O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шеърини яшаётган шоир…

Ҳаракатимиздаги биродарларим имо ишора қилишди: Раис ҳақида сиз сўз айтинг, дейиша олмади улар ошкора.

Шеърини яшаётган шоир…
171 views
20 December 2012 - 13:17

19.12.2012Ҳаракатимиздаги биродарларим имо ишора қилишди: Раис ҳақида сиз сўз айтинг, дейиша олмади улар ошкора. Сиз дейишди, улар орамизда у кишини энг яхши танийсиз…

Бу имо ишоранинг турли сабаблари бор. Биринчидан, кўпчилигимиз туғилган кун, уни нишонлаш ёки бу муносабат билан бирон иш қилиш фикридан узоқлашиб кетганмиз. Ҳолбуки бундан йигирма сана аввал туғилган кунимизни, бу куннинг ҳақиқий қаҳрамонлари ота онамиз эканлигини унутган ҳолда, нишонлар эдик. Кейин улар ўзаро муносабатларнинг “шахсийлигига” ишорат қилишди чамамда. Яъни, бировнинг бошқа бировга яқин бўлиши аввало хусусий иш, дея ўйлашган бўлишса керак. Шунинг учун ҳам улар бу ишни сиз қилишингиз керак, дея оёқ тираб туришмади. Чунки хусусий муносабат хусусий қадрият, яъни ҳар ерда байроқ сифатида кўрсатилавермайдиган қадриятдир…

Ҳақиқатан ҳам мен шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ ака билан мана 23 йилдирки бир йўлда юриб келмоқдаман. Тақдирнинг чизгиси экан бу йўл: Мухолифат, дея аталадиган ва анчайин тор, шунинг учун ҳам аъзолари елкама елка туришга мажбур, айни пайтда йўлчилар биров бировларининг нафақат қадамини, ҳатто олаётган нафасини ҳам сезиб турадиган йўлдир бу мухолифат йўли…

Мухолифат ҳукуматга қарши турган куч сифатида талқин қилинади доимо. Аммо Муҳаммад Солиҳнинг ҳаёт йўлини мухолифат йўли, дейиш ҳам бир замонлар унга айтилган “Шеърингизни тушунтириб беринг?” , каби нидони ўртага чиқариши шубҳасиздир. Чунки адолат истаган одам ёки адолатни яшаётган одам аслида мухолиф эмас, иқтидор соҳибидир. Чунки аслида зулм адолатга мухолифдир, шунинг учун ҳам адолат тамсилчиси шоирга мухолиф дейиш унинг мақомини, бир замонлар шеърини тушуниш қийин бўлгандек, осон тушуниб бўлмайдиган бир мақомга ўхшатиб қўяди…

Муҳаммад Солиҳ шеърларини яшаётган шоирдир. Агар у шоир бўлмаганда сиёсатчи ҳам бўлмас эди назаримда. Чунки у ҳар ёзган сатрини қадрлайдиган, ҳар сатрини ғишт қилиб, ундан адолат саройини қуришни “лойиҳалаштирган” шоирдир. Шунинг учун ҳам унинг сиёсат йўли ўзига хос, кимларнинг назарида унга кулфат келтирган, аслида эса унинг учун танлови бўлмаган бир йўлдир. Яъни, унинг шеър ва сиёсат йўлида муқобиллик бўлмади. Ёзганини емади у, сотмади ҳам, аксинча у унга ёшлик йилларида айтилган худбинлик даражасида шеърларига ёпишиб олди. Ёзган ҳар мисрасини эмас, ҳар ҳарфини, ҳар нуқтасини, ҳар ишоратини яшаш учун улкан шахсга айланди шоир…

Бу Ватан -меники, десангиз бирор
Одам туриб демас сизга: «Бу -ёлғон!»
Чунки ҳақиқатни айтасиз такрор,
Айтиб, мен сингари йиғламайсиз қон…

(“Сизга ярашар” шеъридан)

Мен биламан унинг кимлигин –
Яккамохов, бадавлат, нотинч-
Мен биламан, унинг жимлиги
Чидаб бўлмас соғинчдир, соғинч.

Ахир, нима ҳаққи бор унинг?
Бу сизники, сизнинг ерингиз –
Боринг, уни ҳибсга олинг!..

Ё Ватанин топиб берингиз…

(“Денгиз бўйида” шеъридан)
Мен Муҳаммад Солиҳни таниган 1990 йил у бу сатрларини тамсил қилаётган, яъни ҳужайраларига сингиб кетган бу сатрларини ўзбек деган бир миллат билан баҳам кўраётган бир вақт эди. У кунлар ҳақиқатан ҳам Ватан кунлари эди. Ватан мустақиллиги учун юракларимиз урарди. Биз ватанни топиш арафасида турардик ўша кунлар буни ўзига шиор қилган бир шоир атрофида…Ва бизни на маҳаллий режим на да ГКЧП қўрқита оларди. Олдинда шеърини яшаётган бир шоир бор эди. Унинг шеърлари аввало ўзи учун қалқон эди. Бу қалқон ватан деганлар учун байроқ ҳам эди ўша замонлар…Юз минглаб нусхада Эрк газетаси чиқарди бу шиорни ва уни ижод қилган шоирни элга танитиш учун

Кейин ватан тушунчаси бир онда ўзгарди шоир назарида: Аёлнинг ватани эридир деди у кутилмаганда…Бу бурилиш эмасди, ишни янада жиддийлаштириш, уни бир поғона тараққий қилдириш эди бу. Бу айни пайтда банда Солиҳдан, Солиҳ банда тарафга отилган қадам ҳам эди. Зотан, шоир ватанни адолат юзасидан истаганди, чунки унинг ватани адолат Пайғамбари (сав) даъватининг акс садоси ўрнашган макон эди аҳли имон наздида. Шоир илҳомга асосланиб отаётганди қадамларини, илҳом эса ҳидоятнинг ишорати эди шубҳасиз…

Шу тариқа Ҳақ йўл саҳнасида ботил ва унинг тарафдорлари билан курашиб, йигирма йилдан кўпроқ вақт ўтиб кетди. Энди тошлар ўз ўрнига жойлашди. Энди тушунтириб бериш учун ўртада ҳеч бир вақо қолмади. Чунки ҳақиқат инсон болалари пайдо бўлгандан бери ўзгармаган шакли билан бугун ўртададир. Ўзбекнинг шоири Муҳаммад Солиҳга икки “зот” мухолиф бўлиб қолди. Вақтинча эмас, доимий, нисбатан эмас, мутлақ мухолиф бўлди улар шоирга. Улардан бири адолатни ерга уришга уринаётган машҳур Золим ва иккинчиси эса сўз қадрини обрўсизлаштиришга уринаётган бир Вайсақи…. Бу икки “зот” Муҳаммад Солиҳ номини эшитиш билан ҳушларидан кетиш даражасида чўчиб кетадилар. Чунки улар шоир тамсил қилаётган Ҳақ йўл ва адолатдан жиноятчилар ўз қилмишлари учун бериладиган жазодан қўрққанлари каби қўрқадилар. Ашё зидди билан маълумдир, дейдилар. Инсон ҳам худди шундай мавжудотдир. Инсон ҳам ҳам ўз мухолифлари билан маълум ва машҳурдир. Сизга салом бўлсин, эй адолат ва ҳақ сўз тамсилчиси. Йўлингиз ойдинлигича қолсин , Аллоҳ таоло гуноҳларингизни ва гуноҳларимизни мағфират қилсин…

 

Намоз Нормўмин,

20 декабрь 2012 йил.