Бошлади
Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган бу ҳаромхўрлар,
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Жамоатсиз азон қуруқ бир сасдир,
Барча мулло ўқиган илм абасдир,
Қозиларнинг иши чой билан носдир,
Бузуқ бир нишона чиқа бошлади.
Эшонлари ҳар эшикда топилар,
Муллоларга йўқ ғийбатлар ёйилар,
Авлиёман, дея лўли сўпилар,
Қийқириб, осмонга боқа бошлади.
Чиқар ибо билмай қизу келини,
Оқ юзига ёпар қора телини,
Қанча азоб билан топган пулини,
Маржондек бўйнига тақа бошлади.
Махтумқули бошга ўраб саллалар,
Оч бўридек йўртар, баъзи муллолар,
Ҳаромдан-ҳалолдан йиғиб ғаллалар,
Топганин бўғзига тиқа бошлади.
Махтумқули
…Ҳа, бир гуруҳ чин маънодаги маслакдош дўстларимиз ва танқидларимизга дош беролмасдан асаби қўзиётган мустабид президент Каримовнинг бир-икки тарафкашлари айтаётганидек, баъзи бир масалаларда ҳақиқатан ҳам бироз ошириб юбораётгандирмиз. Чинданам, қаламкашлик одобини озроқ четлаб ўтиб, тож-тахт, шон-шуҳрат дея, чорак асрдан буён қайталанмас ҳар кунимизни аросатда, халқни, унинг келажагини йигирма беш йил сурункасига таҳликали бир вазиятга солган, мамлакатни инқирозлар гирдобида ушлаб келаётганларнинг қиёфаларидаги чизгиларни беомон бир тарзда очиб ташлашга тиришаётганимиз ҳам, балки айни ҳақиқатдир. Балки, азалдан риоя қилиб келинган удумларимиз ва ўзимизгагина хос бўлган ҳассос туйғуларимиз, бу каби номуссизликлар – муаммо қилиб кўтаришга арзимас кўринган, аммо ниҳоятда долзарб бўлган баъзи жиҳатлар қаршисида бироз оғрингани, жоиз бўлса, шикастланаётгани ҳам ростдир. Аммо, кўпчилигимизнинг ўз қобиғимиз – ўз хаёлот дунёмиз чегараларида, миллат ва дину диёнат, ўтмиш ва келажак хусусида жон куйдирганимиздан, мамлакат ичидаги бедодликлар қурбонларига – адолатсизликдан, зулм ва истибдоддан тутамасдан ёнаётган жонларга, дунёни англаб-англамасдан ўтиб бораётган бир миллатга, ич-ичимиздан ачинганимиз ҳам балки чин юракдандир, ҳақиқатан, самимийдир. Бироқ чора-тадбир қўллаш ўрнига, куйингандан, ич-ичдан ўртангандан нима фойда? Бизнинг бир миллат бир дин вакиллари сифатида, бу дунёда ўз айтар сўзимиз, муштарак эзгу мақсадларимиз йўқми? Миллатнинг келажаги, мамлакатнинг ободлиги учун бизлар қўлни-қўлга бериб бир байроқ остида, шахдам қадамлашдан маҳрум қилинганмизми? Ёки очмизми, тўқмизми, хавфсиз бир бурчакка тиқилиб олиб, маънавиятимизга, иқтисодиётимизга Мустақиллик етказаётган талофатлар тўғрисида, кеча-кундуз дийдиё қилиб, номусдан лахча чўғдек ёниб турган ҳиссиётларимизга шу йўл билан сув сепиш учун бир-биримиз билан баҳс-мунозарага киришиб, ҳар кун юрагимиздаги ҳасратларни бир челак чиқинди каби бир чеккага тўкканимизда – ичимизни бўшатганимизда, миллатимизга, мамлакатимизга бирор-бир манфаат етади, деб ўйлаяпмизми? Айтаверсак, саволлар пайдо бўлаверади. Аммо бирортасига тайинли жавоб топишнинг иложи йўқ…
Барча айтаётгани каби, бизнинг юраксиз ва бошимизга не келса, индамай ортмоқлаб кетаверадиган бир миллат эканимизга шу чоққача мен ишонмаганман, ишонмайман ҳам. Чунки, мен ўзбек миллатининг навоторликка мойил феъл-атворини, унинг ич-ичига яширинган фақат ва фақат яхшиликлар қилиш ва эзгу ишларни амалга оширишга илҳақ олий ҳис-туйғуларию, буюк ишларга чанқоқ иқтидори чегараларини яхши англайман. Унинг шонли ўтмишидаги каби келажада ҳам нусратларга эришмоғини, янги ва бешавқат бир дунёдаги ўз ўрни, ўз айтадиган сўзи бўлишини ҳам, мен жони-дилимдан орзулайман. Унинг ўзи емай, ким-кимларни едиргани, ўзи киймай, ким-кимларни кийдирганини ер юзида билмайдиган бирор кимсанинг ўзи йўқ бўлса керак. Унинг дўсти ҳам, айтиш жоиз бўлса, тенгсиз душмани ҳам, мана шу каби “фазилат”лар эканлиги ҳам менга яхши аён. Унинг кимлигини, ўзидан кўра ўзгаларнинг кўпроқ билиши, унинг пешона шўри эканлигини у билганда, эди, у ҳеч қачон бировлардан марҳамат кутиб, қўл қовуштириб ўтирмаган бўларди. Андиша, деган ноёб тушунчани ҳам у бошқача тушуниб, уни ҳаётга тадбиқ этишни ҳам бошқача бир тарзда қўллаган бўларди…
Унга айни кунларда ҳам ўтмишдаги сингари эркинлик, озодлик, адолатли қонунлар ва қонунларни ишга сола оладиган раҳбарлар зарур бўлиб турибди. Унинг кейинги асрларда узоқни кўрадиган бир раҳбарга ялчимагани уни адойи тамом қилгани етмагандек, келажагини ҳам хавфли саволлар остига қўйяпди. Мен жонимдан ҳам ортиқ суюдиган шундай бир миллатни, юртини гуллаб-яшнатишга, дунёда мамлакати иқтисодини тараққий эттиришга ҳар тарафлама қурби етадиган бир халқни йигирма беш йилдан буён, бир думсиз шайтон эшак қилиб миниб турганда, нима учун тилимни томоғимга ютиб, қўл қовуштириб ўтиришим кераклигини тушунмайман. Демак, фуқаро сифатида ҳушёрликни суистеъмол қилишга ҳаққим йўқ экан, думсиз шайтонга кўз ва қулоқ, оёқ ва қўл бўлаётган, кучига-куч бағишлаб, амалга ошираётган ваҳшийликларига эзгулик тусини бераётган Анвар қориларга, зўравонлигига расмий мақом бериб, хўт-хўтлаб қутиртираётган Рустам Иноятов ва Шавкат Мирзиёевлар кабиларга нима учун ён беришим керак экан? Адолатни, озодликни жон-дилимдан хоҳлаб турганимда ҳам, нима учун зулмдан ва қўл-оёғимга солинган кишанлардан умидимни узмаслигим жоиз бўлади? Миллатимнинг дўстлари, менинг дўстларим бўлгани каби, душманлари менинг душманларим эмасми, ёки? Миллатнинг шодлиги шодлигим бўлгани каби, унинг кулфати кулфатим, унинг бошига тушган мусибатлар менинг мусибатим эмасми, ахир?!
Куни кеча Ўзбекистон фуқаролари қулликкка тушган мамлакатлар орасида, иккинчи ўринни эгаллагани хусусида, дунё матбуотида расмий маълумотлар пайдо бўлди. Бу президент Каримов айтмоқчи, “келажаги буюк” бир давлат ҳақида, жуда ҳам уятли бир хабар эмасми? Аммо, ҳукумат ҳар галгидек ўзига ёқмаган бу масалага ҳам расмий муносабат билдиришни истамади. Унинг, “бетимнинг қалини, жонимнинг ҳузири” қабилида иш тутиши ҳар доимгидек халқ билан ҳисоблашмаслигидан, уни бир чақага олмаслигидан, албатта. Аммо ўз фуқароларини қулликка, фаҳш ишлар қилишга мажбурлаган Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукуматининг гладиоторлар гўшти билан боқилган балиқларни еб, ўзларини бошқалардан устун қўйган Рим киборларидан қандай фарқи бор? Унинг: “Биз кеча ким эдик, бугун ким бўлдик” ёки “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам ҳам бўлмаймиз”, деган сўзларининг исботими, бу? Ёки дунёдаги катта-кичик шаҳарларда ўзбек фоҳишаларининг уяси бузилган арвоҳлар сингари изғиб юришининг президент Каримов каби муфти Усмонхон билан бош имом хатиб Анвар қорини ҳам қизиқтирмаслиги, ҳақиқатан ҳам одамлар айтаётгани сингари айни ҳақиқатмикан? Улар ридони хўжа кўрсинга кийиб, дасторни мол-дунё ортириш учун бошларига ўраганмиканлар, ёки…
Тасаввур қилинг: шундай вазият ҳукмрон бўлиб турган бир пайтда, “Шаҳидлар хиёбонида” Мустақилликнинг 23 йиллиги тантаналари муносабати билан матбуотдан бутун Ўзбекистонга кўриниш бераётган учта мурдор нималар ҳақида суҳбат қуради…
– Ла илаҳа илоллоҳ, Муҳаммадан расуллулоҳ, деб, Аллоҳнинг бирлигини тан олсак, мусурмон бўламиз! – дейди, кўзларини қисиб, биринчи марта умрида Жаноби Пайғамбаримизнинг пок номини ўлганнинг кунидан чайилмаган оғзига олаётган президент. – Буни, тушуниш керак…
Ислом динига тиш-тирноғи билан қарши Каримовнинг бу “иқрори”дан на муфти Усмонхон, на Анвар қори таажжубга тушади. Ҳар иккаласи ҳам президентнинг бир ярим ойдан буён, калимаи шаҳодатни Мустақиллик байрами муносабати билан халқнинг олдига чиқиб айтиш учун машқ қилаётганидан яхши хабари борлиги, уларнинг қиёфасига жиддийлик бағишлайди. Улар ҳар галгидай, бу сафар ҳам президент халқнинг кўзи учун рол ўйнаётганини ичларидан сезиб билиб, ўзлари ҳам ўзларига ажратилган ролни ўйнашга чоғланиб турадилар. Давлат раҳбарининг сиёсатни ўйин, динни халқни гумроҳликда ушлаб туриш учун одамзот томонидан ўйлаб топилган бир нарса, деб билиши ҳам, ҳамма каби уларга аён. Бироқ, муҳими бу эмас. Уларнинг нима деб ўйлаши, ўзларини қандай тутишлари ҳеч бир нарсани ўзгартирмайди. Президентнинг имонсиз ва эътиқодсизлиги, субудсизлиги ва артистлиги эса, халқнинг, мамлакатнинг бошига битган бало, мусибат ва чексиз бир фалокатдир. Миллатнинг, мамлакатнинг тақдирини ҳал қилишга қодир шахснинг мунофиқлиги табиий офатлардан, уруш ва қирғинлардан кўра, ҳалокатлироқдир, асоратлироқдир…
Эргаш Сулаймон
(давоми бор)