливуд филми билан қиёс келтирган.
“Бу ОВИР ва керакмас қонунлар, фуқаронинг озод бўлмаслиги. Қулни контрол қилиб туришдек гап! “12 ЙИЛ ҚУЛЛИКДА” деган кинони кўрганмисизлар? Қулни бўйнига тамға осиб қўйилган. Худди ОВИРнинг рухсати сингари, уйига келиб, бўйнидаги тамғани, қулдорига топширади! Диктатура тузумида шундай керак эмас қонунлар билан халқни озодликдан маҳрум қилинади”, – деган хулосага келган.
Лекин чиқиш визаси тартибини ёқлаб фикр қолдирганлар ҳам бор.
Yulduz Burhonovaга кўра: “Чиқиш визаси керак. Ахир уйдан кетаётганда қаерга кетаётганимизни биздан хавотир олишмасин деб, яқинлармизга айтиб кетамиз-ку”, – дея фикр билдирган.
Doniyor Pulatov Ўзбекистондаги чиқиш визаси тартибини африкалик бир дўстига тушунтирмоқчи бўлибди.
Дўстининг муносабати қисқа лекин пўрмаъно: “Телба мамлакат экан”.
Komil Ahmedov бу борада қолдирилган фикрлар орасида уни ёқловчи “пост”лар камлигига эътибор қаратган.
“Ҳайронман шунча комент ёзилибди, “ҳайрият тинчмизу” дейдиганлар йўқ. Троллар дам олишяптими бугун”, дея ҳазиллашган у.
“Отинг ўчсин…ОВИР! ”
Яқинда чиқиш визасини олиш жараёнини бошдан кечирганлардан бирининг Би-би-сига йўллаган мактубида ёзишича, “ҳар сафар ОВИР олиш вақти яқинлашавергач юрагим безиллайдиган бўлиб қолган.
“Хорижга оилавий чиқишимиз сабаб чиқиш визасини турмуш ўртоғимдан тортиб болаларимгача тўғрилашимга тўғри келади.
Талабларнинг ичида нотариус орқали қилинадиган ишлар бор эди.
Турмуш ўртоғимни эсон- омон олиб чиқиб келишга кафолат хати. Болаларимнинг аёлим билан бирга соғ-саломат чиқиб келиши учун мен томонидан розилик ва онаси томонидан ёзилган кафолат хати.
Бу кетишда ўзимнинг ҳам четга соғ- омон бориб келишим ҳақида кафолат хати ёзилса керак. Буларнинг ҳаммаси нотариус орқали тасдиқланиши керак эди.
Хусусий нотариусларнинг тагига сув қуйилгач, давлатга қарашли нотариуслар шаҳарда етарли эмаслиги ишимизни мушкул қилди.
Кун бўйи бола-чақа билан ҳоли нотариус излашга сарфладик.
Иш вақти тугаётганда оч наҳор ҳолда бир нотариус топдик, навбатлар билан икки соатимиз ўша ерда ўтди.
Қўлимизда болаларнинг ҳам биопаспорти бўла туриб нима учун маҳалладан расмга муҳр босилган справка талаб қилишаётганига тушуна олмайман.
Турмуш ўртоғимнинг экстремистик ташкилотларга аъзо эмаслиги ва ўзини ювош тутиши тўғрисида раиснинг муҳри босилган тавсифнома.
Ишламаслигим тўғрисида оқсоқолнинг гувоҳлиги.
Хат саводи йўқ маҳалла раисини аввалига жойида топиб олиш керак. Топилган тақдирда ҳам унинг муҳри ҳам чўнтагидан текинга чиққиси келмайди.
“Нима учун 1,5 ойдан бери ОВИРим чиққан йўқ. Мен бу ерга 80 чақирим масофа босиб келяпман. Чиқмаса паспортимни қайтариб беринглар. Паспортимни ушлаб ўтиришга ҳақларинг йўқ. Керак эмас визаларинг”, – дейди навбат кутиб 2 соатда туйнукка аранг етиб олган ҳижобли аёл.
У томондан паспортни қайтариб бериш тўғрисида ҳаракат бўлмайди. “Чоршанба куни келинг”, – дейди формалиларга ёрдам бериб юрган фуқаро кийимидаги шахс.
Аёлнинг айтишича, 3 ҳафтадан бери уни шундай сарсон қилишади. Нима учун чиқиш виза берилмаётганини сабабини ҳам айтишмайди, паспортини ҳам қайтиб беришмайди.
Одамларда бир кун келиб шу ОВИР деган нарса бизларда ҳам йўқ бўлармикин, деб орзу қилишади. Аммо ОВИР деганлари йўқ бўлишнинг ўрнига унга етишишдаги талаблар йилдан йилга ортиб бормоқда.
Мисол учун, энди бланка тўлдираётганингизда хорижда шунча вақт нима иш қилганигизни аниқ кўрсатишингиз керак. Агар аёл киши чиқиш визасига турмуш ўртоғисиз якка ўзи топширадиган бўлса, тиббий справка олиб келишингиз ва мажбурий равишда суҳбатдан ўтишингизга тўғри келади.
Чиқиш визаси учун ариза берган оиламизга таниш бўлган бир аёлдан справка олиб келишда тиббиёт ходими томонидан сўралган саволларни эшитиб ёқамизни ушладик.
Ўрта ёшли аёлдан тиббиёт ходими биринчи ва охирги маротаба қачон хайз кўргани, хомиласини аборт қилдиргани ва хомиладан сақланиш учун спирал қўйдириб қўйдирмагани борасида сўраган.
Одамни таҳқирлашнинг янги услуби. Бу каби саволларнинг чет элга чиқиш визаси бериш бермасликка нима алоқаси бор?
Расмийлар чиқиш визаси четдаги фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадида жорий қилинганини кўп таъкидлашади.
Лекин қуюшқонда турмайдиган саволлар ва талабларнинг фуқарони ҳимоя қилишда қандай аҳамияти бор?
Суҳбатларда намозхонга ўхшашингизни билиб қолишса, саволлар оқими ҳам мана шу йўналишда бўлади.
Саволларни эшитиб, мен ҳам диний экстремист эмасманмикан, деган шубҳа пайдо бўла бошлайди.
Ёши ўтиб қолган танишларимизни ОВИРдагилар суҳбат қилаётганда уларнинг намоз ўқиб-ўқимаслиги тўғрисида сўрашган.
Бунақа суҳбатдан кейин валидол ичиб олишга тўғри келади.
Манба: bbc.co.uk/uzbek