21 ноябрда Прагада бошланадиган НАТО мажлисига Белоруссиянинг Президенти Лукашенко чақирилмади, тўғрироғи, унга виза берилмади. Лукашенко ғайридемократик лидер сифатида Прагада қабул қилинмади. У кимга ёқмай қолди, Чехиягами ёки НАТОгами?
Албатта, Лукашенкони диссидент ва демократ бўлган Вацлав Хавел ёқтирмайди, аммо Лукашенкога виза бермаслик ташаббуси Хавелдан чиқди, десак муболаға бўларди. Бу воқеада НАТО ва Америка Қўшма Штатларининг роли, шубҳасиз, катта.
Масалан, агар Белоруссия антитеррор кампаниясида Американинг иттифоқдоши бўлса эди, Лукашенко НАТО саммитига мутлақо таклиф қилинган бўларди. Худди Ўзбекистон Президенти Каримов таклиф қилингани каби, масалан. Биласиз, Президент Каримов шарқ деспотизмининг замонавий намунасидир.
У энди дунёнинг энг демократик ўлкаси ҳисобланган Америка Қўшма Штатлари соясида давлатни бошқармоқда. Ўзбекистон турмалари сиёсий маҳбусларга тўлиб кетган. Ўзга фикрловчиларни қийнаш ва уларнинг қатлиоми (ўлдиришлар) кундалик ишга айланди ва тўхтовсиз давом этмоқда. Антитеррор кампаниясининг илк босқичида Ўзбекистон аҳолиси Американинг у ерга келишида бир хайрли ишорат кўргандай бўлган эди. Айниқса, зиёлилар бу воқеанинг Ўзбекистон раҳбариятини баъзи сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга мажбур қилади, деб умид қилганди.
Аммо кутилган нарса содир бўлмади. Халққа қарши репрессия бутун шиддати билан давом этмоқда. Америка Қўшма Штатлари маъмурияти инсон ҳақларининг поймол қилинишини гоҳ-гоҳ танқид қилиб қўяди, аммо бу танқид Ўзбекистонга кўрсатилаётган юкли иқтисодий ёрдам билан дарҳол мувозанатлади. Бу ўз навбатида Каримов режимининг у ёки бу шаклда мустаҳкамланишига сабаб бўлаётир, режимни янги репрессив ҳаракатларга рағбатлантирмоқда.
Каримов Америка ҳукуматининг босими билан инсон ҳақлари ҳимоячиси ташкилотлардан биттасини рўйхатдан ўтказди.
Бу Америка тарафидан мисли кўрилмаган мўъжиза сифатида баҳоланди, воқеа презентацияси у ер – бу ер эмас, Америка каби буюк давлатнинг Давлат Департаменти тарафидан жамоатчиликка тақдим этилди.
Ўрта Осиё минтақасининг ҳассос воқелиги билан ҳисоблашмай, фақат мавжуд сиёсий конъюнктура бўйинтириғидан чиқишни истамаслик сиёсатининг оқибатлари бу минтақада муқим қолишни истаётган АҚШ келажаги учун таҳликали бўлиши мумкин. Бу ҳолат ҳозир биз Афғонистонда баҳам кўраётганимиз аччиқ меваларни етиштирган сиёсатни эслатаяпти. Зулм ва террорни йўқ қилиш учун зулм ва террорга таянган бир воситани қўлланмоқ мантиқсиздир. Ўрта Осиёдаги авторитар режимлар минтақага ҳеч қачон истиқрор (стабиллик) олиб келолмайди. Чунки истиқрорсизликнинг манбаи бу режимларнинг ўзидир.
90-йилларнинг ўртасида бизда пайдо бўлган исломий радикализм Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг сиёсий экстремизми маҳсулидир. Халқ тарафидан қўллаб-қувватланган Демократик Ҳаракатлар ЭРК ва БИРЛИК режим тарафидан таъқиқлангандан сўнгра уларнинг ўрнини радикал гуруҳлар тўлдирди. Демократик чизгидаги газеталар ёпилди ва уларнинг ўрнида Ўрта Осиёда Ҳалифалик давлати қуришга чорлаган варақалар пайдо бўлди. Президент Каримов ўлкада Демократик Ҳаракатни таъқиқлаб, ўзига Мухолифат сифатида Исломий Ҳаракатни танлади. Нега?
Чунки Демократик Ҳаракат муҳтамал сайловларда Каримовга қарши кучли рақобат ташкил қила оларди, Исломий ҳаракатнинг бундай рақобат кучи йўқ эди. Бу ҳаракат халқ ичида кенг платформага эга эмасди. “Исломий ҳаракат” Ғарбни у билан қўрқитиб, кўпроқ пул қўпориш ва асос рақиби Демократик ҳаракатга курашиш учун Каримов режими тарафидан шиширилган бир ҳаракат эди. Каримов 90-йилларнинг бошларида “ислом фундаментализми”га қарши Америка ва Ғарб давлатларининг ёрдамини олиш мумкинлигини, аммо демократик Ҳаракатга қарши курашда майдонга фақат ўзи чиқиши лозимлигини англаганди. Энг қўрқинчлиси, халқ Демократик ҳаракатни қўллаб-қувватлаши эҳтимолининг юксаклиги эди. Бу эҳтимолнинг нақадар реал эканини у 1991 йил Президентлик сайловларида ўз кўзлари билан кўрган эди. Сайловда, бутун ҳийла ва найрангларга, бюллетенларни алмаштиришларига қарамай, ЭРК партияси 13 фоиз овоз олганини ҳеч унутмаганди.
Бугун, режим халқ олдида ўз обрўсини тўла йўқотган бир пайтда, минимум эркинлик берилган ҳар қандай сайлов режимнинг ҳалокати бўлиши муқаррардир. Шу боис, Президент Каримов сайловдан ўтдан қўрққандай қўрқмоқда. Шу боис, у ҳар тўрт ёки беш йилда “референдум” деб аталган масхарабозликларга бош уриб, ўз ваколатини узатишга мажбур бўлмоқда. Шу боиски, у ўзига “рақиб” сифатида танлаган президент номзодларини ўзига овоз бердириб, дунёга кулги бўлишдан ҳам қайтмаяпти.
Ҳа, Американинг шунақа бир оригинал муттафиқи бор. У бугун Прагага ташриф буюрмоқда. Миссияларидан бири дунёда демократиклашмани қўллаш бўлган ташкилот НАТО бугун демократиянинг ашаддий душманларидан биттасини шарафлантиражак. Озодликни севган инсонларнинг бош тожи бўлган шахс, Вацлав Хавел ҳам бугун ҳар қандай озодликдан нафратланувчи бир одам билан айни залда ўтириб, маърузаларни эшитажак. Бу қадим дунёда нималар содир бўлмайди дейсиз!
(18.12.2002)
(95)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (273-275-саҳифалар.)
(давоми бор)