O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ШЕЪР ва ШОИРлик бахти

ШЕЪР ва ШОИРлик бахти
398 views
01 May 2022 - 14:46
ОЛАМ ранг – баранг бўлгани сингари инсонлар ҳам турфа хил яратилган. Аллоҳ истеъдод билан сийлаган шоирлар ҳам бир бирига ўхшамайди. Бири дунёвий муҳаббатни чиройли маромига етказиб куйласа, иккинчиси илоҳий ишқ ошуфтасидир. Баъзиларида сатирик йўналиш устун бўлса, баъзиларида фалсафий шеърларга мойиллик кучли. Баъзи шоирлар ижтимоий руҳдаги шеърлари билан ном қозонади. Аммо рост сўзлаш ва бадиийлик шеъриятда ҳамиша бош мезон бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Аммо “Шуаро” сурасида келгани каби инсонларни имонга, яхшиликка чорлаб шеърлар ёзадиган шоирлар тўғри йўлдадир. Шоир ўз йўлини ҳамиша қидиради, ўзининг энг яхши шеърини ёзиш учун изланади. Аммо бу қидириш, бу изланиш унинг руҳиятида, шахсиятида кечгани яхши. Миллат, ватан ва Халқ ҳақида ёзганида РОСТ сўзни ёзсин, агар ёзолмаса бу мавзуларни четлаб ўтсин экан.
Баъзи туппа – тузук лирик шоирлар ўз
иқтидорини, имкониятини ҳисобга олмай, саройга ёқиш учун ёки унвону мансаб илинжида ватан, халқ ҳақида баландпарвоз шеърлар ёздилар, бундан ҳам ёмони халққа бош бўлган катта раҳбарларга мақтов шеърлар ёзиш билан машғул бўлдилар. Бу иши билан улар халқни ҳам раҳбарларни ҳам алдадилар, йўлдан адаштирмоқчи бўлдилар. “Шуаро” сурасининг каззоб шоирлар ҳақида “Шоирларга йўлдан адашганлар эргашур” деган пандини булар ё ўқимаган ёки уқмаган.
Совет даврида ҳам, биринчи Президент Каримов даврида ҳам бу ҳолатларга гувоҳ бўлдик.
Энг ажабланарлиси, “Беайб Парвардигор, инсон хатокор” деб, бу маддоҳлар ҳам давр ўзгариб, ўз хатоларини тушунибди деб ўйласанг, ҳеч нима бўлмагандай публикага чиқиб халқ, Ватан, миллат тақдири ҳақида баландпарвоз сўзларни гапириб энсангни қотиради. Миллат тақдирини, Халқ аҳволини ўйлаган шоирлар ҳамма вақт бўлган ва бўлади. Тўғрироғи ўз миллатини, элини, юртини севмаган шоир бўлмаса керак. Аллоҳ уларни истеъдод ва қалам билан сийлаган экан ўз элининг дарду аламларини, қувончини куйлаш имконини, яъни эл номидан сўз айта олиш бахтини ҳам берган. Ана шундай бахтга том маънода муносиб ва муваффақ бўлган шоирлар тоифасига Шавкат РАҲМОН, Муҳаммад Солиҳ, Асқар Маҳкамни мисол келтиришим мумкин. Уларнинг “Халқ шоири” деган ясама унвони йўқ бўлса ҳам чин халқ шоирларидир.
Аммо мансабу унвонидан қатъий назар, ҳар қандай режимга хизмат қилувчи “шоирлар” бундай бахтдан мосуводир.
Оллоҳ муборак онларда гуноҳларимизни кечирсин, тўғри йўлга ҳидоят қилсин!
Юртимиз тинч бўлсин. Оллоҳ Таоло истеъдод соҳиби айлаган шоирларимиз ва олимларимизни адолатни айтишлари учун жасорат ва шижоат билан ҳам сийласин. Ёзганларимизга энг аввало ўзимиз амал қилишимизни насиб этсин.
Бутун миллатимизни икки дунё нохушликларидан асрасин! Омийн, йа Раббуйл оламийн!
Hasan Xolmirza Goyib