O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Швейцария Янукович “оиласи”нинг 140 млн. евросини музлатиб қўйди

Швейцария Янукович “оиласи”нинг 140 млн. евросини музлатиб қўйди
26 views
05 May 2014 - 17:04

швейцШу йилнинг 4 май куни Швейцария Федерал прокурори буйруғи билан Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович ва унга яқин бўлган бер нечта шахсларга тегишли банк активлари музлатиб қўйилган. Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги хабар берди.

Февраль ойи охирларида Швейцария ҳукумати Украинанинг 20 та собиқ мансабдор шахслари, шу жумладан, Виктор Янукович ва унинг ўғли Александрга тегишли ҳисоб рақамларни музлатиб қўйишга буйруқ берган. Март ойига келиб эса ушбу рўйхатга яна 9 Украиналик собиқ мансабдорларнинг исми киритилган.

Айни пайтда Швейцария Федерал прокурори пул ювишда гумон қилинаётган ва ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилган шахсларга нисбатан бешта жиноий иш очган. Федерал прокуратура вакилининг сўзларига кўра тергов олиб бориш жараёнида музлатиб қўйилган пулларнинг миқдори 170 миллион швейцария франкини (тахминан 140 млн. евро) ташкил қилади. Ушбу маблағлар Виктор Янукович ҳамда унга яқин бўлган 20 киши, шу жумладан унинг ўғли Александрга тегишлидир.

Маълумки, аввалроқ Украина Вазирлар Маҳкамаси Виктор Янукович ва унинг режими томонидан ўзлаштирилган барча маблағлар Украинага қайтарилишини билдирганди. Хусусан, Украина адлия вазири Павел Петренко бунинг тараққий этган ҳозирги маданиятли дунё учун шараф масаласи эканлигини таъкидлаганди.

Бундан ташқари, Украина вазири ҳориждаги ҳамкорларга ушбу маблағларнинг ўғирланган пуллар эканини ҳамда улардан илгари Қиримда фаолият юритиб ҳозирда Украина Шарқида вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилаётган террорчилар ва айирмачилар молиялаштирилаётганини аниқ асослантириб берилганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой бошларида Украина бош прокурори вазифасини бажарувчи Олег Махницкий собиқ президент Виктор Януковичнинг Украинадан 100 млрд доллар атрофидаги пулни олиб чиқиб кетгани ва бу пулларнинг бир қисми ҳозирда Европа Иттифоқида ва қолган қисми эса Россияда эканини таъкидлаганди.

ЎХҲ ахборот бўлими