O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шахсга душманлик мулоҳаза кўзини кўр қилади

Шахсга душманлик мулоҳаза кўзини кўр қилади
188 views
29 May 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(22-қисм)

Юрт таши

Энди билганимиз қадар ташқаридаги мухолифатнинг аҳволига боқиб кўрамиз.

Ташқари ичкарининг худди ўзи. Зотан, бор нарса ойнада кўринади, чўмичга қозонда бори чиқади. Шим ичидаги чўнтак ташга чиқарсангиз ҳам чўнтакдир. Яъни, юрт ташидаги мухолифларнинг ораларида ҳам онгли, эътиқодли кишилардан тортиб аламлиларигача бор. Тарқоқлиги ҳам айни, балки ичкаридагилардан баттардир. Ички мухолифат тузум кўз очирмаётгани, бирикишга имкон бермаётгани учун сочилиб ётган бўлса, ташқи мухолифат бу тузумдан олисда, тўла эркинлик шароитида, бирикишга катта имкон бўлатуриб тарқоқдир. Адолатсизликка, зулмга қарши кураш қолиб бир-бирига қарши жабҳа очган. Қўйиб берса бир-бирини гўрга тиқмагунча қўймайди, ғиштини ҳам завқ-ла қалайди.

Албатта, бундай аянчли ҳолга шахсий ғараз, майда гина-кудурат, сиёсий саводсизлик сабаб. Айни чоқда, орқадан Ўзбекистон махсус хизматлари юборган жосусларнинг “холис хизматлари” ҳам ўз ишини қилган.

Ташқи мухолифатни ҳартомонлама ўрганиб чиқишга, биринчидан, бу боб жуда кичиклик қилади, иккинчидан, анча йиллардан бери тўрт девор ичида, ёпиқ жамиятда яшаётганимиздан, четдаги ишларни синчиклаб ўрганишга имконимиз, тўғри хулосалар чиқаришга етарли билимимиз йўқ.

Биз айрим мухолиф сайтларда ўғринча кўзимиз тушган, ўзбекча бериладиган чет радиолардан бир-икки эшитиб қолиб диққатимизни тортган масалаларгагина, бу кичкина бобга сиғар даражада тўхталамиз. Шахсларга қарамаймиз, бировни тўғри, бировни хато йўлда деб ажратмаймиз, умумий ҳол ҳақида умумий фикримизни ҳамда ўзимизча тўғри ё хато деб билган ишларни айтамиз, ҳар ким ўзи хулоса қилиб олаверади.

1. Энг биринчи галда диққатимизни тортган нарса – ташқаридаги мухолифатнинг ичкарига боқишидир.

Уч хил боқиляпти:

а) юзаки;

б) шахсий ғараз кўзи билан;

в) холис кўз билан.

Юзаки қарашлар ичкаридаги ҳолат ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошларидаги ҳолатдан анча-мунча бошқача бўлиб қолганини ҳис этмасликдан туғилади кўпинча.

Мухолифатнинг асосий бўлаги ташқарига чиқиб кетганидан бери орадан йигирма йилча вақт ўтди. Бу орада бутун бошли янги бир насл пайдо бўлди. Улар мухолифат ғояларини-да, бошлиқларини-да, улар жон куйдирган масалаларни-да яхши билмайди ёки умуман билмайди.

Бугун вазият 90-йиллардагидан бошқача бўлгани учун эски мухолифатни танийдиганлар ҳам, ҳатто улар билан бирга, ёнма-ён туриб курашганлар ҳам бугун кайфиятлари, дунёқарашлари, фаолликлари илгаригидай эмас. Янгича шарт-шароит дунёқарашларга қўшиб кураш усулларини-да анча-мунча ўзгартиб юборган. Бу ҳолни албатта ҳисобга олиш керак.

Шахсий ғараз деганда фақат салбий маъно кўзда тутилмаяпти. Чунки энг холис муносабат тагида ҳам шахсий ғараз улуши бўлади албатта – бусиз илож йўқ. Лекин бу ерда холисликдан шахсий ғараз улуши ортиб кетганидаги ҳолат назарда тутиляпти.

Киришда айтганимиздек, шахсга душманлик мулоҳаза кўзини кўр қилади, рақибнинг ижобий ишларини ҳам тан олгиси келмайди, ҳамма ишидан кир қидирадиган бўлиб қолади. Натижада бундай мухолиф ўзи сезмаган ҳолда курашни салбий ҳолатга қарши эмас, шахсга қарши буриб юборади. Шахслараро курашда, насиб этиб, душмани устидан ғолиб келган тақдирда ҳам, у халқига орзудаги бахтни бера олмайди. Аксинча, тез орада ўзи хато қила бошлайди ва энди… ўзига қарши чиққан тоифага қарши кураш бошлаб юборади.

Бунда ўзидан олдинги ёмон тузум асосчисидан фарқи қолмайди.

Нима демоқчимиз?

Ўзбекистонда президент Ислом Каримов ўрнатган ғайриинсоний тузум бир чеккада қолиб, Ислом Каримовнинг шахсига қарши курашишда фойда кам, демоқчимиз. Ҳадеб бир кишининг шахсий камчиликларига урғу берилаверса (ҳамманинг ҳам ўзига яраша камчилиги етарли), одамлар бунақа ташвиқотдан тезда безади. Бунақа танқид ҳатто тескари натижа бериб юбориши мумкин.

Бунинг ўрнига, у қурган ифлос тузум, у ўрнатган чиркин бошқарув усули бор ифлосгию чиркинлиги билан очиб ташланиши лозим. Ҳар бир соҳани шу соҳанинг билағонлари ипидан игнасигача ўрганиб, тузум кирдикорларининг сабаб-оқибатларини исботли-далилли шаклда халққа етказиши керак.

Бунинг ўзи етарли эмас. Ҳозирги тузум ва бошқарув усули ёмон бўлса, ўрнига қанақа тузум таклиф этиляпти, мўлжалдаги тузум ва бошқарув усулининг эскисидан қанақа устунлиги бор ‒ асосий кураш мана шу йўналишда олиб борилса, самаралироқ бўлади.

Холис кўз билан боқиш дегани иложи борича нафснинг ҳиссасини камайтириш деганидир. Камчиликни ҳақиқати билан англаш, таҳлил этганда холис туриш, душманнинг бўлса-да ютуғини эътироф этиш, шахсий манфаатни ватан манфатига бўйин сундириш… каби олий хислатлар киради бунга.

Тушунарли бўлган сабабга кўра бу уч тоифага мисол келтирмадик.

2. Ташқи мухолифатнинг умуман динга, хоссатан мўмин-мусулмонларга боқиши ҳам олақуроқ.

Умуман, ташқарида дин номидан ва демократия номидан ҳаракат қиладиган икки тоифа мухолифат бор. Дин номидан мухолифатнинг динга муносабати тушунарли: улар миллатни дин қутқаради деган умумий фикрда бирлашади, аммо улар ҳам Ислом асосларидан билиш даражасига ҳамда ҳозирда яшаб турган макон шароитига қараб, сиёсат учун диндан фойдаланиш усулларида ҳатто кескин қарама-қарши қутбларга ажрашади. Мақсадга даъват йўли билан аста-секин эришилади, дейдиганлардан тортиб, қуролли кураш (жиҳод) йўли билангина Исломни иқтидорга келтириб бўлади, дейдиганларгача бор.

Аммо ўзларини “демократик мухолифат” деб атайдиганлар орасида динимизга мойилона мўътадил қаровчилар қаторида кейинги даврларда Ислом динини, мусулмонларни ёмон кўрадиган миллатчи ва ҳатто сўлчи кайфиятдаги ватандошлар ҳам кўпая бошлади.

Яна, Шарққа ҳижрат қилганлар билан Ғарбга ҳижрат қилган мўмин-мусулмонлар дунёқарашлари ва кураш усулларида бир-биридан узоқ икки қутбга ажралиш сезиляпти. Ғарбга ҳижрат қилган диндор мухолифат ичида ҳатто, дин бошқа – сиёсат бошқа, тузум демократик бўлаверсин, диний эркинликларни тортиб олиб қўймаса бўлди, дейдиганлар салмоғи ортиб боряпти. Бу алоҳида катта мавзу. Биз ҳозир демократ мухолифлардан айримларининг динга муносабатини алоҳида кўриб чиқмоқчимиз. Чунки бу нарса бизнинг мусулмон диёримизда муҳим ва ҳал қилувчи масалалардан биридир.

Яна қайтариб айтамиз: ичкарида ташқарини кузатиш имконияти роса чекланган, шунинг учун хулосаларимизда бир оз кемтиклик бўлиши табиий, олдиндан узр сўраймиз.

Онда-сонда қулоғимизга чалинган, кўзимиз тушиб қолган маълумотларга қараганимизда ҳам аҳвол ташвишланарлидир. Масалан, “Озодлик” радиоси ўзбек бўлими сайтидаги мунозараларда, “Янги дунё” сайти айрим муаллифларининг мақола ва баҳсларида ҳамда “Бирлик” ҳаракати раҳбарларининг ўз интернет газетларида диннинг ижтимоий аҳамияти, инсон ҳаёти, жамият ва сиёсатда тутган ўрни тўғрисида билдирилаётган мулоҳазалар оҳанги кишини чўчитади, сергаклантиради. Динни ерга уриш, шаънига у лойиқ бўлмаган салбий сифатларни айтиш, диндорнинг устидан кулиш, умуман динни тушунмасликдан келадиган ҳар хил туҳмату бўҳтонлар урчиб боряпти.

Фикри динга қарши бўлган “мухолиф”лар унутган бўлса, эслатамиз: халқимизнинг катта қисми Оллоҳга ва элчисига қаттиқ ишонадиган ва эргашадиган мўмин-мусулмондир. Мамлакатимизда бундан кейинги ҳеч бир катта иш мўмин-мусулмоннинг талаб-истагини ҳисобга олмасдан, у билан тил топишмасдан туриб амалга ошмайди! Амалга ошгандай кўринса-да, катта кемтик қолаверади.

Шундай экан, диндорни хўрлайдиган, унинг кўнглига қулоқ солмайдиган, аксинча, уни ёмон кўрадиган, унга яшаш ҳаққини бермаётган, жамият ва давлат ишларидан бир четга суриб қўйиб, бир мусулмон юртни, бир мусулмон халқни ўз билгича (халқнинг хоҳиш-иродасига, эътиқодига, ҳаёт тарзига терс равишда) бошқараётган бир ЗОЛИМни ағдариб ўрнига ўтирмоқчи бўлаётганлар ҳам дин масаласида ўзидан олдингидан ҳеч фарқ қилмаса, неча пуллик қиммати бўлади?! Бир золим ўрнига яна бир золим келар экан, нега энди мусулмон халқ унга эргашсин, нега қўлласин?!

Олдингисига қараб ҳафсаласи пир бўлганидай, энди келадиганига қараб ҳам (икки оғиз сўзидан кимлигини таниб ва келажакда нима қилмоқчи эканини билиб) ҳафсаласи пир бўлиб турса, нега унинг чиройли сўзларига учсин?!

Бундай “мухолиф” билан ҳатто золимга қарши иттифоқ тузмайди менинг мусулмон халқим. Чунки унақа “мухолиф” бугунданоқ эртанги золимдир. Бўлғуси сиёсати асосига Ислом динига қарши курашни қўйишини олдиндан эълон этиб турган эй мухолиф! Динсиз сен кимсан?! Кимга йўлбошчи бўлмоқчисан?! Сиёсий мақсадингни амалга оширишда кимга суянмоқчисан?! Ким сенга эргашади ва итоат этади?!

Ҳеч бир мўмин бугун Ислом динини ёқтирмайдиган мухолифчини, ҳатто у ўн карра ғайрат билан енг шимариб “зулмга қарши кураш”га киришган бўлса ҳам, қўлламайди. Бордию эртага ҳокимиятга келса, имкон туғилди дегунча, бошидан улоқтириб ташлашга ҳаракат қилади.

Ўрни келиб қолди, бир вақтлар орқасидан бутун халқни эргаштира олган, мамлакатдан мухолифат ўлароқ чиқиб, эндиликда майда гаплар ботқоғига ботиб бораётган бир ҳаракат ҳақидаги мулоҳазаларимни ҳам билдирсам.

Гап “Бирлик” халқ ҳаракати ҳақидадир.

“Бирлик” ўз замонида елкасига тушган ишни имкони етган қадар қилди. Эришиши мумкин бўлган натижаларга ҳам эришди. Ўзбекистонга озми-кўпми тоза ҳаво кириб келишига, миллатнинг уйғонишига ҳисса қўшди. Фаолиятини шу ерда тўхтатганида ҳам у ҳамиша яхши ном билан эсланадиган бир ҳаракат ўлароқ тарихда қолар эди.

Зотан, унинг тарихий вазифаси шу билан тугаган эди ҳисоб. Унинг бўлиниб кетгани ҳам табиийдир. Уйғонган миллат дунёқараши кенгайгани сари ҳаёт кун тартибига янги ижтимоий-сиёсий масалаларни янгича тарзда қўйишга эҳтиёж сезади. Мақсад сари илгарилаш учун эски арава талабга жавоб бермай қўйса, янги замон араваларига ўтади. Бунинг ҳеч қандай ҳайрон бўладиган ёки оғир оладиган жойи йўқ.

Саксонинчи йиллар охири тўқсонинчи йиллар бошидаги “Бирлик” энг керакли паллада энг керакли сиёсий куч сифатида майдонга чиқиб, бўйнига тушган энг керакли вазифани шараф-ла бажарди ва шу иши биланоқ у ватанимиз ва халқимиз тарихида унутилмас хотиралар, ўчмас излар қолдирди. Энди ўз вақтида фаолиятини тўхтатиш ҳам катта натижа бўлади. “Бирлик”нинг ижобий палласи аллақачон ўтган. Қанчалик аччиқ бўлмасин, буни очиқ тан олиш керак. Бугун “Бирлик”да у эски олижаноб ғоя ва у эски буюк мақсадлардан асар ҳам қолмаган. Мияси айниб қолган йўлбошчисигина ҳамон ўша-ўша эски одам! “Халқ ҳаракати” сифатида унга на халқнинг ишончи (мандати) қолди, на “Ҳаракат”нинг ва на бошлиғининг халқ олдида обрўйи қолди!

Бугун дунё ўзгарди, ҳаёт янги-янги масалаларни ўртага қўйяпти, замон янгича боқишларни тақозо этяпти. ”Бирлик” эса бугун адолатсизликка, диктаторлик тузумига қарши ишлатиши лозим бўлган бор кучи-ғайратини рақобатчи шахс ва ҳаракатларга ҳамда Ислом динига қарши йўналтириб, тинимсиз иғвою бўҳтон ёғдириб ётибди ‒ мухолифатнинг кучини синдиришга ҳаракат қилиб келяпти. Бу билан Ўзбекистондаги диктаторлик тузуми тегирмонига бир ариқ сув қуйиб ётибди. Шулардан хулоса қилинса, “Бирлик”нинг бугуни шарафсиз, эртаси умуман қоронғи, кечаги шонли тарихи ҳам бугунги ифлосликлари билан ботқоққа ботирилган. Бир замонлар халқ ҳаракати сифатида ташкил топган эди, ҳозир бир ҳовуч кимсанинг сиёсий-ижтимоий эрмагига айланиб қолибди. Мазлум халқнинг хоҳиш-иродасини ифодаламайди ‒ ҳақиқат шу! 

Мен бу гапларни бир пайтлар “Бирлик” халқ ҳаракатининг фаол иштирокчиларидан бири ўлароқ, иккита хомаки нусха асосида унинг бир овоздан тасдиқланган Низомини, ҳаракат Дастурини ҳамда юзминглаб нусхада кўпайтирилиб халққа тарқатилган алоҳида Эслатмани ёзган одам ўлароқ, минг бир афсус билан битяпман.

“Бирлик” ичида бўлганим ва унинг ғояларини эларо тарқатишда озми-кўпми ҳиссам қўшилгани учун ҳам, қанчалик оғир бўлмасин, бу гапларни айтишга маънавий ҳаққим бор деб ўйлайман.

Мухолиф ташкилотлардан юрт ичи ва ташида “Эрк” демократик партияси бор. Бошлиғи ва кўп аъзолари эски “бирлик”чи бўлгани, уларни ўша дамларда яқиндан таниганим билан, кейинчалик ораларида бўлмаганим учун, партия ўлароқ ҳозирги ҳолати менга қоронғи. Бирнима демаётганим шундан.

Яқинда четдаги айрим мухолиф кучлар бирлашиб, “Ўзбекистон халқ ҳаракати”ни ташкил этишди. Бу ҳаракат фаолиятини энди бошлагани сабабли ҳам ҳозирча у ҳақда бирон-бир тасаввур ё хулосам йўқ. Келажак кўрсатади.

Аммо бирлашишнинг ўзи катта ижобий ҳодисадир ва кишида умид уйғотади. Албатта, ҳеч қайси гуруҳга ё партияга кирмаган алоҳида мухолиф шахслар ҳам бор. Дардлари имон ва Ватан бўлса, уларни ҳам ҳартомонлама қўллаб-қувватлаш керак бўлади.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com