Она тилимиз жонкуяри, қадрли Устозимиз Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Ўзбек тили аслида ниҳоятда осон ва тез ўрганса бўладиган фан! Уни жуда қийин ва оғир қилиб юборган сабаблар нима? Ким қандай фикрда? деган саволларига жавобим қуйидагича:
Ҳа, дарҳақиқат, ӯзбек тили ниҳоятда осон ва тез ӯрганса бӯладиган фан. Лекин тез ӯрганиш мумкин бӯлган фанни ва тилимизни қийинлаштираётган қусурлар жуда кӯп.
Энг ачинарлиси, ӯзбек тилини чуқур ӯрганишга тӯсиқларнинг каттаси айнан Ӯзбекистонда қӯйилмоқда.
Республикамизнинг деярли барча катта шаҳарларида рус тили ҳалигача устун тил бӯлиб қолмоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида киши ӯзини баъзан Ӯрусияда юргандек ҳис қилади. Қаерга қараманг, қайси савдо шоҳобчалари деворига қараманг ӯзбек тили қолиб, рус ва бошқа хорижий тилларда битилган ёзувларга кӯзимиз тушади. Реклама тили сифатида рус тили биринчи ӯринга қӯйилаётгани ҳам ӯзбек тили фани ва тилини ӯрганишни янада қийинлаштирмоқда.
Шунингдек, рус, араб, инглиз тилларидан зӯрма-зӯраки тарзда қабул қилинаётган сӯзлар ҳам она тилимиз ривожига путур етказаётир. Демакки, ӯзбек тилини ӯрганиш, мукаммаллаштириш она тилига эътиборни кучайтириш ӯрнига бошқа тилларга хос сӯзларни ӯзлаштириш оқибати туфайли қийинлашмоқда.
Масалан, бир пайтларда тилимизга кириб келган ва кенг қӯлланилган “админстрация” сӯзи “маъмурият” сӯзига, сӯнгра яна админстрация сӯзига ӯзгартирилди. Ҳолбуки, ҳар иккала сӯз ҳам она тилимизга хос эмас.
Наҳотки, ӯтмишда аждодларимиз, ота-боболаримиз бошқарув идорасини она тилимизда номламаган бӯлса? Менимча, юқоридаги иккита сӯз ӯзбек тилига ӯзлашган сӯз сифатида кириб келгунга қадар унинг соф туркийча ёки ӯзбекча муқобили бӯлган. Хонликлар даврида Хоннинг ишхонаси Хон админстрацияси деб номланмаган бӯлса керак.
Давлат бошқаруви органларида ӯзбек тилига муносабат яхши бӯлмаганлиги, юқори органларда она тилимизни қадрлайдиган жонкуярлар камлиги ёхуд йӯқлиги ӯзбек тилини янада қийинлаштираётгани айни ҳақиқат.
Президент Шавкат Мирзиёев реал ҳаётда ӯзбек тили жонкуяри эмас. Нутқларида минбарда ҳатто кенг оммалашган ӯзбек тилига хос сӯзлар ӯрнига уларнинг русча муқобилини қӯллашади. Масалан, жорий йилда ҳокимлар урфга айлантирган бузиш ишларини танқид қиларкан, минбарда туриб ҳеч иккиланмасдан бу сӯз ӯрнига “снос” атамасини қӯллади. Бунинг натижасида “снос” сӯзи оммалашди, таъбир жоиз бӯлса ӯзбекчалашди. Шу тариқа, ушбу атамани ҳатто расмий нашрлар ҳам қӯллай бошлашди. Мана соф ӯзбек тилига путур етказаётган, гӯзал тилимизни хунуклаштираётган, ӯзбек тилини қийинлаштираётган асосий омиллар.
Ӯзбек тилига давлат миқёсида эътибор қаратилмаса яқин беш-ӯн йил ичида она тилимиз аҳволи яна хароблашади.
Зеро, тили эъзоз топмаган элнинг ӯзи ҳам ҳеч қачон қадр топмайди.
Рӯзибой Азимий