O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шавкат Абдусаломов: “Мен халқ душманининг боласи эдим”

Шавкат Абдусаломов: “Мен халқ душманининг боласи эдим”
117 views
05 May 2016 - 21:34

160505151826_shavkat_abdusalamov_640x360_none_nocreditАсли ўзбекистонлик мусаввир, ёзувчи, актёр ва кино устаси Шавкат Абдусаломов шу кунлар 80 ёшни қарши олди.

Кўплаб ўзбекистонликлар уни “Оловли йўллар” кўп серияли фильмидаги Умид образи билан эслайдилар.

Шавкат Абдусаломов рассом сифатида кўпроқ таниқли. Унинг қатор мойбўёқли асарлари Москвадаги Третяков галереясида, Россия, Оврўпо, АҚШдаги қатор хусусий коллекцияларда сақланади.

Бир неча йил олдин у Такваш тахаллуси билан Россияда “Яккамугуз” номли китоб чоп этган.

Шавкат Абдусаломов Би-би-си билан суҳбатда етимхоналарда кечган ҳаёти, ижодкор сифатида фаолиятини қандай бошлагани ҳақида гапирди.

“Мен рус тилида гапираман, сабабини тушунтирсам… болалигимда менинг отамни, бобомни ҳисбга олишади ва мен болалар уйига жўнатилганман. Қанақадар болалар боғчаси, кейин етимхона… “Детдом” ёки болалар уйидан кўп қочиб кетардим. Ушлаб олиб, бўш жойи борига жўнатишарди. Кўп саёҳат қилганман, шунинг учун, паровозларни яхши кўраман. Уларнинг қичқириғи болалигимни эслатади. Мана поезд… унга етиб олишим керак, поезд тепаликка чиқаётган пайти секинлайди… ўшанда унга ўтириб олиш керак бўлади…”

“Мен каттароқ бўлганимда етимхонадан чиқиб, онамни қидирардим. Онамнинг уч фарзанди бор эди, ҳаммамиз халқ душманининг болалари эдик… Етимхонадан чиқиб, онамнинг олдига борардим, узоқдан бўлса ҳам кўрай дердим. У мактаб директори эди. Бориб қучоқлай десам, у менга: “Илтимос, кўчада мени олдимга келма, бу мумкин эмас”, дерди. Қўрқарди онам… Халқ душманининг боласи эдим. Мени ишдан ҳайдаб юборишади деб қўрққан онам бечора”.

“Болалар уйида мени – Мелания Ивановна Ткаченко топиб олди, бу Қўқон болалар уйида эди…” дея давом этади Шавкат Абдусаломов.

“9-10 ёшларда эдим… У 10 йил қамоқда ўтириб чиққанди. Сабаби, Осиё манзараларини чизаман деб эри билан саёҳатга чиққани… У Петров-Водкиннинг шогирди эди, буюк санъаткорнинг шогирди… Уни қайтиб пойтахтга қўйишмагач, Ўзбекистонга келган ва етимхоналарда болаларга дарс берарди рассомчиликдан… Шу ердан куни ўтарди унинг. Мелания Ивановнага маош берилмасди, чунки ишлашга ҳаққи йўқ эди. Фақат болаларга расм чизишни ўргатар эди. Бунинг учун, унга нонушта ёки тушлик бериларди. Бу тарих. Айнан шу аёл мен то ўқишга кирганимча менинг илҳомим ва устозим бўлди…”

“Катта кино…ўлди. Йўқ энди, катта кино… Ҳозир ҳаммаёқда сериаллар, чунки кино сизни ҳозир ўйлантирмайди, фақат завқлантиради, холос”, дея куюнади Шавкат Абдусаломов.

Манба: bbc.com/uzbek