O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шермуҳаммадбек Лашкарбоши ва Туркистон Миллий Озодлик Ҳаракати

Шермуҳаммадбек Лашкарбоши ва Туркистон Миллий Озодлик Ҳаракати
1,352 views
13 March 2021 - 0:04

Бугун Туркиянинг Адана шаҳрида Шермуҳаммадбек лашкарбошининг хотира куни нишонланмоқда.

Шўролар даврида Ватан ва миллат озодлиги учун курашган Мустафо Чўқай, Шермуҳаммадбек, Мадаминбек, Анвар Пошо, Катта Эргаш, Кичик Эргаш, Нурмуҳаммадбек, Иброҳимбек лақай, Абдуқаҳҳорбек каби бир қатор миллат жонкуярлари тўғрисидаги ҳақиқатдан воқиф эмасдик. Аммо баъзибир “олим”лар улар шаънига турли иғво, бўҳтонлар ёғдириб, бемаъни, сохта тавқи лаънатлар ёпиштиришдан чарчамас эдилар. 1991 йилда Мустақиллик шабадалари эсмаганида мазкур ватандошлар номи оқланиши, хориждаги бошқа миллатдошлар учун Ватан дарвозасининг очилиши даргумон эди.

Биз лашкарбоши Шермуҳаммадбек ҳаёти мисолида аждодларимизнинг Туркистон озодлиги учун олиб борган курашини ҳали кўп таҳлил қилишимиз керак. Менинг фикримча, ўтган асрнинг йигирманчи йилларида авж олган ватанни озод этиш, истиқлолчилар ҳаракати тарихчиларимиз ва мутахассислар томонидан ҳали етарлича ўрганилган эмас. Шу боис, Шермуҳаммадбек лашкарбоши китоби устида ишлаш жараёнида кўплаб саволлар пайдо бўлдики, уларга тўғри жавоб топишда озми-кўпми қийинчиликлар ҳам юзага келди. Китобхоннинг диққат-эътиборини ўша даврдаги айрим мураккаб ва драматик эпизодларга жалб этишга ҳамда бунда иштирок этган шахслар фаолиятини англашга ҳаракат қилмоқчиман:

Туркистонда миллий-озодлик ҳаракати: Туркистонда миллий-озодлик ҳаракати гарчанд ХIХ асрнинг ўрталаридан бошланган эса-да, унинг янги шаклдаги кўриниши ХХ аср аввалидан бошланган. Бунга 1916 йили Оқпошшонинг туркистонлик эркакларни Польша фронтида мардикорликка жалб этиш тўғрисида чиқарган фармони ва 1918 йил 18-февралидан бошлаб большевикларнинг Ўрта Осиё ҳудудида олиб борган босқинчик ва қизил террори асосий сабабларидан бўлди. Бу ҳаракат асосан Чор Россияси ва ундан кейин ҳукумат тепасига келган большевиклар, улар қўллаган сиёсатга қарши йўналтирилган миллий-озодлик ҳаракати эди. Шу билан бирга, қайд этиш керакки, босмачилик ҳаракати иштирокчиларини уч тоифага ажратиш керак бўлади:

БИРИНЧИСИ, эски замонни қўмсаб, Қўқон хонлиги, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини тиклаш борасида бир тўда зодаган бойлар, диндор-уламолар ташаббуси билан тузилган босмачи тўдалари. Бу ҳаракатга қўшилганлар унчалик кўп бўлмаган;

ИККИНЧИСИ, олий мақсадларни кўзлаб, миллий-озодлик ва истиқлол йўлида, она заминни босқинчилардан озод этиш йўлини танлаган босмачилар бирлиги. Бу ҳаракатга Мадаминбек, Шермуҳаммадбек ва бошқа қўрбошилар раҳнамолик қилишган. Уларнинг орқасидан кўпчилик ишониб эргашди, бу ҳаракат охир-оқибат халқ ҳаракатига айланиб кетди;

УЧИНЧИСИ, босмачилик ҳаракати ниқобида ўз манфаатларини кўзлаб, тинч аҳолини талаб, ўлдириб, босқинчилик ва бандитлик ишлари билан шуғулланган ваҳшийлар. Бундай тўдалар миллий-озодлик ҳаракатига ғоясига путур етказиб, унга ўта салбий таъсир қилган. Аммо улар кичик-кичик гуруҳлардан иборат эди.

Қўқон мухториятининг босмачилик ҳаракатига таъсири: Қўқон мухториятининг ағдарилишини Туркистонда босмачилик ҳаракатининг келиб чиқишига асосий сабаблардан бири сифатида қараш мумкин. Ўз даврида Мустафо Чўқай ҳам ўз асарларида буни тасдиқлаган. Дарҳақиқат, айнан 1918 йил феврал воқеаларидан сўнг шўролар сиёсатидаги қўпол хатоликлар оқибатида минг-минглаб туркистонликлар босмачилик ҳаракатига қўшилди ва халқ бу ҳаракатни қўллаб-қувватлай бошлади. Халқ қўрбошилардан Қўқон мухторияти ҳукуматига ўхшаб большевикларнинг ёлғон декларация ва ғояларига ишониб, қўл қовуштириб ўтирмасдан, қўларига қурол олиб, юртни озод этиш учун жанг қилишни талаб қилади. Бу Туркистонда босмачилик ҳаракатининг янги кўринишдаги миллий-озодлик ҳаракатига айланиб кетишига туртки бўлди. Қўқон мухториятини ташкил қилган жадидчилар ва ҳукумат аъзолари ҳам миллий-озодлик ҳаракатига қўшилдилар. Қўқон мухториятини тузиш бўйича тўпланган кичик тажрибадан Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек ташаббуслари билан тузилган “Фарғона Муваққат Ҳукумати” ва “Туркистон Турк Ислом жумҳурияти ҳукумати” тизимини ташкил қилишда фойдаланилди. Қўқон мухториятининг тузилиши, қисқа даврдаги фаолияти ва қизиллар томонидан ағдарилиши Туркистонда босмачилик деб номланган миллий-озодлик ҳаракатининг авж олишига, унинг ҳарбий, ташкилий ва сиёсий шаклланишига ижобий таъсир қилди.

Афғонистон подшоҳлари ва босмачилик ҳаракати: Ўша пайт, Афғонистон подшоҳи Омонуллахон ўз мамакатида Россия ва Туркия раҳбарлари Ленин ва Камол Отатурк тимсолида ўзича мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш нияти борлигини ошкор қилган эди. Лекин эндигина Англия чангалидан қутулган Афғонистон бундай ислоҳотларга ҳали тайёр эмас эди. Омонуллахон Туркистондаги жараёнлар билан ҳар доим қизиқиб турган эътиборли давлат арбобларидан бири эди. Омонуллахон бу даврда икки тарафлама “ўйин” олиб борганлиги билан бошқалардан ажралиб турган. Бир томондан советлар билан “дўстлик” битимини тузиб, уларнинг тузоғига илинган бўлса, иккинчи томондан Бухоро амири Саййид Олимхон билан махфий хат ёзишиб, советларга қарши биргаликда курашиш тўғрисида музокаралар олиб борган. Шунингдек, у Туркистонга ўз одамларини юбориб, у ердаги вазиятни аниқлаб, “босмачилар” ҳаракати раҳнамолари билан музокаралар олиб борган. Бундан кўзланган асосий мақсад, Туркистон ва Бухоро амирлиги ерларини Афғонистонга қўшиб олиб, илгаридан орзу қилган утопик “Афғон халифалиги”ни тузиш йўлларини ахтарган. Туркистон миллий озодлиги ҳаракатига ёрдам беришни ваъда қилиб, ўз сўзининг устидан чиқмаган. Шу билан бирга Омонуллахон, Афғонистонга ўтган Шермуҳаммадбек ва бошқа ватандошларимизни қабул қилиб, эмиграцияда яшашлари учун шарт-шароит яратишга ҳаракат қилган. Кўпчилик ислом давлатлари Омонуллахон ва Саййид Олимхондан минтақада большевизмга қаршилик ҳаракатини тузиб, барча миллий-озодлик ҳаракатларини мувофиқлаштиришни кутган эди, афсуски, бу икки раҳбарнинг бунга сиёсий иродаси етишмади. Натижада Туркистон, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидаги истиқлолчилaр яккаланиб қолиб, қизиллар томонидан яксон қилинди. Туркистон ерларига юқоридагидай қараш Зоҳиршоҳ даврида ҳам камаймади. Иккинчи Жаҳон уруши бошланишида Кобулда “Фаол” махфий ташкилотини тузиш билан боғлиқ ҳаракатлар бунинг исботидир. Афғонистон ҳукумати қўшни Туркистон ва амирликда бўлаётган жараёнларга жиддий ёндашмай, оддий кузатувчи бўлиб турди, холос.

Бухоро Амири ва босмачилик ҳаракати: Бухоро амири Саййид Олимхоннинг миллат олдида йўл қўйган қўпол тарихий хатолари ҳали кўп йиллар оғиздан тушмайди. Амирнинг Туркистонга нисбатан эскидан сақлаб турган кеки, очиқдан-очиқ олиб борган беписандлик, такаббурлик ва манманлик сиёсати охир-оқибат амирликнинг емирилишига сабаб бўлди. Бухоро амирлигининг олтин заҳираси беҳисоб эди. Бироқ, ундан ҳеч вақт мамлакат ва халқ манфаати йўлида фойдаланилмаган. Бу масала бўйича илмий тадқиқот олиб бораётган ўзбек тарихчилари Қахрамон Ражабов ва Сотимжон Холбоевларнинг таъкидлашларича, амир Саййид Олимхон ҳатто, ўзига яқин бўлган сарой амалдорларини унга чет элдан армия ёллаш ва ҳарбий техника сотиб олиш учун олтин ажратиш тўғрисидаги таклифларини ҳам рад этади. Амир Олимхон Бухорога, Фрунзе отрядлари бостириб киргунга қадар русларга содиқлигини амалда кўрсатиб, фаолиятсиз қолади…

Аслида, Бухоро амирлиги ватан ва халқ ҳимояси учун босқинчиларга қақшатқич зарба бера оладиган кучли армия ёллашга, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа сотиб олишга қодир бўлган. Шунингдек, у душманга қарши Қўқон ва Хива хонликлари билан ҳамкорликда бирлашган мудофаа армиясини ташкил этиши ҳам мумкин эди. Афсуски, бундай бўлмади. Бунинг оқибати маълум. Дин ва диёнат, мамлакат босқинчилар томондан оёқости қилинди, миллат ва халқ тобе ва қарам бўлиб қолиб, хўрланди, беҳисоб моддий ва маънавий бойликлар, олтину зарлар талаб олиб кетилди…

Анвар Пошо ва босмачилик ҳаракати: 1920 йили Бухорога Анвар Пошонинг келиши босмачилик ҳаракатининг янада авж олиб кетишига сабаб бўлди. Бухоро заминида кўпчилик қўлга қурол олиб, мужоҳидлар сафига қўшилди. Албатта, бу ўринда Анвар Пошонинг ролини юқори баҳоласак арзийди. Аммо Анвар Пошо Закий Валидийнинг маслаҳатига қулоқ осиб, Афғонистонга бориб, каттароқ армия, қурол-яроғ ва куч тўплаб, Ўрта Осиё ҳудудига кирувчи Туркистон, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидан чиққан барча мухожидларни бирлаштириб, сўнгра қизилларга ҳужум қилганида, балким уруш майдонидаги манзара бутунлай бошқача бўлар эди. Афсус, ўшанда Заки Валидий томондан асослаб берилган 14 банддан иборат зарур тавсияларни Анвар Пошо инобатга олмади. Бундан ташқари, Анвар Пошо Масковдан келибоқ фақат Бухоро амирлиги ҳудудида мужоҳидлар ҳаракатига эътибор қаратди. Бу масалада қизилларга қарши курашда анча тажрибага эга бўлган туркистонликлар нимагадир четдай бўлиб қолди. Фикримизча, Анвар Пошо Шарқий Бухородаги ҳарбий кучларни Туркистондаги қўрбошилар билан бирлаштириб, ягона қўмондонлик остида фаолият юргизганида кўпроқ натижага эришиларди. Лекин шунга қарамай, Анвар Пошо Шарқий Бухорода кўрсатган жасорати, мардонавор юришлари, қахрамонлиги ва турк халқларини озод этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун у туркий халқларининг миллий қаҳрамон бўлиб қолаверди.

Шермуҳаммадбекнинг босмачилик ҳаракатини ташкил этишдаги ўрни: Лашкарбоши ҳақидаги китобнинг каттагина бўлими асосан Шермуҳаммадбекнинг яқинлари билан ўтказилган интервюлар асосида тайёрлангани боис биз бу одам тўғрисида алоҳида тўхталишни лозим топдик. Шермуҳаммадбек қисқа вақт мобайнида ҳарбий, сиёсий ва давлатчилик масалаларида жуда катта ютуқларга эришди. У бошқалардан ўзининг мардлиги, ҳарбий масалалардаги қаттиққўллиги миллий истиқлол йўлидаги кураш ҳамда ватанини босқинчилардан озод этишда кўрсатган мардонаворлиги, жасурлиги билан ажралиб туради.

Шермуҳаммадбек қўрбоши сифатида: Ўз қарамоғида бўлган бир неча минг аскар билан ўзига қарашли ҳудудларда қизил унсурларга қарши олиб борган жангларда тобланди ва ёв учун ўта хавфли қўрбошилардан бирига айланди. У ҳарбий юришлардан олдин ҳарбий разведкаси етказган маълумотларни диққат билан ўрганиб, кейин бир қарорга келар эди. Қўрбоши сифатида ўзига тегишли барча ҳудудий қўрбошилар билан алоҳида ишлар ва зарур кўрсатмаларни бериб, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирар эди. Ҳарбий раҳбар сифатида душманга ўта муросасиз ва қўл остидагиларга нисбатан талабчан қўмондон бўлган.

Ҳарбий саркарда-лашкарбоши сифатида: У ўзининг иқтидорли ҳарбий қўмондон эканлигини кўрсата олди. Водийда фаолият юргизаётган 150 қўрбошининг қурултойда уни Бош лашкарбоши этиб сайлашлари водий халқи орасида унинг қанчалик катта обрўга эга эканлигини билдирди. Ўша пайтда оз миқдорда қурол-яроғ билан тиш-тирноғигача қуролланган қизил аскарларга қарши кураш олиб боришни ташкил қилиш жуда оғир бўлган. Лекин шундай паллада турли қарашларга эга, турфа характерли қўрбошиларни бирлаштириб, уларга раҳнамолик қилиш албатта ўзига ишонган, барча тан олган, кўпчиликнинг ҳурматига сазовоp одамнинг қўлидан келарди, холос. Собир Сайхон айтганидек: Шермуҳаммадбекнинг юрагида миллийлик ва миллатпарварлик кучи бўлганлиги сабабли халқ унга ишонди, орқасидан эргашди ва ҳаммага танилди.

Давлат арбоби сифатида: Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Мустафо Чўқай ва Мадаминбеклар тузган Муваққат ҳукуматлар икки-икки ярим ой яшаган бўлса, Шермуҳаммадбек тузган “Туркистон Турк Ислом жумҳурияти” уч йилга яқин фаолият юргизди. Уни давлат арбоби ва Бош қўмондон сифатида Афғонистон подшоҳи Омонуллохон, Туркистон Бирлик қўмитаси раиси Заки Валидий, Бутун Бухоро Бош қўмондони Анвар Пошо ва бошқа кўзга кўринган давлат арбоблари тан олишди. Ҳатто қизиллар бош қўмондони М.Фрунзе ҳам у билан ҳисоблашадиган бўлиб қолган эди. Ўз навбатида Шермуҳаммадбек Туркистонлик жадидчилар билан алоқани узмай иш юритди. Заки Валидий билан ҳамкорликда Туркистон Бирлик қўмитаси режаларини босқичма-босқич фаоллаштиришда иштирок этди. Уруш бўлиб турганига қарамай давлат қурилиши, ҳукумат ишларини бошқарди, кун сайин такомиллаштирди, янги тизимлар тузди ва ҳк.

Дипломат сифатида: Шермуҳаммадбек ҳар бир масала юзасидан фаоллик кўрсатди. Қўшни давлатларга элчилари жўнатди. Хорижий миссиялар билан Туркистон миллий истиқлол ҳаракатига ёрдам кўрсатиш борасида бир қатор музокаралар олиб борди. Уни ҳатто европа давлатлари вакиллари ҳам тан олиб, бир неча бор музокаралар олиб боришади. Буюк Британиядаги ўша пайтдаги ички мураккаб вазият туфайлигина инглизлар билан олиб борилган музокаралар ниҳоясига етмай қолди. Шермуҳаммадбек бу ишларни қаттиқ жанглар бўлаётган бир пайтда олиб борди. Умуман олганда Шермуҳаммадбекнинг бундай ютуқларга эришиши унинг ўзидаги бор қобилияти ва истеъдоди, билмаганларини сўраб ўрганиши, атрофига зиёли, илгари ҳукумат миқёсида хизмат қилган тажрибали одамларни йиққани, яқин дўстлари Анвар Пошо, Заки Валидий ва бошқа зиёли одамларга таяниб иш юритгани сабабли намоён бўлди.

Оддий инсон сифатида: Шермуҳаммадбек жуда вазмин, меҳмондўст, миллатпарвар одам бўлган. У ҳеч қачон бировни беҳуда ранжитиб, зулм ўтказмаган. Лекин ҳарбий масалаларда жуда қаттиққўл лашкарбоши бўлган. Уйдагилари ва яқин дўстлари билан ширинсўз суҳбатдош бўлиб, ҳар қандай одамни ўзига ром қилиш қобилиятига эга бўлган. Шермуҳаммадбек ўта камтарин одам эди, ўзига зеб бермасди. Шахсан мен унинг Туркиядаги Адана шаҳридаги уйини кўриб, шу нарсаларга амин бўлдим. Шермуҳаммадбекнинг фарзандлари, неваралари ва жиянлари билан суҳбатлашганимда, уларда ҳам мана шундай хусусиятлар борлигини сездим. Шунинг учун бўлса керак, барча қўрбошилар орасида Шермухаммадбек алоҳида нуфузга эга эди. Мустафо Чуқай ҳам 1928 йили Туркистонда босмачилар ҳаракати тўғрисида ёзган катта мақоласида Шермуҳаммадбек шахси тўғрисида ҳақоний гапларни баён қилади. У Шермуҳаммадбек барча қўрбошилар ичида советларга қарши энг муросасиз ва шафқатсиз бўлиб, охирги дақиқаларгача ўз ватанига содиқ ва миллатпарвар одам бўлиб қолганлигини алоҳида тъакидлайди. Мазкур мақоладаги мана бу фикрлар айниқса қимматлидир: “кўпгина қўрбошилар кураш охирида бир нарсани англадилар. Уларнинг фикрича, энди қизилларга нисбатан куршда ҳарбий масалада бирлик, ҳамжиҳатлик ва якка ҳукмронлик бўлишини ва ҳаммани бирлаштира оладиган ягона лидер кераклигини тушундилар… Ўша пайтда бундай талабларга жавоб бергувчи ягона лидер фақат Шермуҳаммадбек (Кобулда яшаётган) қўрбоши бўлиши мумкин эди…”.

Мавлон Шукурзода,

“Америкалик ўзбеклар. II китоб” Иккинчи фасл, биринчи боб: “Лашкарбоши Шермуҳаммадбек авлоди билан суҳбат”.

Dover (USA) – Adana (Turkiya) – Тoshkent, 2009 йил.