Муҳаммад Солиҳнинг 70 йиллик таваллуд айёмига бағишланади
ШЕЪРЛАРНИ КИТОБХОН АНГЛАШИ КЕРАК
“Шеърларингизни тушунтириб берсангиз…” мақоласида М.Солиҳ шеърларида китобхон ва шеър ўртасидаги алоқа, сўз қўллаш ва лирик қаҳрамон проблемалари хусусида мунозара юритилади.
Мунаққид дастлаб, шеърни ўқувчига яқинлаштириш керак, деган фикрни айтади. У М.Солиҳ шеърларининг ўқувчидан узоқлиги сабабини “субъектив талқин биринчи даражали бўлган”лигида кўради.
Мақоладан кўринадики, танқидчи М.Солиҳ шеърларидаги сўз ва ибораларга юкланган мазмунни нотўғри англаган, натижада тиниқ чизилган ҳолат ва манзаралардан ноўрин хулосалар чиқарган. Буни “Уйқусизлик” шеъри таҳлилида ҳам кузатамиз.
Бизнингча “жаранглайди” сўзини қаҳрамон ҳолати билан боғлиқликда олиб қараш керак эди. Негаки, синоним сўзларнинг маъноларида ўзаро фарқланувчи нозикликлар мавжуд: “шанғилламоқ”, “ғувилламоқ” бошқа-бошқа ҳолатларни ифодаловчи сўзлар бўлгани сингари “жарангламоқ” сўзи ҳам бутунлай ўзгача ҳолатни англатиб келяпти.
Шоир “жаранглайди” сўзини қўллар экан, сезгилар қулоққа, бошга, вужудга келиб урилаётганининг тасвирини чизади. Мана шуни нотўғри тушуниш бошқа образлар моҳиятини англашга, натижада яхлит бир шеърни тўғри ва теран таҳлил этишга монелик қилган.
Агарда жаранглаш тўқинишнинг ҳосиласи, деб шоир сўзларда образ чизяпти, деб тушунилса, таъсирчан, аммо метиндай мустаҳкам вужуд кўз ўнгимизга келган бўлар эди. Бу ерда шоир вужудидан айри тушган руҳ тасвирини яратмоқда, яъни вужуд қанчалик мустаҳкам бўлмасин, қалбнинг “бўрилар ичида қолган қўзичоқ” мисол ожизлигини, шу ожизлигини, шу ожизликдан келиб чиқиб, вужуднинг ўзига тегишли бўлган сезгиларга жовдираб қарашини тасвир қилмоқда.
Лирик қаҳрамон сезадики, тонг кутиб турибди. У англайдики, ҳозир ётиш керак… Қаранг, шоир бу ҳолатни бор-йўғи бир жумлада қандай баён қилади:
Фойда йўқ. Ҳа, айни лаҳзада ҳамма иш фойдасиз бўлиб чиқиши мумкин. Буни тушунган қаҳрамон ётади. Шеърда сезгиларнинг ўзи эмас, сезгилар таъсир этаётган, бир-биридан айри тушиб қолган вужуд ва қалбнинг сурати – маълум бир психологик манзара чизилмоқда. Бу ерда сезгилар эмас, манзаранинг ўзи муҳим. Аммо бунга танқидчи эътибор бермаган.
Танқидчи ушбу шеър таҳлилини шундай тугатади: “Сизга, азиз мухлис, қандай билмадим-у, лекин мен, гапнинг очиғи, ханжардай жаранглаб ётишни эмас, ханжардай жаранглаб – агар шундай дейиш ўринли бўлса – яшашни, меҳнат қилишни, яратиш, ижод этишни яхши кўраман ва ёқлайман”.
Албатта, бу гаплар ўз ўрнида тўғри. Аммо бар ҳақиқат иккинчи ҳақиқатга зид қўйилмаслиги керак. Шеърдаги “ётиш” сўзи ётавериш керак деган маънони билдирмайди. Бу сўз фақат шеърда сурати чизилган ҳолатга тааллуқли бўлиб, уни бошқача мазмунга буриш нотўғри.
Мунаққиднинг М.Солиҳ лирик қаҳрамони ҳақидаги фикрлари билан ҳам мунозарага киришиш мумкин. Зеро, М.Солиҳнинг лирик қаҳрамони пассив шахс эмас. Мисол тариқасида, танқидчи ҳам маъқуллаган “Отхонада от ухлар тикка…” деб бошланадиган шеърни олиб қарайлик. Шеърда от образига сингдирилган мазмун аста-секин равшанлашиб боради.
Чуқурроқ ўйлаб қарайлик. Атрофдаги одамларга разм солайлик! Наҳотки, атрофимизда шу от каби яшаш ва яратишнинг ёниқ завқи – бўрондан бенасиб, жим, лоқайд ўтиб бораётган одамлар кам бўлса! Ахир, уларда ҳам курашиб, яратиб яшаш ҳуқуқи бор-ку!
Шоир шундайларга қараб ачиниш билан:
Уни силаш учун,
Ачиниш учун,
Юзта сулув қизнинг қўллари керак.
Юзта! – деб таъкидлаганда нечук ҳақ бўлмасин?! Наҳотки, китобхонда шундай инсоний фикрлар, ҳиссиётлар туғдираётган, инсон учун куйинаётган шундай қаҳрамонни тор, субъектив шахс дейиш мумкин?!
Бироқ, ҳар ҳолда, адабий ҳодиса сифатида М.Солиҳ шеъриятимизнинг ифода техникасини янги босқичга кўтаришга ҳаракат қилаётганини табриклаш керак.
Мусурмон Номозов
“Куюнчак китобхонлардан хатлар” “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси
1983 йил, 5 август, №32 (2720)