«ОҚ КЎЙЛАКЛАР» КИТОБИДАН
ШЕЪР
– Тўхтанг, илтимос…
Четга олиб туринг пақирни.
Мен ўзим тубига тушай бу Сўзнинг –
Бу қудуққа ўзим бир тушиб кўрай…
Пайпасланиб тушди.
Боқди зимистонга кўзини йириб.
Асрлик тошларнинг салқини
Қўлини ялади инсоннинг…
Ниҳоят қоп-қора сувинг устида
Ҳасратли қаддини эгар экан у,
Майда тўлқинларнинг ортидан,
Гўё нафис панжара аро,
Пайдо бўлди учрашувга ой…
Узоқ бир-бирига термилди улар,
Панжарани синдириб, ўпиша олмади улар.
– Мени қутқар , – деди Ой умидсиз.
– Қўлимдан келмайди, – деди у фақат.
Учрашув тугади, яъни тепада
Тақирлай бошлади пақирлар…
Ой уни кузатди ўзга осмонга
Совуқ панжарага юзини босиб.
1978
(65)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (47-48-саҳифалар.)