Прокурор Кристер Петерссон, имом Обид қори Назаровга суиқасд қилишда гумон қилинган икки шахсни оқлаган швед суди қарорига протест киритиш ниятида.
Прокурор Петерссон суднинг ажримига рози эмас. У, ҳибсга олинган жуфтлик ёлланма қотил билан тўғридан тўғри алоқада бўлгани, у Назаровни ўлдириш миссияси билан Швецияда бўлганида, унга турли хизматлар кўрсатишганига далиллар келтирганини айтади.
Назаровга, прокурорнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқароси бўлган, 1978 йил туғилган Юрий Жуковский ўқ узган, Назаровга суиқасддан кейин унинг изи қаердадир Россияда йўқолган.
Ҳозирги пайтда, Петерссоннинг сўзларига кўра, Жуковскийга Европа қидирув тармоқлари орқали халқаро қидирув эълон қилинган.
“Суд ҳукмидан кейин бизнинг имконимизда аппеляция учун уч ҳафта бор, келаси ҳафтада мен уни топшираман”, – деди Петерссон uznews.net сайтига.
Бироқ, прокурор, гумондор жуфтлик бунгача Швецияда қолиб, янги ҳибсни кутиб ўтиришмайди, дейди. “Аёл [яъни Нодира Аминова] 2013 йилгача ўқиш учун стипендияси бор, бироқ мен улар тез орада Швецияни тарк этишади деган гумондаман”, – дейди у.
Швед суди, Ўзбекистон билан муносабатларни бузмаслик учун сиёсий қарор қабул қилиши мумкинми? – деган саволга, Швециядаги суднинг мустақиллигига ишонишини, бу каби нохолисликни тасаввур қила олмаслигини айтди.
Оғир яраланган имомнинг ўғли Довудхон “Озодлик”ка берган интервьюсида, суднинг қарори унинг оиласини қониқтирмаганини билдирди. Унинг назарида, айблов томони, уларнинг айбланишига аниқ далиллар келтирган.
“Нима учун суднинг бундай қарор қилгани менга хануз аниқ эмас”, – дейди Довудхон.
Унинг сўзларига кўра, имом Обидхон қори Назаровнинг аҳволи суиқасд қилинган кундан буён ўзгаришсиз, оғир ҳолда қолмоқда. Бироқ у ва унинг оиласи, ҳаммаси яхши бўлиб кетишига умид қилмоқда.
“Шайтон фақат ноумид бўлиши мумкин, бизнинг эса Аллоҳдан умидимиз бор, – деди Довудхон “Озодлик”ка. – Шифокорлар ҳам умидлантираяпти, бироқ ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шунинг учун, Аллоҳдан умидвор бўлиб, сабр бардош билан кутамиз”.
ЎХҲ хабар бўлими