Яшагинг келади ҳалол, мардона
Имон гулханида юракни ёқиб.
Неча йилдир билмам, юрагим йиғлар,
Мотам либос кийган Ватанга боқиб.
Сен шоир бўлдингми? Ёлғон дунёга
Сулувни севгандек маҳлиё бўлдинг.
Сўқирдек алданиб ёлғон, рўёга
Неча йил шодлигу бахтга кўмилдинг.
Шеърлар битдинг тоза ҳурликдан сўйлаб
«Истиқлол офтоби порлади»- дея.
«Ободу озод» Эл бахтини куйлаб,
Маддоҳлик ҳам қилдинг баъзан ножўя.
Нечун сезмай қолдинг Ватанни хўрлаб
Зўрлаётган «зўрлар» чиқди қайданам?
Миллатни севмаган бу қалби кўрлар
Озод овозларни буғди қайтадан.
Ҳуррият, озодлик деган пок сўзлар
Бирма-бир айланди сохта шиорга.
Шундан руҳинг эзғин, юрагинг бўзлар
Шундан ачинасан она диёрга.
Бас, етар, пайтимас йиғлоқиликнинг
Эл учун чоғлангин буюк курашга!
Эрта Эл кўзига қандай қарайсан,
Бугун ярамасанг ҳолин сўрашга?!
Халққа айтадиган ҳар битта сўзинг
Юрагинг қўрида топсин обу тоб.
Сени «шоир» дея атаган элнинг
Юрак дардларига малҳам, шифо топ!
Майли, ёлғон дунё сендан олсин ўч,
Жонингга ачинма-жон сабил қолсин!
Майли, жангда енгил ёким зафар қуч,
Келажак овозлар сендан куч олсин!
Аҳд
Сокинлик истайди руҳим туну кун.
Етдими исённи енгмоқлик вақти?
Ислоҳ этгим келди бирма-бир бугун,
Хатога қоришиб сустлашган Аҳдим.
Бақир, чақирлардан фойда йўқ.
Билдим- Илдизи чуқурдир заққум дарахтин!
Шохи ҳам кенгайиб бормоқда илдам,
Аммо сафи сийрак бўйсунмас Аҳднинг!
Фожеа сирларин англамоқ учун
Мозийга айланган йилларга боқдим.
Аланга ўрнида бурқсирди тутун-
Чўғидан ўт олиб юракни ёқдим!
Энди ҳар лаҳзани ғанимат билиб
Ҳурлик малаклари-тоза дилларга,
Муқаддас бу чўғни жойламоқ керак
Токим шайлансинлар қутлуғ йўлларга!
Токим юракларда ёнган бу оташ
Ҳеч қачон сўнмасин-шудир бош ғоя.
Токим манқуртликнинг темир қафасин
Эритиб ташлашга қилсин кифоя!
Хасан Ғойиб
27 июль 2013-йил.