O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Швеция журналисти: ТелеаСонерага оид маълумотларимиз ишончли

Швеция журналисти: ТелеаСонерага оид маълумотларимиз ишончли
359 views
06 November 2012 - 14:31

Швеция журналистлари Швеция-Финландия мобил алоқа ширкати Teliasonera 4G мобил алоқа хизмати лицензияси учун Ўзбекистон ширкатига қўшимча 55 миллион доллар пора берганлиги борасидаги янги даъволар билан чиқишган.

Швециянинг Sveriges Television – SVT телеканали кундалик дастурига кўра, Teliasonera бу пулни Гибралтарда рўйхатдан ўтказилган Takilant ширкати банк ҳисобига ўтказган.

Янги иддаолар Teliasonera Президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага яқин Гаяне Авакян раҳбарлик қилувчи Такилантга Ўзбекистондаги лицензияси учун қарийб 300 миллион доллар тўлагани борасидаги айбловлар устидан текширувлар бораётган бир пайтда янграмоқда.

Манбага кўра, Каримова хоним Teliasoneraга билвосита боғланиб, ўзига “кўпроқ пул” кераклиги ҳақида айтган.

Ширкат эса, айбловлар бўйича изоҳ беришдан бош тортган. Биз Швеция телеканали вебсаҳифасида чоп этилган янги дастур муаллифи Joachim Dyfvermarkга боғландик ва янги маълумотларни у қаердан олгани ҳақида сўрадик:

Joachim Dyfvermark: Тадқиқотларимиз давомида ТелеаСонера ичида ва атрофида фаолият олиб борувчи одамлар билан боғландик. Жараённинг энг бошланғич қисмида Телеосонера нафақат 3G, балки 4G лицензиясини ҳам сўрагани аён бўлди. Бу иш ширкат 2007 йил Ўзбекистонда фаолиятини бошлаганидан 2-3 йил ўтиб амалга оширилган. Биз бир неча ҳафта олдин ҳам рақамлардан бехабар эдик. Улар қўлимизга келиб тушар экан, ТелеаСонеранинг банкидан Такилант ҳисобига ўтган пул 55 миллион доллар экани аёнлашди.

Би-би-си: Сизда буни тасдиқловчи бирон бир далил борми, масалан, олди-бердилар акс этган банк ҳисобими, хат ва ё бошқа ҳужжат?

Joachim Dyfvermark: Агар биз бу маълумотлар ҳақиқатлигига ишонмасак, чоп қилмаган бўлардик. Манбаларимиз билан ширкат билан жуда яқин. Мен ўз манбаларимни ҳимоя қилишимиз лозим, бу боис ҳам бундан ортиқ тафсилотларга бора олмайман. Уларнинг кимлиги, ТелеаСонера ичидаги маълумотларни олишга қандай имконли эканлари ва ё бу ишлар тарихига оид ахборотлар юзасидан изоҳ, мени кечиринг, беролмайман.

Би-би-си: Тадқиқотларингиз давомида яна қандай янги маълумотларни қўлга кирита олдингиз?

Joachim Dyfvermark: Бир неча ҳафта олдин бизни ҳайратга солган нарса – 3G лицензияси учун 250 миллион АҚШ доллари олган Такилант, ушбу лицензия учун қайд қилинмаган бўлган. Яъни, Такилант Ўзбекистонда 3G лицензиясига эгалик учун ҳеч қачон рўйхатдан ўтмаган, у лицензия бериш салоҳиятига эга бўлмаган. 3G лицензияси учун “Телесон мобайл” деб номланган кичик ширкат қайд қилинган. Бу ширкат лицензияни 2007 йил сентябр-октябр ойиларида олган, кейин уни ТелеаСонерага сотган. Пул эса, хориждаги Такилант ширкати банк ҳисобига келиб тушган. Ҳозирги нуқтада биз “Телесон мобайл”нинг эгаси кимлигини билмаймиз. Айрим манбалар:”Гулноранинг ширкатларидан бири ё-да, Гулнорага яқин одамлар бу ширкатга эгалик қилади”, дейишади. Баъзилар эса, “Телесон мобайл”нинг эгаси Такилант эканини айтишади. Айни пайтда ТелеаСонера бу маълумот юзасидан изоҳ беришни истамаяпти.

Би-би-си: Сиз 2010 йил Гулнора Каримова ТелеаСонера билан билвосита алоқага чиқиб, “ўзига кўпроқ пул кераклиги”ни айтганини даъво қиласиз. Бу “Гулнора Каримованинг ўзи шахсан бу олди-бердиларга бош қўшган” деган тўғридан – тўғри айбловми?

Joachim Dyfvermark: Мен бу маълумотни тўғирлашни истардим. Манбалар бизга: “Гулнора Каримова учинчи шахс орқали ЮСЕЛЛ ва ТелеаСонерага чиқди ва улар бир нарса сотиш истагидаликлари ҳақида айтди”, дейишди. Ўшанда улар нима сотиб олишлари мумкинлиги борасидаги савол ўртага чиққан. У пайтда ТелеаСонерага 4G лицензияси керак бўлмаган, лекин, улар бу лицензияни сотиб олишга рози бўлишган. Барча иш воситачи орқали бажарилган, Гулнора Каримованинг шахсан ўзи яқинлашмаган. Манбаларимиз бизга шундай дейишди. Аммо, ўртада турган одам ўзининг Гулнора Каримова вакили эканини айтган.

Би-би-си: Бизга маълумки, бундан олдин Teliasonera ширкати Ўзбекистондаги мобил алоқа тўлқинларидан фойдаланиш ва 3G лицензияси учун Такилантга 2 миллиард 200 миллион Швед крони тўлагани юзасидан текширувлар давом этмоқда, Сиз айни текширувлар қандай бораётганидан бохабармисиз?

Joachim Dyfvermark: Йўқ. Швецияда ҳар қандай полиция текширувлари махфий келишувлар асосида олиб борилади. Полиция ва прокурор бу жараёнда бирон бир маълумотни оммага ошкор қилишмайди. Маҳкамага ошилгачгина бу расмий хабарга айланади. Ундан олдин маълумот олиш имконсиз.

Би-би-си: Сизнингча, нима учун ТелеаСонеранинг Ўзбекистондаги фаолиятига бунчалар катта қизиқиш билдирилмоқда? Ширкат нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Беларус, Озарбайжон каби собиқ Шўро давлатларида ҳам фаолият қилади…

Joachim Dyfvermark: Бу ишда, менимча, пулнинг ҳажми, келишувлар қандай йўл билан амалга оширилгани сабаб. Мазкур масала билан қизиққан ҳар қандай одам бу ерда қандайдир қинғирлик борлигини англаши қийин эмас. Бизнес бу тариқа ишламайди. Швеция давлатига қисман тегишли бўлган йирик бир ширкат оффшор ҳудудидаги хусусий ширкатга, унинг вакиллари ва тузум ўртасидаги алоқаларини текширмай туриб, 250 миллион доллар тўламайди. Агар худди шундай келишув Озарбайжонда амалга оширилганда ҳам, шундай катта ҳодисага айланган бўларди. Аммо, бу, афсуски, Ўзбекистонда юз берди ва келишув атрофидаги аҳвол бу иш юзасидан катта қизиқишларга етаклади.

 

bbc.co.uk/uzbek