O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Швейцария прокуратураси Г.Каримова вилласида тинтув ўтказди.

Швейцария прокуратураси Г.Каримова вилласида тинтув ўтказди.
20 views
04 September 2013 - 10:47

imagesШвейцария Конфедерация Прокуратураси август ойи охирида Женевадаги тўрт манзилда тинтув ўтказилганлигини тасдиқлади.
Прокуратуранинг Би-Би-Си радиосига маълум қилишича, 2012 йили бошланган жиноий текширув иши бўйича Федерал Жиноий Полиция бошқармаси Женева Полицияси билан ҳамкорликда тинтув амалиётини амалга оширган. Расмий хабарда айтилишича, бу жиноий тергов тўрт Ўзбекистон фуқаросига қарши очилган иш доирасидадир.
Терговнинг ҳозирги босқичида илгари сурилган айбловлар ушбу шахсларнинг ноқонуний пулларни қонунийлаштиришга қўл урганликларидир, бошқа тафсилотлар эса маълум қилинмаслиги айтилган.

Би-Би-Сига кўра, тинтув ўтказилган уйлардан бири Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли вилладир.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат илгари, шу йилнинг 17 ва 18 июн кунлари Гулнора Каримовага тегишли Париждаги ҳашаматли уй ва Сан-Тропе оромгоҳидаги виллага муҳр босилган эди. Париж полицияси ушбу тинтувни Швейцарияда тергов қилинаётган ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноий иш доирасида амалга оширгани айтилган ва Швейцария прокуратураси Франция полициясининг сўровига кўра Г.Каримовага тегишли экани айтилган бир неча манзилга рейд уюштирганини тасдиқлаган эди.
Амалиётдан мақсад “ҳужжатларни қўлга киритиш бўлган” дейилади.
Г.Каримова пул ювиш ва коррупция даъволарини Твиттер орқали рад этган, гарчи рад этиш бундай шаклда эмас, балки расман судга бериш орқали бўлади, аммо судга ҳануз бергани йўқ. Шу билан бирга, Ғарб матбуотидаги чиқишларни ўзини ёмонотлиқ қилиш кампаниясининг бир қисми, деб атаган, аммо Ғарбда “ўз юртида энг нафратланган аёл” деб аталадиган Г.Каримовани бундан ортиқ ёмонотлиқ қилиш кимга керак бўлиб қолганини очиқламаган.

ЎХҲ хабар маркази