ЎХҲ матбуот маркази мухбирларининг Самарқанддан бироз кечикиб юборган хабарига кўра, 2013 йил 24 март кунида вилоятнинг Пастдарғом тумани, Гузалкент қўрғони, Зормон қишлоғида бир ҳалокат содир бўлган. Қишлоқ яқинидан ўтадиган темир йўли орқали Самарқанддан Бухорога томон ҳаракатланаётган транспорт поездининг юк ортилган уч вагони рельсларидан чиқиб кетган. Бу ҳалокат соат 16-17лар орасида содир бўлган.
Мазкур ҳодиса юзасидан на республика ва на маҳаллий ОАВ бирор маълумот тарқатмади. Ҳалокат содир бўлган жойга етиб келган МХХ ва ИИБ ҳудудни қуршаб олиб, унда тергов-суриштирув ишларини бошлаб юборган.
Вагонларнинг бирида салқин ичимликлар, иккинчисида қурилиш материаллари, жумладан сифатли ёғоч махсулотлари бўлган. Учинчи вагонда эса ўғит тайёрлаш учун мўлжалланган махсус дорилар (аммофос) бўлган. Мазкур ҳодиса сабаб, бу “моллар” истеъмолга ва фойдаланишга мутлоқ яроқсиз ҳолга келган. Чор тарафга сочилиб кетган маҳсулот ва товарлар кимга, ёки қайси ташкилотга тегишли эканлиги, шунингдек, бу ҳалокат учун кимлар масъуллиги ошкор этилмаяпти.
Темир йўлдаги бу фалокатда инсонлар қурбон бўлмаган. Ҳалокат сабабини қуйидагича тахмин этиш мумкин:
2007 йилнинг февраль ойи охирларида темир йўл устига қурилган кўприк ағдарилиб кетган эди. Қайта тиклаш ишлари вақтида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилиб, унинг ёнига кўчирилган. Йўл сифати талабга жавоб бермаган ва поезднинг оғир юкларини кўтара олмай, рельслар ерга ботиши оқибатида ҳалокат юзага келган.
2007 йилдан бери мазкур кўприк ҳали ҳам қуриб битказилмагани хайратланарли албатта. Ўзбекистонда бундай ишларни битказилиши учун албатта бир талофат бўлиши ёки кимлардир зарар кўриши, ёинки ҳаётдан кўз юмиши керак. Мана шунда ҳам шу иш шов-шув бўлсагина, Давлат бу иш билан машғул бўла бошлайди.
Самарқанд шаҳридан ЎХХ мухбири