O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шовинизм тўғрисида

Шовинизм тўғрисида
181 views
28 April 2018 - 10:17

Парижда 1929 – 1939 йиллар оралиғида чоп этилган “Ёш Туркистон” журналини варақлаб юртимиз тарихига оид қадрли мақолалар орасида Мустафо Чўқайнинг бир мақоласи кунимизда ҳам долзарб кўринди. Араб ёзувидан кириллга ўгириб сизларга ҳавола қиляпман:

ШОВИНИЗМ ТЎҒРИСИДА

Юртимиздаги миллий ҳаракатга қарши большевикларнинг қўллаган энг заҳарли қуролларидан бири, биз туркистонликларни “Миллий шовинизм” билан айблаганидир.

Бироз бўлса-да, ўз миллий ҳуқуқи тарафдори бўлиб кўринган ҳар бир туркистонликни ишғолчилар “шовинист” ҳамда “инқилоб ва пролетарлар душмани” деб айбладилар. Агар шундай туркистонлик комунист партияси аъзоси бўлса тезлик билан партиядан чиқардилар ҳамда акс инқилобга қарши большевик усулида ўқ отувчи ҳаваскорларга тайёр нишон бўлдилар.

Шовинизм нима дегани?

Шовинизм деб, бошқа миллатлар манфаатига зарар етказадиган миллатчилик қилишига, бошқа миллатлар манфаатини ёлғиз ўз миллати манфаати учун қурбон қилишига айтилади. Шовинизм билан айбланган миллатга ўз шовинизмини ўтказа олса, яъни, у миллатнинг ўлкадаги бошқарув кучини ололса, ана энди ҳақиқий шовинизм юзага чиқади.

Туркистонликларни шовинизм билан айблашга асос бўладиган шартлар Туркистонда борми? Бу саволга биргина жавоб бўлиши мумкин: Йўқ!

Туркистонда ҳукмрон миллат руслар бўлганидан кейин давлат бошқаруви ҳам руслар қўлидадир. Олдин булар фақатгина рус, буюк рус деб айтилган. Ҳозир эса, рус пролетарлари, рус инқилобчи ишчи-деҳқонлари деб аталади.

Олдин Туркистон ва Туркистон туркларининг миллий манфаатлари фақатгина Россия ва рус халқига хизмат қилган. Ҳозир эса, юртимизнинг манфаатлари Совет Россиясининг инқилобий маркази фойдасига хизмат қиляпти.

1916 йилда генерал Куропаткин: “Туркистонликлар ўз маҳаллий ва миллий манфаатларини Россия ва буюк рус халқининг манфаатлари билан бир қаторга қўя олмайдилар. Россия энг аввало руслар учундир…” деган эди.

Куропаткиннинг бу сўзларини Москва большевиклари “қизил бўёқ”га бўяб қуйидагича айтадилар: “Сиз (туркистонликлар) ўз маҳаллий ва миллий манфаатларингизни инқилоб маркази яъни Россия манфаати билан бир қаторга қўя олмайсиз. Рус инқилобчи пролетарларининг манфаатлари ҳамманикидан устундир.”

Шалва Элиаванинг (1883-1937, гуржи асллик Совет давлати арбоби. Ўрта Осия ва Кавказ халқларини советлаштиришда муҳим ўрин тутган – Ф.О.) ҳақли равишда айтишича, Туркистонда ерли пролетарият йўқ. Бу ерда рус пролетарияти ҳукм суради (Ёш Туркистон, 1-сон). Демак, Чор даврида бўлгани каби ҳозирги кунда ҳам Туркистонда рус шовинизми ҳукмронлик қиляпти.

Олдин бу шовинизм “йиртқич миллатчилик” бўлган бўлса, ҳозир эса бу “инқилобий шовинизм” шаклини олгандир.

Рус ҳукмронлигига қарши курашган ҳамда ўз халқини ва юртини руслар билан тенг бўлишига тиришган туркистонликлар шовинизмда айбланишлари мумкинми? – ҳеч қачон мумкин эмас!

Ҳатто юртимизнинг миллий ҳуқуқи учун кураш баъзан “демократия чегарасини” ошиб кетган тақдирда ҳам ҳеч бир киши бизни шовинизмда айблашга ҳақли эмас.

Биз узоқ йиллар зиндонда гуноҳсиз ўтиришга маҳкум кишилар ҳолатидамиз. Бу ҳолдаги ҳар бир маҳбус бутун кучи ва у вазиятда мумкин бўлган бутун йўллар билан зиндондан қутилишга тиришади: деразадаги темир панжараларни кесиб ташлашга уринади; зиндон қоравулларини уриб йиқитишга тайёр бўлади. Лекин бундай деразаларни синдирган ёки зиндон қоравулларини ўлдирган кишига “том тешар ўғри” ёки “бош кесар жиноятчи” деб ҳукм бериш тўғри эмас.

Энгелс Россияни “Миллатлар зиндони” деб атаган. У бугун ҳам миллатлар зиндони ҳолида қолгандир.

Биз бу Совет зиндонининг панжараларини арралаяпмиз. Биз халқимизни қамоқда ушлаб турган зиндон қоравуллари билан курашамиз ва курашиш вазифамиздир. Биз озодлик учун ҳаракат қиламиз. Бизни бу ишимиз учун шовинист деб айблашлари, “Миллатлар зиндонида” ҳеч гапирмасдан тинчгина ўтиришимиз лозимлигини уқтираётган руслар, бу билан бизни зиндондаги соқчиларимиз эканлигини тасдиқлашяпти.

Биз ўзимизнинг миллий эрк ва истиқлол ҳаққимизни талаб этамиз. Биз миллионларча халқимизнинг қонлари тўкилган ва жасадлари ётган миллий истиқлол йўлида, русларнинг мутлоқ ҳокимияти ва буюк рус давлатчилик шовинизми билан дуч келяпмиз. Биз бу мутлоқ ҳокимиятни йиқитишни ҳамда рус ҳокимияти ўрнига ўз Туркистон миллий ҳокимиятимизни ўрнатишни хоҳлаймиз.

Чор Россияси бизни бўғарди ва юртимизни қонга бўярди. Большевик Россияси ҳам бизни бўғмоқда ва бутун юртимизни ҳамда бирин-кетин оилаларимизни қонга бўямоқда. Керенский каби “Келажакдаги демократик Россия” вакиллари эса, табиий ҳаққимиз бўлган ўз юртимизнинг том ҳуқуқли эгаси бўлиш учун қилаётган ҳаракатларимиз оқибатида душманлик қилиб дўқ қиляптилар (русча “Дни” журнали 71-сони).

Биз шунинг учун рус ҳокимиятининг ҳар қандай шаклига нафрат билан қараймиз. Бу ҳокимиятнинг эгаларига қарши бор кучимиз билан курашамиз ва курашаверамиз.

Буни шовинизмга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва бўла олмайди ҳам.

Агар биз ўз миллий ҳукуматимизни тузган пайтимизда русларни ва бошқа майда миллатларни эзсак ва Туркистон ватандошлиги ҳуқуқидан маҳрум қилсак ёки уларни ҳозирги кунда Туркистондаги “Пролетарият диктаторлиги эгаларини” бизларни эзганлари каби эзсак, энди биз шовинизм билан қораланамиз.

Давлат бошқаруви қўлида бўлган миллатгина шовинизмни юргизади ва юргиза билади.

Ҳолбуки биз зиндонда гуноҳсиз ётишга ҳукм қилинганлар вазиятидамиз.

Биз Совет Россияси, олдинги Чорлик Россияси, деб аталган буюк зиндоннинг темир панжараларини арралаяпмиз. Зиндон қоравулларига ҳужум этамиз ва бизни истиқлолга олиб борадиган йўлимизни бу қоравуллардан тозалаймиз. Бизни зиндонда сақлаган муддатларича миллий бойлигимиз ва ерларимизнинг руслар томонидан ишғол қилинмаслгини талаб қиламиз. Бу шовинизм эмас. Бу фақатгина ғоялар учун кураш ҳаққининг табиий бир кўринишидир.

Мустафо Чўқай
“Ёш Туркистон” журнали 2-сон, 1930 йил, 1-5 бетлар.

Файзуллахон Отахонов

facebook.com