O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шовриқ Рўзимуродовни эслаб….

Шовриқ Рўзимуродовни эслаб….
36 views
20 April 2013 - 15:00
shovruq
Шоврик Рузимуродов
Шовриқ Рўзимуродов нега ўлдирилганди? Бу масалани қайтадан савол сифатида қўйишнинг ўзи ортиқча аслида, лекин ўша дамларни хотирлаш ва уни азиз ўқувчиларимиз билан баҳам кўришга қарор қилдим. Ўқиётганингиз – бу мақола узун бўлади ва уни тўлиқ ўқишга ўзингизда куч топасиз деб умид қиламан. Зотан, Ўзбекистондаги қаттол режимнинг қаттол душмани бўлган Шовриқ Рўзимуродовнинг номини ҳамма ҳам билавермайди. Шунчаки у сиёсий, ҳамда ҳуқуқбонлар давраларида танишдир.

Шовриқ Рўзимуродовнинг энг олий хусусияти сифатида унинг фақат Оллоҳдангина қўрқадиган диндор йигит бўлганлигини ёд олиш керак. Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида, “Ола қарға” қишлоғида яшарди. У фақат Оллоҳдан қўрқишини таъкидларкан, ҳақиқатдан Шовриқ Рўзимуродов айни шундай инсон эди. Унинг олдида Ислом динига қарши бирор сўз айтиб бўлмас, ногоҳ оғзингиздан бехосдан бўлсада чиқиб кетган бирор жумла Исломга, ёки Қуръонга нисбатан зид келса, албатта сизни тавбангизга таянтириб, кейин гуноҳни ўзидан ҳам соқит қилиб оладиган одати бўларди. 

Кимдир бировнинг ноқис фикрга борганлигини билиб қолса ҳам, унинг фикрини ўзгартирмагунигача ўзини гуноҳкор, жуда бўлмаса мана шу гуноҳга шерик деб биларди. Аммо ўзининг ҳам бир гуноҳи бор эди. У икки хотинлик эди ва унинг иккинчи хотини, шахрисабзлик аёл Жамила Рўзиева милицияга хуфёна хизмат қиладиган аёл эди. Жамиланинг бунақа “ҳунарини” жуда кеч билганман, ваҳоланки, Шовриқ Рўзимуродовнинг ўзи буни билмасдан дунёдан ўтиб кетди. 2005 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетиб, Қирғизистонда яшаб юрган кезларимда Жамиланинг милицияга хуфёна ишлаши ҳақидаги хабар менгача етиб келди. Бунга ҳам етарлик сабаблар бор ва бу маслага алоҳида тўхталиб ўтиришга ҳозир зарурат сезмаяпман.

2000 йилда мени Озодлик радиосидан қувишди. Шу йилда радиода туб ўзгаришлар содир бўлиб, унинг Тошкентдаги офисида Азиз Жўраев исмлик лингвист бир олим раҳбар этиб тайинланди ва унинг биринчи қилган иши, мени ва Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан бўлган Асадулла Ортиқовни радиодан қувишдан бошланди. Раҳматлик Асадулла ака 2004 йилда юрак хасаталиги сабаб оламдан ўтган.

2001 йилнинг февраль ойи (бунда мен ишсиз қолган журналистман), Шовриқ Рўзимуродов билан Сурхондарё вилоятига сафар қиладиган бўлдик. Сафар хатарлик эди. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларидан 9 та қишлоқ аҳли мажбуран кўчирилган ва шулардан бешта қишлоқ аҳолиси Шеробод туманининг Зарбдор совхозига келтирилганди. Бу ерда маҳаллий ҳукумат янги қўлбола қишлоқ яратишган ва унга “Истиқлол” дея ном ҳам беришган экан.

Сафар хатарлик бўлганлиги учун олдиндан ўша вақтда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг бош котиби бўлган Толиб ака Ёқубовни, кейин эса Москвадаги Мемориал Инсон ҳуқуқлари марказнинг ходими Виталий Пономаревни ҳам огоҳлантирдим. Агар биз билан бирор кору ҳол рўй бергудек бўлса улар билишсин – қаерга ва нима мақсадда кетгандик!

Аммо бошқа масала ҳам бор эди. Камина Озодлик радиосидан қувилганман ва бирор жойда ишламайман. Бу пул масаласи эди. Айни муаммо Шовриқ Рўзимуродовда ҳам бор экан. Шовриқ ака ўзининг дўстларидан бири, ўша дамда Қашқадарё вилоятининг Нишон туман ИИБ нинг бошлиғи бўлган Сафар Сармоновдан 20 минг сўм қарз олди. Мен ҳам қўлимда бор пулларимнинг ярмини оиламга қолдириб, қолганини олиб чиқдим. Бу олти минг сўм ва 50 АҚШ доллари бўлди.

Режага кўра, мен Қарши шаҳридан Ғузор туманига боришим керак ва Ғузорнинг чет бир ҳудудиди Тошкент – Термиз катта ўзбек тракти билан туташарди. Шовриқ ака эса Яккабоғдан айни ўша ердаги бекатга келиши керак. Аслида у ерда бирор бекатнинг ўзи ҳам йўқ, аммо Сурхондарёга сафар қилаётган одамларни ўша жойдан олиб кетишарди. Шунга у жойни бемалол бекат десак ҳам бўлади.

Шовриқ ака билан тахминан соат 9 лар бўлса керак, Ғузорда, ўша белгиланган жойда учрашдик ва режамизни яна бир бор пишитиб олдик. Термизга кетаётган Дамас микроавтобусларидан бирига ўтирдик. Сафар сўҳбатлар асносида ўтарди. Мен ҳайдовчи ёнидаги ўриндиқда, Шовриқ ака ортда ўтиргани сабаб, у кўпроқ ўз ён-атрофидагилар билан суҳбатлашиб борарди. Бунақа кезларда Шовриқ Рўзимуродов ё сиёсатдан, ё диндан гапирадиган одати бор эди.

Деҳқонобод туманига етгандик, у ерда Шовриқ ака ҳайдовчидан илтимос қилиб намоз ўқиб олишга имкон сўради. У таҳорат қилиб келди ва пешин намозини ўқиб олди. Қизиқ томони шундаки, бу инсон мутлоқ таҳоратсиз юрмасди. Қаердаки таҳорати бузилса, ўша заҳоти янгидан таҳорат қилиб олар ва албатта “таҳорат ҳаққи” деб номлайдиган икки ракат намозини ҳам ўқиб қўярди.

Сафаримиз эса давом этди. Сурхондаё вилоятига ўтиш олдидан иккита милиция постига дуч келасиз. Деҳқонободнинг Оқработ ва Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманига қарашлик Дарбанд қишлоқларида улар. Ҳар икки постда ҳам сизни “обдон” текширишади, чамаси наркотик моддаларни излашади. Икки вилоят орасидаги “маъмурий чегарадан” мол олиб ўтаётган савдогарни кўрсалар, унинг юкини, ёки чўнтагини бирозгина “енгиллаштириб”, кейин кузатиб ҳам қўйишади.

Дарбанд постига келганимизда Дамасга бир милиция сержанти ҳам ўтириб қолди. У ичиб олганди, оғзидан гупиллаб ароқнинг ҳиди урарди. Бу кайфи тароқ “ҳуқуқ посбони” бошқа жой қуриб қолгандай, айнан Шовриқ аканинг ёнига ўтирди. Тушундимки, суҳбат жуда “қизғин” бўлади.

Милиционер ўзининг ҳамкасблари билан отамлашиб қайтаётган экан. Дарбандга унинг хотини ҳам келган ва аёли олдинроқда Термиз томон кетётган автобусга чиқган экан. Бизнинг янги ҳамроҳимиз бўлган милиция сержанти ҳайдовчидан автобусни қувиб етишни илтимос қиларди.

Аснода Шориқ Рўзимуродов билан суҳбати қизиб кетди. Шовриқ ака ҳеч қўрқмасдан ўзининг мусулмон эканлигини, ароқ ичмаслигини, ароқ ҳаром ва уни ичиш эса гуноҳ эканлигини милиционерга тушинтиришга урина бошлади. У эса “мен сизни қаматтириб юборишим мумкин” деб ўдағайлашгача ҳам борди.

“Марҳамат, қўлингиздан келса қаматтиринг”- таҳдидга кулимсираб жавоб берди Шовриқ ака, кейин қўшимча қилди, – “бутун Ўзбекистонни қараб чиқинг, мени ушлаб турадиган қамоқхона ҳали қурилмаган!”.

Аста-секинлик билан сержант “оғамиз” анчагина ҳовуридан тушиб қолди. Бирга ишлайдиган одамлари, бошлиқлари билан ичмаса бўлмаслигини айтиб ўзининг аҳволини тушунтиришга уринарди у. Шовриқ Рўзимуродов эса қиёматда гуноҳларингизни кўтаришиб юборармикан ўша бошлиқларингиз дея уни баттар изза қилди.

“Мен ҳам эшонларданман, исмим ҳам исломча – Худойберди”. – деб қолди у. Шунда Шовриқ ака уни яна бир “чўққилади”.

“Худойбердими ҳали, аттанг, шундай исмда иснод келтириб ароқ ичиб юрибсизми?” – деди.

Хуллас, Шерободга етиб бормай туриб милиционернинг хотини бораётган автобусни қувиб етдик ҳам. Дарҳол автобусни тўхтатиб олган сержант аёлини тушириб олиб, Дамасга ўтқазди. Оддийгина қишлоқ аёли экан. Бошида шерободликларга хос бўлган кенг ва узун рўмол, устида эса одми қўйлак, нимча – хуллас оддий қишлоқ аёли. Токи Шерободга етгунимизга қадар аёл ҳам Шовриқ акага қўшилиб олиб эрининг ароқхўрлигини танқидга тута бошлади.

“Ўргатинг бунга, эшон бова, ичмасин.” – илтимос қиларди у. Шербод марказига етиб борганда эса биз Дамасдан тушиб қолдик, сержант “оға” ва бошқалар ўз сафарларини давом эттиришди. Марказда тушишимизнинг сабаби бор эди. Аввал қоринни тўқлаб олиш керак, кейин эса бирор таксини кира қилиб Зарбдорга томон ўтмоқчи эдик. Ҳар қалай, бизни қандай “сюрпризлар” кутётганини билмаймиз ва Оллоҳга таваккал қилишдан олдин қоринни ҳам тўқлаб олиш лозим эди.

Шеробод бозори яқинидаги чойхоналардан бирида ош ейдиган бўлдик. Шовриқ ака Рўзимуродов бирор қарияни кўриб қолса албатта ўшанинг олдига ўтиб оладиган одати ҳам бўларди. Кексаларнинг суҳбатини жон-дилдан хуш кўрадиган бу инсон учун дунёдаги энг азиз инсон ҳам унинг кекса онаси бўларди. Иттифақо, шу ерда ўтириб ош еётган бир қарияни топиб олди ва мени ёлғиз қолдириб ўшанинг ёнига ўтиб кетди. Суҳбатлашди. Гўру қиёмат, дину динёнатдан бўлди бу суҳбат. Қария ўз билганича намоз ўқишини ва ўтмишдан қолган бир ҳикояни ҳам келтириб ўтди.

Соат эса 14 дан ҳам ошиб қолди. Биз таксилар тўхтаб турган жойга ўтдик. Буни қарангки, таксичилар Зарбдорга олиб боришдан олдин паспортимизни кўрсатишни талаб қила бошлашди. “Нега?”- деб сўраганимизда эса, Сариосиё ва Узун туманларидаги ўша қишлоқларда прописка қилинганларнигина олиб боришларини билдиришарди улар. Милиция шундай қаттиқ бир талаб қўйган экан.

Биз, яхшиси Термиз томонга ҳаракатланадиган Дамаслардан бирортасига ўтириб, Зарбдор қишлоғига олиб борадиган йўлдан нарироқда тушиб қолиб, қишлоқ жануби томонидан, майдонлар орасида бошқа йўл солишга қарор қилдик.

Зарбдорга элтадиган йўл бошида милиция пункти ҳам ўрнатилган экан. Ундан ярим, бир киллометрлар масафогача ўтиб, Дамасдан тушдик. Пахта майдонларининг шудгор қилинган ерларини оралаб “қайдасан Зарбдор” дея пиёда кета бошладик. Зарбдор эса биз турган жойдан тахминан 4 киллометр йироқда экан. Ҳа деганда қишлоқ кўринавермади. Шудгордан юриш эса қийин эканлигини, айниқса нам тортиб, лой аралаш тупроқ бўлиб ётган жойлари ниҳоятда қийин эканлигини ўшанда билгандим. Токи қишлоққа етгунимизгача оёқларимизга лой ёпишиб қип-қизил деҳқон бобонинг ўзига айланиб қолгандик. Ниҳоят қишлоқ ҳам кўрина бошлади ва энди унга қаердан кириб бориш беховотирроқ эканлигини муҳокама қилардик. Энг мақбул йўл, қишлоқнинг қаторасига териб қўйилган уйларнинг ўртасидан кириб бориш эди. Ҳар ҳолда, милиционерларнинг кўзидан панороқ жой шу бўлади.

Қишлоқда одамлар тожик тилида гаплашишаркан. Эркаклар ўзбек тилини тожик талафузида бироз бузиб бўлсада гаплашишарди, аммо аёллар эса умуман ўзбекчани билишмасди. Уйлар орасида йўлакларга, кўчаларга асфальт ётқизилган, одамлар худди турмадаги каби, атрофда сайр қилиб юришганди. Қишлоқликлар билан олдин Шовриқ Рўзимуродов суҳбатга киришди. Салом-алеклардан сўнг, бу ерда яшаш қандайлигини сўради.

“Яхши”, – дейишди улар, – “илгарилари тоғдаги қишлоғимизни ватан қилгандик, энди бу ерни ватан қиламиз. Камчиликларимиз ҳам йўқ, ҳаммаси яхши”.

Жавобдан ҳар иккимиз ажаблана бошладик. Нима деяпти булар? Уларнинг ғамлари нима эканлигини, мажбуран келтирилганликларини биз билардик, аммо гаплари эса бошқача жаранглаётганди. Шунда Шовриқ ака мендан тожикчалаб гаплашишимни илтимос қилди. Мен уларга тожик тилида ким эканлигимизни ва нима мақсадда келганимизни тушунтирдим. Ана ундан сўнг бутун қишлоқда ғимирлаш бошланди.

Зарбдорликларнинг бирининг уйига кириб олдик. Уй ичи одам билан тўлди ва улар бошларига келган офатни айта бошлашди. Ўзбекистон телевидениясининг “Ахборот” дастурида уларни террорчилар билан қуда-андачилик қилганликда айблашганларини, лекин аслида бирорта ҳам террочини кўрмаганликларини айтишарди. Шунингдек, террорчилар улар билан эмас, балки юқорироқдаги бошқа қишлоқликлар билан алоқда бўлганликларини таъкидлаганлар ҳам бўлди.

Сариосиё ва Узун туманинг тоғлик қишлоқларидан мажбуран кўчирилган бу одамлар тоғда бемалол яшаганликларини, картошка етиштирганликларини, шунингдек минг йиллик ёнғоқзорлари ҳам бўлганлигини, чорвалари ва ерлари бўлганлигини куйиниб гапиришарди. Энди эса уларни Шерободдаги чўлнинг қоқ ўртасига ташлашган, на иш, на бирор даромад йўқ. Ҳар бир оилага биттадан тоғора, қозон, сопол чойнак ва тўрттадан сопол пиёла ҳам беришган экан. Шерободда керамика заводи бор ва унда асосан уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқарилади. Мажбурий кўчирилган оилаларга айнан ўша завод маҳсулотлари берилганди.

Уй жойларидан айрилган оилаларнинг ҳар бирига 700 минг сўм миқдорида товон пули ҳам ваъда қилинган экан, аммо бу пул ҳам шунчаки ваъдалигича қолиб кетганлигини ҳикоя қилишди улар.

Бундан ташқари, қишлоқ йигитларидан 128 нафари қамоққа олинганини ҳам айтиб ўтишди ва биз уларнинг исм-фамилияларини бирма бир ёзиб олдик. Мен ўзим билан овоз ёзувчи мослама, мини дискимни ҳам олгандим ва улар бо жону дил бошларидан ўтказган кўргуликларини гапириб беришди. Ташқарида, биз кирган уйнинг атрофида эса бутун қишлоқ аҳли йиғила бошлади.

“Шовриқ ака, кетмасак бўлмайди, милиция келиб қолса ҳамма нарсамиздан айриламиз.” – шошилтира бошладим мен. Жами суҳбатимиз икки соатдан ортиқроқ давом этди ва қишлоқликлар бизни кузатиб қўймоқчи ҳам бўлишди. Биз буни рад қилиб, ўзимиз пиёда қайтишимизни, уларнинг муаммоларини жаҳон миқёсида кўтаришимизни ваъда қилдик.

Қайтишда ҳалиги ўзимиз “очган” сўқмоқ йўлни топа олмай қолдик ва шунинг учун ҳам ҳукумат қуриб берган асфальтланган йўлдан кета бошладик. Энди бирдан бир мақсад, ҳудудни имкон қадар тезроқ тарк этиш эди. Биз пиёда борарканмиз, ортимиздан яшил рангли бир Дамас машинаси яқинлашиб кела бошлаганини кўрдик.  Албатта бунда одам сергак тортади. Дамас, гарчи биз “тўхта” ишорасини қилмаган бўлсакда, ёнимизга келиб тўхтади ва ҳайдовчи қаерга кетаётганлигимизни ҳам сўради. У биз ўйлаганчалик на милициянинг ва на махсус хизматларнинг одами эмас, шунчаки қишлоққа бировнинг уй-рўзғор буюмларини олиб келган шахс бўлиб чиқди. Қайтишда бирозгина бўлсин, “бензин пули” ишлаб олиш учун ёнимизда тўхтаган экан.

У бизни Шерободгача олиб борадиган бўлди. Қишлоқдан чиқган йўл Тошкент – Термиз катта ўзбек трактига туташган ва бу жойда турган милиция постидагилар, чамаси қишлоқдан чиқаётган машиналарни текширишмас экан. Осонгина ўтиб кетдик. Балки ўзлари кўриб ўтказган машина қайтаётгани учун текширишмагандир.

Менинг онам Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидан ва ўша Зарбдор қишлоғидан унчалик узоқ бўлмаган “Тўпор” қишлоғида онам таваллуд топган ва унинг атрофидаги бошқа қишлоқларда ҳам кўплаб қариндошларим яшайди. Камина солган маслаҳатга кўра, биз шу куни менинг қариндошларимдан бирининг уйида қоладиган бўлдик. Ҳар қалай, милиция ҳуқуқбонларни излашга тушиб кетса катта йўлдан излайди, биз эса бу вақтда мириқиб дам олаётган бўламиз.

Бу таклифим Шовриқ акага ҳам маъқул келиб, айана шундай қилдик. Дамасдан Шерободга етиб бормай, “Тўпор” қишлоғи яқинида тушиб қолиб қишлоқ оралаб кетдик. Даставал кўрганим, Пирназар исмлик тоғам бўлди. Оддийгина деҳқон одам, қишлоқда пахта бригадири бўлиб пенсияга чиқган. У кишининг уйида тўхтаб чой ичган ва бироз суҳбатлашган бўлдик. Аммо нима қилиб юрганимизни сир сақлаётгандик. У ердан чиқиб бой-бадавлатроқ яшайдиган бошқа бир қариндошимнинг уйига ўтдик ва ўша ерда қолишимизни айтдим. Бизни дўстона кутиб олган қариндошларим меҳмон қилишди, уйларининг тўрини ҳам бўшатиб беришди. “Тўри” деганим – бу ҳовли тўридаги яхшигина жило берилган катта бир меҳмонхона эди.

Лекин бу уйдаги манзара Шовриқ акага ёқмади. Жуда гўзал бир жило берилган уй, анча мунча шаҳарликда ҳам учрамайдиган шароит бу инсонни хижолатлик бир ҳолатга сола бошлади.

“Яхшиси, анаву кўрганимиз, тоғангизнинг уйига борайлик, бунақа бой одамнинг уйида қоломайман”. – тихирлик қила бошлади у. Тоғаларнинг эса анчагинаси бор эди бу ҳудудда. Қариндошимнинг бир ўғли ўзининг Нексияси билан бизни “Тўпор” қишлоғидаги бошқа бир тоғамнинг уйигача олиб борди ва биз ўша уйда меҳмон бўлиб, тунаб қолдик.

Биз эртаси куни, яъни 2001 йилнинг 11 февралида Қаршига қайтдик. Бу сафар йўлда бирор янги “сюрпризлар” учрамади. Қайтиш сафаримиз беховотирроқ бўлиши учун бирор Дамас, ёки бошқа турдаги енгил машинани эмас, Термиз – Қарши йўналишида қатнайдиган автобусни танладик. Қаршига етганимизда эса раҳматлик Шовриқ ака уйимгача келди, чой ичган бўлди, ҳамда қасра қилиб пешин, аср намозларини ҳам ўқиб олди ва тезда Яккабоғга кетди. У ёқдан эса Тошкентга жунаб кетишни, ЕХҲТ, ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар билан учрашиб, уларни Зарбдордаги 600 дан ортиқ одамнинг оғир қисмати ва Ўзбекистон ҳукуматининг бундаги жинояти ҳақида огоҳ этишни мўлжаллаётганди у.

Камина 11 февраль кунида иситмалаб қолдим. Сафар анча оғир кечган, ёки сафардан кайтиб дарҳол совуқ душ қабул қилганим боисидан бўлса керак ҳар ҳолда. 12 февраль кунида эса сафар таасуротлари акс этитрилган материалларни тайёрлашга киришдим.

Зарбдорда 600 дан кўпроқ одамнинг ночор аҳволга ташлаб қўйилгани ва улар қуршов ичда яшаётгани ҳақидаги таҳликалик биринчи материал Москванинг ҳуқуқбонлик хабарлари агентлиги “Прима” сайтида пайдо бўлди. Бу агентлик асосан ўз хабарларини интернет тармоғида ўз сайти (www.prima-news.ru) орқалик тарқатарди. Ҳозирда бу сайт ишламайди ва агентлик ҳам маблағ йўқлиги боисидан ўз фаолиятини тугатган.

Бу рус тилида ёзган хабарим ва албатта кўпчилик ўзбеклар ўқийдиган, ёки эшита оладиган маълумот тарқатиш манбаларига ҳам бу маълумотни узатишим лозим эди. Озодлик радиосининг ўзбек бўлими мен тайёрлаган радиоматериални олишдан бош тортди. Шунда мен “Америка овози” радиосининг ўзбек бўлими муҳаррирларидан бир Жаҳонгир Маматовга мурожаат қилдим. Уни Жаҳонгир Маматов қабул қилди ва 13 февраль кунида бу хабар ўзбек тилида, “Америка овози” радиоси тўлқинларида янгради.

Кейинчалик Германиядан, “Фокус” журнали мухбирлари ҳам келишди. Улар ҳам воқеа жойига бориб у ердаги аянчлик аҳволни кўриб қайтишди. Мақолалар ёзилди, хабарлар тарқатилди. Бироқ мажбурий кўчманчиларнинг аҳволи сира сира яхшиланмасди, балки аксинча ёмонлашиб борарди. Ҳар йили бир неча марта Сурхондарё сафарларимда уларнинг аҳволини кўриб қайтадиган бўлдим. 1999 йилда “ЎИҲ хуруж қилидига” чиқарилган ҳудудлардан жами бўлиб 9 та қишлоқ аҳолиси кўчирилди. Ҳукумат мулозимлари уларнинг ҳар бирини бир турда айблашган экан: “террорчилар билан қуда – андачилик қилган, уларга озиқ-овқатлар етказиб берган”.

Бундай “кўчманчиларни” Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Қумқўрғон, Жарқўрғон ва Сариосиё туманинг қуйи ҳудудларида ҳам учратдик. Улар ҳаммаси бир овоздан террорчилар юқоридаги бошқа қишлоқларда бўлганлигини таъкидлашарди. Шунда савол туғилди: унда энг юқори қишлоқ аҳлига нима бўлди экан? Зотан, улар ҳеч қаерга кўчирилмаган, устига устак бутунлай йўқ қилиб юборилган бирор қишлоқ ҳақида ҳам маълумот йўқ эди.

2001 йилдаги даслабки ташвишлик хабарлар ортидан Шовриқ Рўзимуродов қамоққа олинди. Ўшанда 2001 йилнинг ёз фасли экан, сўнги бор уни кўрганимда Жиззахлик таниқлик ҳуқуқбон Бахтиёр Ҳамраев Шовриқ Рўзимуродов учун бериб юборган 60 минг сўм пулни олиб боргандим. Сабаб, Шовриқ аканинг иқтисодий аҳволи ниҳоятда оғир ва кимнингдир иқтисодий кўмагига муҳтожлиги ҳам бор эди. Мен Польшадаги “Хелсинки Федерацияси” деб номланган ҳуқуқбонлик ташкилотининг Тошкентда ўтказилинадиган бир ҳафталик тренингига кетаётгандим. Шовриқ ака Шаҳрисабзга кетаётганди ва мени ҳам кузатиб қўйди. “Ола қарға” қишлоғи яқинидаги чорраҳадан ҳам Шахрисабзга томон, ҳам Қаршига томон йўл бўлиб, биз иккимиз икки тарафга кетдик. Камина тренингдан қайтиб келганимда эса, Шовриқ Рўзимуродов аллақачон қамоққа олинган экан. Орадан икки ой ҳам ўтмади, қамоқдан унинг жонсиз жасади чиқди.

Тоғлик аҳолининг мажбурий тарзда кўчирилишини 2002-03 йилларда Қашқадарё вилоятида ҳам кузата бошладик. Улар асосан Шаҳрисабз ва Китоб туманлари аҳолиси эди. Бироқ кейинги кўчирилганларга уй-рўзғор жиҳозларини олишга имкон берилган, баъзи ҳолатларда эса мажбурий кўчирилилаётганлар уйларини бузиб, унинг материалларини янги турар жойларигача ҳам олиб келишган экан.

Наркотика трафиги учун олиб борилган бу курашда ҳуқуқбонлар ҳам, тоғлик аҳоли ҳам мағлуб бўлди. Ҳуқуқбонларнинг ҳақ сўзлари дунёга тарқалган бўлсада, на Европа ва на АҚШ Ўзбекистон диктаторига амалий бир таъсир ўтказмади. Балки ўтказишни истамагандир ҳам.

Сурхондарёдаги Зарбдор қишлоғига эса сўнги бор 2005 йилнинг 29 март кунида ташриф буюргандим. Бунда менга Би-Би-Си радиоси ўзбек хизматининг Сурхондарё вилоятидаги ҳамкори Маягўзал Чориева ҳам ҳамроҳлик қилди. 2000 йилда қишлоқ аҳлидан қамоққа олиниб ноҳақ судланганларнинг баъзи бирлари озод бўлиб қайтиб келган экан ўша дамда. Қишлоққа бориб собиқ маҳбуслардан интервьюлар олиб, маҳаллий шароитни яна бир бор ўрганиб қайтгандик. Ҳозирда у қишлоқ нима бўлди, шундоқ ҳам ночор аҳволда бўлган Зарбдор қишлоғи аҳлининг кейинги қисмати нима бўлди, бу ҳақида мутлоқ маълумотга эга эмасмиз. Ҳар ҳолда улар аллақачон уйсиз қолган бўлишлари керак. Чунки тузланган тупроқдан қуйилган хом ғиштлардан барпо этилган бу уйлар бузилиб бораётганди. Боз устига одамлар яшаб турган уйларининг эшикларини, дераза ромларини кўчириб сотиб юборишганди ҳам.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти учун тоғлик қишлоқлар аҳолисининг қисматини ўрганиш жуда қимматга тушди ўшанда. Ташкилотнинг Қашқадарё вилоят бўлими раиси бўлган  Шовриқ Рўзимуродов ўлдирилди! Уни ҳали ҳам унутганимиз йўқ, аммо у энди қайтмайди! Шундай бўлсада, ҳукумат ташкилотимиз  ҳаракатини тўхтата олмади. Ўзбекистондаги адолат кураши эса ҳали ҳам давом этмоқда.

Тўлқин Қораев 
Швеция