O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шантаж. Иккинчи воқеа

Шантаж. Иккинчи воқеа
160 views
24 February 2017 - 10:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(йигирма учинчи мақола) 

ШАНТАЖ-2

Менга нисбатан бошланган шантаж ҳам худди шу аёл – Собира Бўлдиева томонидан ижро этилди. Шундай қилиб…

ИККИНЧИ ВОҚЕА

2012 йилнинг 27 февралида ББС радиосининг ўзбек хизмати мухбири саволларига берган жавобларимнинг орасида матбуот билан боғлиқ муаммонинг ечими кўпроқ шу масалага  масъул бўлган, вазирлар маҳкамасида ўтирган шахсга, яъни ўша вақтдаги бош вазир ўринбосари А. Ариповга боғлиқ эканлигига жиддий ишора бор эди. Шу интервьюдан сўнг кўпгина танишларим бундан кейин эҳтиёткорроқ бўлиб юришимни маслаҳат беришганди. “Ўзбекистон” телерадиоканалининг радиодаги Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича мухбирлар тармоғининг ходими Собира Бўлдиева эса бир куни дабдурустдан менга: “Сиз кейинги пайтларда баъзи хориж радиоларига интервью бериб, катталарнинг жиғига тегадиган гаплар қилаётган экансиз. Айниқса, ЎзМТРК раиси Ходжаевнинг қудаси бўлган бош вазир ўринбосари Абдулла Ариповнинг линиясига тегиб кетадиган танқидлар қилибсиз. Шунинг учун ҳушёрроқ бўлинг. Қадамингизни ўйлаб босинг. Бир этак ёш болаларингиз бор, ахир?…” деб қолди. Тўғриси, аввалига унинг бу гапларини унчалик ҳам жиддий қабул қилмадим. Негаки, бундан олдин худди шу борада телерадиоканалнинг директор ўринбосари Султонпошша Ёқубова ҳам шунга ўхшаш гаплар қилувди, яъни у томонидан ҳам бир неча маротаба “огоҳлантирилгандим”.

Мен бундайин чақириқларга қулоқ солмадим. Ўз шахсий фикрим, нуқтаи назаримни гапиришга ҳаққим борлиги ва мустақил фикрлашдан  мени ҳеч ким тўхтата олмаслигини ўша директор ўринбосарига ҳам очиқ-ойдин, қатъий қилиб айтгандим.

ЎзМТРК раҳбарияти барча уринишлари зое кетгач, мени қатъиятимдан қайтаришга кўзлари етмади шекилли, энди А.Ходжаев ўз  “линия”сидаги юқорироқ “нуқта”ларни ишга солишга киришди…

Шу боис бўлса керак, 2012 йилнинг 26 июли куни соат 17.00 га Республика миллий хавфсизлик  хизматининг ўзини Олим деб таништирган ходими томонидан МХХ бош биносига чақиртирилдим ва шу хизматнинг уч нафар ходими томонидан роса 3,5 – 4 соатча сўроққа  тутилдим: “Нега сиз дуч келган жойда, хусусан, хориж радиоларида Ўзбекистон миллий телерадиокопанияси фаолияти ва унинг раиси Ходжаевни танқид қиласиз?”, “Сиз нима учун Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларни ишдан бўшатилишини ноқонуний деб яна ўша хориж радиосига интервью бердингиз?”, “Нега кундан – кунга тилингиз бурро бўлиб бораяпти?”, “Нега сиз ўз “амбициянгизни” илгари сурмоқчи бўлаяпсиз?…” ва ҳоказо…    Аксига олиб, айнан ўша оқшом ҳали чилласи чиқмаган, она сутига тўймай чинқираётган чақалоқ – кенжа қизимга қўшимча озиқ – “смесь”ни зудлик билан етказишим керак эди. Аммо уйда оилам, гўдак болаларимнинг ўз отасидан хавотир олиб, интиқлик билан, изғишиб мени кутаётганлиги буларни қизиқтирармиди? Жилла қурса, эндигина дунёга келган чақалоқнинг чинқириқларига ичи ачиб, инсонийлик ҳислари жўш уриб, “унинг озиғини етказиб бериб қайтишимга изн беринглар, лоақал…” деган сўзларимга қулоқ солишарди дейсизми? Афсус… Бу сўроғ-у, терговлар жараёнини бир бошдан баён этишни кейинроққа қолдираман-да, ҳозирча асосий мавзудан чалғимай, шантажнинг бошланишига жиддий сабаб бўлиб хизмат қилган жиҳатларнинг тадрижий ривожига диққатингизни қаратаман.

Бундайин қатъий ва қаттиқ огоҳлантиришлар, чақириқларига қарамасдан ўз журналистик фаолиятимни ўзим истагандай, эркин ва сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилардим. Соҳамга кўра, давлат сиёсатига доир эшиттиришлар тайёрлаш билан бир қаторда таҳририятимизга оддий халқ вакиллари, тингловчиларимиздан мунтазам келиб турадиган ариза ва шикоят хатларини ҳам жиддий, батафсил, холисона ўрганиб, уларга қўлимдан келганча кўмак беришга, адолатни қарор топтиришга ҳаракат қилардим. Чунки, умид, ишонч ва илинж билан битилган ҳар бир хат ортида ИНСОН тақдири борлиги ва мактуб эгалари бизнинг кўмагимизга айни дамда жуда-жуда муҳтожлигини чуқур ҳис қилардим. Қолаверса, бу менинг нафақат журналистлик вазифам, балки инсоний бурчим эди. Ўша пайтда ҳам бир шикоят юзасидан журналистик суриштирув ишларини олиб бораётгандим.

Ўзини Нодира Бўлдиева деб таништирган онаизор спортнинг кикбоксинг ва қўл жанги бўйича Ўзбекистон ва Осиёнинг бир неча маротаба чемпиони бўлган ўғли  Беҳзод Раҳимбоевга нисбатан бир қизнинг номусига теккан дея туҳмат уюштириш орқали Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси тергов бўлими томонидан жиноий иш очилганлигини айтиб менга мурожаат қилди.  Шу иш билан шуғулланиш асносида адолатни, ҳақиқатни қарор топтириш учун Мирзо Улуғбек тумани прокурори Абдуқаҳҳор Тўхтабоев ва шу туманнинг жиноят ишлари бўйича суди раиси Саъдулла Ашурматов ҳамда туман ички ишлар бошқармаси тергов бўлими бошлиғи Олим Ҳамидовлардан ишни қонун доирасида кўришларини талаб қилиб, улар билан роса талашиб-тортишишимга тўғри келганди. Бир кун яна ўша онахон радио биносининг ёнига келиб кўзёш қилиб турган экан. Сабабини сўрасам, ўғлимга ток қўлладилар, деб қолди. Терговчилар чемпион йигитнинг бўйнига “айб”ни қўйишнинг йўлини қила олишмаган шекилли, онасининг айтишича, фарзандининг бошига электрошок қўллашибди. Бунинг натижасида ўғли “до-о-од!!!” дея чинқириб, “гурс” этганча полга қаттиқ қулаб тушган ва ҳушини йўқотган. Коридорда ўтириб шеркелбат, спортсмен ўғлининг наъра тортиб юборганини эшитган Она жонҳолатда отилиб, қаршиликларга қарамасдан ичкарига киришга муваффақ бўлади. Не кўз билан кўрсинки, ўз оёғи билан юриб келган ўғли полда узала тушганча беҳуш ётарди… Шунда онахон тергов хонасидаги электр қўлловчи ускунага кўзи тушади-ю, гап нимадалигини дарҳол тушуниб етади. Аёл ўз ўғлининг аччиқ қисматига доир ушбу воқеани менга сўзлаб бераркан, “Менинг бормаган, мурожаат қилмаган жойим қолмади. Ўзи бу мамлакатда ҳақиқат йўқ экан. Кўплаб тележурналистлар ва газетада ишловчи журналистларга ҳам мурожаат қилдим. Ҳатто журналистлар уюшмасигача бордим. Негадир барчаси “бу ишга аралаша олмаймиз” дея ўзларини олиб қочишди. Лоақал, радиодаги бирон бир эшиттиришда шу дардларимни айтиш имкони бўлармикин? Зора, юқори идоралардаги раҳбарлар ичида бирорта инсофлиси фарёдимни эшитиб, адолатнинг қарор топиши йўлида бизга кўмак қўлини чўзса?…” дея зор-зор, қақшаб йиғлади. Онаизорнинг бу фарёдларига қалбида нўхат донасича бўлса ҳам иймони бор одам чидаб туролмас, бефарқ бўлолмасди.

Мен ишлаётган студиядан ҳар жума куни “Ҳаёт ва қонун” эшиттириши ҳавога узатиларди. Онаизорга раҳмим келиб кетганидан: “Дастуримизга телефон орқали боғланиб, ўз арзингизни айтишингиз мумкин”, – дедим. Шундан сўнг спортчининг онаси эфирга сим орқали боғланиб, 10 дақиқадан ортиқ вақт мобайнида ўз дардини тўкиб сочди. Ҳақиқат излаб барча идоралардан ноумид қайтган аёл ўз нутқини алам билан: ”Ўзбекистонда ҳақиқат йўқ экан!” деган аччиқ хулоса билан якунлади. Сўз эркинлиги қоғозларда бору аммо амалда бўғилган бир мамлакатда, тағин “Ўзбекистон” деб номланадиган радиоканалнинг жонли эфирида ”Ўзбекистонда ҳақиқат йўқ экан!” деган нидонинг янграшини бир тасаввур қилиб кўринг-а?… Барча машмашалар ана шундан сўнг бошланди: Юқори ташкилотлардан телефон қўнғироқлари бетиним ёғилди. Ҳали эфир вақти тугамасдан туриб радиода саросимаю ваҳимага қоришиқ висир-висир, ғала-ғовур, шовқин-сурон, тўс-тўполон  бошланиб кетди… Йирик коррупцион тўданинг жиноий тил бириктириб, миллатимиз ғурурига айланиши мумкин бўлган бир спортчи йигитнинг шаънига қора сиёҳ ағдарибгина қолмай, балки уни руҳан ва жисман синдиришга бўлган жиддий ҳатти-ҳаракатлари, фитналари жонли эфирда кенг оммага баралла эшиттирилгач, чемпионни қўллаб-қувватлаш, ёрдам беришга хайриҳоҳлар кўпайиб қолди. Шу билан бир қаторда жонли эфирда “портлаш” қилинганлиги учун менинг тилимни тугиб, “овозимни ўчириб” қўйишга қасд қилганлар ҳам…

Шусиз ҳам аввалги “ўзбошимчалик”ларим, “қайсарлигим”, чилдирмаю ноғораларига ўйнамаганлигим учун  ЎзМТРК раҳбариятининг кўзига балодай кўриниб юрганимни билардим. Қолаверса, маҳаллий ҳокимият, айниқса, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қилинаётган адолатсизлик, ноҳақликлардан жабр кўриб, муҳарририятимизга кўмак сўраб келган оддий халқ вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишим ортидан  ҳам етарлича ғаним орттириб бўлгандим. Шу ўринда айтиб ўтишим керак, бу сўзларим кимларгадир миннат бўлиб туюлмасин. Зеро, мен оддий одамларнинг ҳақ-ҳуқуқи учун курашишни ўзимнинг нафақат касбий, балки инсоний ва виждоний бурчим деб билганман. Ва ўз ишимни сидқидилдан, қалб амри ила бажарганман. Бошимга ҳар не кўргулик тушган бўлишига қарамай, мен ўз ишимдан пушаймон бўлмаганман ва бўлмайман ҳам. Негаки, мен бу ҳокисор халқни беш килолик оғир кетмонни нозик елкасига кўтариб, йил-ўн икки ой далада тер тўкиш ортидан менга ҳалол луқма едирган, ёлғиз ўзи ҳам ота ва ҳам она бўлиб вояга етказган, (раҳматлик  Отам мен дунёга келишимдан уч ой бурун вафо этган…) ўқитиб, элга қўшган заҳматкаш Онам тимсолида танидим, севдим, ардоқладим.  Шу боис Онам каби оддий инсонларнинг ҳақсизликдан тўкилган кўзёшларига ҳеч қачон бефарқ бўлолмадим ва улар учун бир ўғлон, фарзанд сифатида тиргак бўлишни, доимо хизматларида бўлишни ўз бурчим деб ҳисобладим.

…Хуллас, чемпион ўғлининг аччиқ қисматидан фарёд чекаётган, ҳақсизлик қурбони бўлган яна бир Онаизорнинг оҳу- фарёдини жонли эфирга улаб, оммага эшиттирганимдан сўнг  арзимас, каминага нисбатан ойлар, йиллардан бери давом этиб келаётган, зимдан уюширилаётган  фитналар, таъқибу тазйиқлар энди кульминацион нуқтага етди ва бу ошкор тус олди. Аввалига, жўн бир баҳонани рўкач қилиб, менга қаттиқ ҳайфсан беришди. Сўнгра, ушбу шикоят билан боғлиқ масалани ўрганишни мен учун бутунлай тақиқлаб қўйилди. Лекин шунга қарамасдан…

18.06.2014 й.

(давоми бор)