O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шайтоннинг талабаси

Тентакка “сен тентаксан” деганингиз билан, у соғайиб қолмаганидек, Пўлатов “жаноблари”га ҳам унинг ақли ноқислигини айтсангиз, ақли кириб қолмайди албатта. У кишига фақат “сиз ҳақсиз, лекин бироз чарчагансиз, бир шамоллаб келинг” деб кўчага чиқариб қўйилса, айни муддао бўлади.

Шайтоннинг талабаси
176 views
15 January 2012 - 19:28

Саҳрода бир савдогар борарди. У ўзининг қирқ туя моли билан Ўзбекистон томон кетарди. Туялари устида бу моллар разолат, хиёнат ва зулм эди. Савдогар бу молларидан разолатни “ҳурматли” ва “азиз” президентимиз Ислом Абдуғаниевичга атаган экан, зулмни эса МХХ (Миллий Хавфсизлик Хизмати) раиси Рустам Иноятов ва ИИБ (Ички Ишлар Вазирлиги) вазири Баҳодир Матлюбовга ва сўнги моли бўлган хиёнатни эса ўзини ўзбек мухолифатининг лидери деб атайдиган Абдураҳим Пўлатовга атаганди. Савдогар манзилига тўғри етиб борди ва молларни ўз эгаларига улашиб берди. Балки ким эди у савдогар деб сўрарсиз? Ҳеч шубҳасиз, у савдогар Шайтон эди.

“Ўзбекистон” деб аталадиган бизнинг Ватан 1991 йилда ўз истиқлолини қўлга киритганди. Ва шу ондан мамлакатда элнинг ҳуқуқини топташ, унинг орияти, маънавиятини ўлдириш одатга айланди. Бундан безган халқ ватанни тарк эта бошлади. Ватанни кўплар тарк этди ва тарк этмоқда ҳам. Агарда Ўзбекистон тарихига “ўзбек муҳожироти” деган атамани ҳам киритиб, у чуқур таҳлил қилинса, нималар очилиб қоларкин, ҳозирда бирор сўз айтиш мушкул албатта. Лекин асосийси, ўзбеклар ҳеч қачон ватанга қайтмаганлиги кўзга ташланади.

Муҳожиротнинг биринчи тўлқинида ўзбекларимиз Чор Россияси босқинидан Афғонистон орқали қочиб кетганди. Иккинчи бор Совет Россияси босқини даврида ҳам, тағин Афғонистон орқали қочди. Учинчи бор ўзбекларимиз Сталин қатағони йилларида Хитой тасарруфида қолган Шарқий Туркистон орқали тарки ватан қилди. Айни дамларда, диктатор Ислом Каримов режимининг зулми остида ҳам ўзбеклар хориж мамлакатларига чиқиб кетмоқда. Кўплар Россияга, биров АҚШга, бошқаси Европа мамлакатларига, тағин яна ким қаерга бўлсин, зулмдан омон қолиш учун қочмоқда.

Ватанда зулмга қарши курашадиганлар қолмади ҳисоб, аммо озчилик билан бўлса-да, кураш барибир давом этаяпти. Афсуски, ўзбек муҳожиротида номи юқорида келтирилган Абд. Пўлатов ва у билан бирга, кичик бир жосуслар гуруҳи ҳам бор. Бу сингари одамнинг алжирашларига тоқaт қолмаган бўлса ҳам, начoра, тoқaт қилишга тўғри келар экан. Тилнинг суяги йўқ деганлари каби, интернетнинг ҳам назорати йўқ.

2011 йилнинг май ойида хорижда ўзбек мухолифатининг янги бир иттифоқига асос солинди. Бу кўпчиликни умидлантиргани каби, кимларнидир ташвишлантирди. Айниқса мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг бу иттифоққа раис бўлиб қолгани, Пўлатов каби, Каримов ҳукуматига хизмат қилиб юрган шоқолларни қийин аҳволга солиб қўйган. Унинг учун “миллат отаси” бўлган Ислом Каримни рози қилиш сув билан ҳаводек зарур!

Сўнг ўн йил давомида бу “мухолифатчи” Абд. Пўлатовнинг номи эсланган ҳар бир даврада одамлар бир сесканиб ёки афтларини бужмайтириб оладиган бўлиб қолишди. Улар ўзбекнинг мана шунақа “фарзанди” ҳам борлиги учун сесканишади. “Ҳурматлик профессор”имиз ўзини яхши башоратчи қилиб кўрсатишга ҳам уринди, яхши сиёсатчи эканлигини кўп бора таъкидлади. Лекин начораки, у кишидаги бундай фазилатларни фақат у кишининг ўзларигина кўраяптилар. Тентакка “сен тентаксан” деганингиз билан, у соғайиб қолмаганидек, Пўлатов “жаноблари”га ҳам унинг ақли ноқислигини айтсангиз, ақли кириб қолмайди албатта. У кишига фақат “сиз ҳақсиз, лекин бироз чарчагансиз, бир шамоллаб келинг” деб кўчага чиқариб қўйилса, айни муддао бўлади. Ҳар неки, ақли бутунлар даврасини булғамай туради.

Ўтган йилнинг 7 август кунида жаноб профессоримиз ўзининг “Ҳаракат” деб аталадиган иғво уясида, бир чуқур илмий таҳлилларга асосланган мақолаларини эълон қилган эдилар.

Мақола “Жиноят деса бўладиган даражадаги хатолар қилаётган Обидхон Қоридан лидер чиқмайди” деб номланибди. Буни қарангки, доно профессоримиз ҳали лидерликка даъвогарлик қилишга ҳам улгурмаган Обид қори Назаровни фош этиб юборган. Ахир у киши ҳамма нарсани олдингдан билиб турадиган башоратчи-ку! Қори ака бекорга овора бўлмасин экан, барибир ундан лидер чиқмайди! Мақоладан иқтибос:

“Муқаддас китобларимизда, билган билан билмаган тенг бўла оладими, деган маънодаги сўзлар бор. Мен кўп нарсани биламан ва шу билганларим асосида Обидхон Қоридек уламоликка даъво қилаётган одамнинг гапларига ҳам танқидий қарашга кучим етади. Ҳозирги мақсадим – шу пайтгача уламоларнинг гапларига қулоқ солавериб, дунёнинг энг қолоқ қисмига айланган мусулмонларни, биринчи навбатда, ўзбек мусулмонларини, уламоларимизнинг гапларини Оллоҳ ёки пайғамбаримизнинг гапларидек мутлақо тўғри нарсалар деб қабул қилиш одатидан қутилишга чақириш, шундай одатдан қутилсакгина бу дунёда, энг камида, бошқалардан бунчалик орқада қолиб кетмайдиган уммат бўла олишимизни ҳаммага тушунтиришдир. Тўғрироғи, тушунтиришга интилишдир”, – дейдилар ўзбекнинг энг “доно” ва “оқил” мухолифатчиси.

Аслида дунё икки қутбдан иборат. Уламолар таъкидлайдиларки, фақат Оллоҳнинг ўзи тоқ экан. Бошқа ҳар нарсаки бор ва ҳар жонзотки бор, у ўз жуфтига эга. Кундуз бўлгани каби, кеча бор. Қиш бўлгани каби, ёз бор ва ҳакозолар. Ўзбекистонимизнинг президенти ҳам “оқил” ва “доно” экан, табиийки, унинг мухолифи ҳам худди шу сифатга эга бўлмоғи лозим. Фақат ажабланарли томони, профессоримиз Ислом Абдуғаниевич кимни ёмон кўрса, худди ўшани ёмон кўриши, президентимиз кимни хушласа, худди ўша зотни хуш кўришидир. Булар ҳар иккиси ҳам шайтон малайига айланган ботил инсонлар эканликларини билишармикан?

Қаршиликларда бир шаъма қилинадиган гап бор. Биров ўзини мақтай бошласа, қаршилик албатта бир луқма ташлайди: “Ким ўзини мақтайди”? Албатта, биз бу нарсани эслаб ҳам ўтирмаймиз. Ахир профессоримизнинг “оқил” ва “доно”эканлигига заррача бўлсин, бизда шубҳа йўқ! Умуман олганда, ақлли бўлмоқлик ҳамма нарсани билиш бўлмаганидек, ҳамма нарсани билиш ҳам ақллилик белгиси эмас эканлигини профессор жаноблари тушунсалар бас!

Ўзбекистондаги диктатура режими кучайгандан кучайиб бораркан, мухолифатнинг асосий масаласи – аввалида мана шу режимга қарши қаратилиши керак. Бироқ, нима учундир, ўзбек мухолифатида улар ўзаро бир-бирлари билан кураш олиб борадилар. ЎХҲ тузилишида асосий мақсад мухолиф кучларни бир жойга йиғиш бўлганди, аммо бундай бўлиб чиқмади. Ислом Каримов режимидан турли сабабларга кўра озор тортиб, тарки ватан килганлар бир бирларини кўра олмасалар, бу қандай сиёсий кураш бўлиши мумкин?
Мухолифатда лидерлик учун кураш бораяпти. Гўёки, ўзбек мухолифати лидерига қандайдир бир ҳомийлар юзминглар долларлар ажратади-ю, кимлардир ундан қуруқ қолаяпти. Лидерни давр танлайди. Уни кимдир сайламайди, тайинламайди. Балки лидер ўзининг лидер бўлиб қолганидан норозидир, аммо жараён унинг хоҳиш иродаси билан ҳисоблашмайди. Ўзбек мухолифатига лидерлик қиламан деган орзу билан юрганлар чучварани хом санашибти. Муҳаммад Солиҳ пўлатовлар айтгандай ёмон бўлганида ҳам у ўзбек мухолиф ҳаракатининг лидери бўлиб қолаверарди, чунки у парникда эмас, давр майдонида етишди.
Пўлатовга қайтсак. Диний уламою, дунёвий мухолифат вакилларининг барчасига бирдай қарши бўлган бу инсон (агар уни инсон деб аташ мумкин бўлса) бир кун Муҳамамад Солиҳ номини эсга олиб ҳақоратламаса, туни билан ухлай олмайди) бу бечора. Дардини берган Оллоҳ давосини ҳам беради, дейдилар. Бироқ “Бирлик” партиясининг “лидери” ва яккаю-ягона аъзоси бўлган Абд.Пўлатов йигирма йилдан бери тузалмаяпти.
Аслида унинг дардини Оллоҳ бермаган, балки ўша саҳродаги савдогар берган. Унинг ҳозирги кунларда қўзиб, кучайиб бораётган “дарди” кўпроқ Ўзбекистондаги вазият билан боғлиқ. Президент И.Каримовнинг халқаро майдонда обрўси қолмади. Болалар меҳнатининг пахта далаларида эксплуатация қилиниши, президент қизининг модалар ҳафталигидан ҳайдалиши каби муҳим хабарлар Пўлатов “ҳаракат”ида нега ёритилмаётганига хеч ким эътибор қилмайди, деб уйлайди бу зот. Ундаги мақсад диктаторга қарши кучларни чалғитиш, мухолифатни ёппасига Абд.Пўлатовга “қарши курашга тушириш” эди. Борди-ю, кўпчилик шу даражада аҳмоқ бўлса ва унга қўшилиб кетса, бу Ислом Карим учун ютуқ. Бошқа вариантда эса, ҳамма Пўлатовга қарши курашга тушиб кетса, бунда ҳам И. Карим ютиб чиқади.

Касаллик хуруж олиб бораркан, Пўлатов “Ҳаракат” сайтида қандайдир бир сирли одамлардан келган хатларни ҳам эълон қиладиган одат чиқарди. Эмишки, ўз исмини очиқламаётган шахс у кишини қўлларкан ва Муҳаммад Солиҳ бўлсин, Эрк партияси бўлсин, ёинки ЎХҲ – буларга қарши эканлигини эълон қилади ва нималарнидир фош қилгиси келади. Биринчидан, Ислом Абдуғаниевични қўллаб турган шахслар учун ўз исмини яширишдан наф йўқ, кейин уларга бирор хатар ҳам йўқ. Нега энди улар ўзларини махфий шахсларга айлантиришлари сабаби эса, аслида ундай мактубларнинг йўқлиги ва уларни “профессорнинг” ўзи тўқиётганлигидир. Шу сингари мактублардан бири 12 январь куни эълон қилинди:

“Мен «Андижон Адолат ва Тикланиш» ташкилотининг аъзоларидан бири бўламан, аммо аниқ кимлигимни ошкор килмокчи эмасман”, – деб бошланади бу мактуб. Негадир бу “муаллиф” кимлигини ошкор қилмаса-да, мухолиф ҳаракатлар лидерларини, ЎХҲ ни қаттиқ ҳақоратлайди. Бу мактуб икки кунда номаълум сабабларга кўра “ҳаракат” сайтидан олиб ташланди. Техник хатоликлар билан у саҳифага “чиқиб кетган экан”.

2005 йилнинг 13 май воқеалари Ўзбекистон таърихида қора доғ бўлиб тушган сана ҳисобланади. Шу куни Андижон шаҳри қонга бўктирилди, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб майдонга чиққан андижонликлар бронетехникалардан ўққа тутилди. Ҳаттоки воқеа жойида яраланиб қолганлар ҳам отиб ташланди. Бу ишларда Ислом Абдуғаниевичнинг яқин кумакдоши бўлган Тожикистонлдик жиноятчи полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг қўли бўлганлиги ва унинг гуруҳи андижонликларни беаёв қирғин этгани кейинчалик очиқланди. Айни мана шу полковник Ислом Каримнинг ардоғида эканлиги аниқ, лекин нима учун у Абд. Пўлатовнинг ҳам ардоғида.“Профессор” бу полковникни Тожикистонда ўзбеклар учун курашган курашган қаҳрамон дея таъриф этади. Қизиқ, Андижонда отилганлар ўзбеклар эмасмиди? Бунақа саволни жаноб профессорга бериш мантиқсизлик, чунки у бундай саволни эшитмайди ҳам, жавоб бера олмайди ҳам . Чунки у бечора хаста, дам олиши керак.

11 январь кунида “Ҳаракат” сайти навбатдаги хабарларидан бирини эълон қилди:  “Салай Мадамин, Ёдгор Обид, Толиб Ёқуб каби миллат хоинларини қувонтирадиган хабар – Маҳмуд Худойбердиевнинг сафдоши қамоққа қайтарилди”, – деб бошланади бу хабар, – “Тожикистон оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, 46 ёшли Бадриддин Сангов исёнчи полковник Маҳмуд Ҳудойбердиевнинг тарафдори сифатида 2000 йилда 25 йилга қамалган ва ўтган йили октябрь ойида амнистия туфайли озод қилинган экан. Ҳозир қайтадан қамоқхонага ташланибди. Гўёки, амнистия унга қарши хато ишлатилган эмиш”.

Хуллас, кимнинг ким эканлиги Абд. Пўлатовнинг хабарлари ва мақолаларидан билиниб туради. Касалнинг яширсанг, иситмаси ошкор қилади дейдилар. Професор жаноблари ҳеч қачон Ислом Каримов режимига қарши бош кўтармаган, балки аксинча, уни қўллаб келган. Ажаб эмас, агар у мана шу аҳмоқона, узр сўраймиз, – тентакона ишлари учун режимдан мукофот пулларини ҳамолиб турган бўлса.
Фақат у бечорани ҳақорат қилманглар. Саҳродаги савдогардан “Хиёнат” ни сотиб олган бу кимсани авф этиш жоиздир. Чунки у бетоб! Бетоб бўлганида ҳам қилмиши учун жавобгар қилинмайдиган бетоблар сарасидан.

Тўлқин Кораев