O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шайхонтоҳур туманида кўприкли янги чорраҳа қурилаётганидан одамлар мамнун эмас

Шайхонтоҳур туманида кўприкли янги чорраҳа қурилаётганидан одамлар мамнун эмас
21 views
14 June 2014 - 10:29

1Тошкентнинг Абдулла Қодирий ва Шайхонтоҳур кўчалари кесишувида икки поғонадан иборат бўлган транспорт йўли – кўприкли янги чорраҳа қурилиши бошланди. Маҳаллий ОАВ кўприкнинг сентябрь ойига қуриб битказиш режалаштирилаётгани ҳақида ёзишганди.

Жорий ой бошида қурилиш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Бўлажак йўл ўрнидаги дарахтлар кесиб ташланган, пиёдалар учун мўлжалланган аллея (хиёбон)нинг бир қисми бузиб ташланган, суғориш тизимлари олиб ташланмоқда.

Мазкур лойиҳа ҳақидаги хабарлар пайдо бўлиши билан интернет фойдаланувчилари орасида ва ижтимоий тармоқларида мавзу билан боғлиқ мунозаралар бошланиб кетди.

Эътиборлиси шундаки билдирилган фикрлар мазмунидан кўприкли янги чорраҳа қурилиши одамларни мамнун қилмагани яққол сезилади. Масалан, daryo.uz сайтида ушбу мавзудаги хабарга xolisfikr номи остида шарх қолдирган интернет фойдаланувчиси шундай ёзади:

“Тошкент яна бир сўлим маскан билан хайрлашар эканда. А.Қодирий майдони энг севимли яшил хиёбонлардан бири эди. У ерда кўприк қуришга зарурат менича йўқ эди. Час пик пайтида ҳам пробка кўрмаганман. Транспорт ҳаракати тиғиз чорраҳалар кўпку. Масалан Муқимий ва Халқлар дўстлиги кўчаси чорраҳаси, Абу Сахий бозори кичик халқа йўли кесишуви ва ҳ.к. Афсус!”

3

Газета.uz сайтида берилган айни мавзудаги хабарга шарх қолдирган интернет фойдаланувчиси эса бир нечта саволларни ўртага ташлайди:

“Биринчидан, кўприкни қандай қилиб уч ойда қуриб битказиш мумкин?
Иккинчидан, у жойга кўприкнинг нима кераги бор? Мен Абдулла Қодирий кўчасидан ҳар куни ишга қатнайман. Ҳаттоки куннинг энг тиғиз вақтида ҳам светафорнинг илк яшил чироғида ўтаман. Ундан кўра Ганга, Чорсу атрофларида қурилгани яхши эди…”

2

Яна бир интернет фойдаланувчиси эса: “Афсус, пойтахтнинг энг сўлим яшил масканига ачинаман, энди кўприк тагида машиналар тўхташ жойи бўлади”, – дейди.

4

Шерзод номи остида шарх қолдирган интернет фойдаланувчиси Тошкентда айланадиган жойларнинг қолмаётганига афсус билдиради.
“Нима кераги бор эди шу кўприкнинг?! Шундоқ зўр жойларни йўқ қилишяпди. Тошкентда ўзи айланадиган жойлар ҳам қолмади. Ҳамма дарахтларни кесиб ташлашди”.

8

Яна кўпгина шарх қолдирувчилар асосан кесиб ташланган дарахтларга нисбатан кескин норозилигини ифода қилишган. Хусусан, Владимир номи остида шарх қолдирган интернет фойдаланувчиси:

“Ақлдан озганмисизлар? Яна бир кўприкнинг нима кераги бор? Бу кетишда одамлар нафас ҳам олишолмайди. Бу боғ кимга халақит қилди? Ҳамма жой шовқин бўлса одамлар қаерда ҳордиқ чиқаради? У ерда тирбандлик билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ эдику! Бизнинг мамлакатимизда атроф-муҳит ҳақида энг охирида ўйлашади, афсус!”, – дея таъкидлайди.

5

Маълумки ҳозирда Ўзбекистонда ҳукуматнинг бирор бир қарорига нисбатан норозилик билдиришда интернетдаги ижтимоий тармоқлар ва турли хил форумлар энг хавфсиз минбарга айланган. Шу сабабли ҳам келтирилган мавзу юзасидан ҳам ҳозирда турли ижтимоий тармоқларда қизғин мунозаралар давом этмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими