O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шоирлик мақоми

Шоирлик мақоми
333 views
25 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(31)

ШОИРЛИК МАҚОМИ

Ваҳоланки, шоирлик мен учун дунёнинг энг қулай касби эди. Ҳеч кимга, ҳеч бир идорага, ҳеч бир фирқа ёки ҳукуматга нима қилаётганинг ҳақида ҳисобот бермайсан. Ҳатто шеърни газетада бостириш учун, ҳатто китоб чиқариш учун ҳам бирортасига жилмайгинг келмаса, асло жилмаймайсан. Яъни, тоталитар давлатда бу шоирликдан ҳам мустақилроқ, эркинроқ касбни топиш мумкин эмасди.

Мен Оллоҳга шукр қилардим, ўзимни жуда омадли ҳис қилардим. Шу тўрт-беш қатор калимани қофиялаб, шеър қилиш қобилиятини менга бергани учун Оллоҳдан рози эдим. Тўғри, уйда баъзан нонни сувга ботириб, еб кун кўрган кунлар ҳам бўлди, хотин бола-чақа шоирлик хусусида бошқа фикрда бўлган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, аммо ҳеч ким бу ҳақда шикоят қилмаганди. Ҳамма ҳаётидан мамнун эди.

«Бирлик»нинг дастур қораламасини тайёрлар экан, мен бу ҳурриятни, шахсимга берилган бу эркинликни йўқотиш арафасида турганлигимни хаёл ҳам қилолмасдим. Чунки, такаббурона «ҳамма нарса менга боғлиқ, истаган ишимни қилишим ва истаган пайтда уни қилмасдан тўхтатишим мумкин, менга ҳеч ким буйруқ беролмайди», деб ўйлардим.

Янги бир замон келганлиги, бу замон билан мен ҳам, дўстларим ҳам, бутун миллат, ҳатто бутун миллатлар ва дунё ўзгарганини сезмай қолгандим. Ёки бошқача таъбир билан айтсам, уч йилдир-ки, биз бир «қайта қуриш» деган марафонга шунчаки ҳазиллашиб, байрам спортига қўшилгандай, қўшилган эдик, аммо ҳануз «финиш»га келмагандик, чопаётгандик. Чопаркан, вақт ўтганини, вақт ўтаркан, ўзимиз ва атрофнинг ўзгариб бораётганини сезмай қолгандик. Мен ҳалигача ўтмишдаги идеаллар билан яшардим:

Мен ҳеч кимга бўйинсунмасман,
Балки, менга бўйсунар қисмат.
Мен сиз эккан жойда унмасман,
Фақат руҳга қиларман хизмат.
Мен сизларга раҳм қилмасман,
Яъни, ўзни аямасман ҳеч,
«Оқ-қора!», деб ваҳм қилмасман,
Яъни, сочни бўямайман ҳеч.
Букилмасман қувончу ғамдан,

Сўрамасман яъни нафақа,
Яъни, мен бу моддий оламда
Ҳур руҳ учун яшарман фақат!…
1981 («Валфажр», 1983)

Ишонинг, мен буни шеър бўлсин деб ёзмагандим. Худди ёзилгандек яшаш ва худди яшагандек ёзиш мен учун зарур максимум эди. Бундай максимумсиз шоир шеърини ёзолмайди. Бусиз шоир ўзини ҳурмат қилолмайди. Ҳурмат қилолмаса, шеър ёзиш, деярли, мумкин эмас.

Muhammad_Salih_fotomajmua_38Тўрт қатор шеър ёзмоқ учун менга абадият зарур эди. Уч соат сўнгра бир жойга чиқишим керак бўлса, мен бу шеърни ёзолмасдим. Балки, тўрт қаторни ёзиш учун 5 дақиқа вақт кетар, аммо ҳеч ким, ҳеч бир зарур иш тепамда калтак кўтариб, уч соатдан кейин чиқасан, дея турмаслиги керакди. Ва ҳеч бир нашриёт ёки газета менинг онгимда шууримда ўз цензурасини ерлаштирмаслиги лозимди. Мен ҳеч нарсадан тискинмай, хоҳлаган нарсамни ёзиш, айнан истаган нарсамни ёзишим шарт эди. Ва, ниҳоят, энг муҳими, «бутун ёзганларимда, бирорта ибора ёки сатрда ўз идеалимдан тирноқча ҳам чекинганим йўқ, ёлғонга, зулмга хизмат қилганим йўқ, бундан кейин ҳам қилмайман», деган қаноат доим кўксимда туриши керак. Бу ўзимни шеър ёзишга кўндириш учун энг асосий шарт эди.

1975 йил мен Университетдан сўнгра иш ахтариб Ғ. Ғулом нашриётига боргандим. Шоир Омон Матжон орачи бўлиб, нашриёт директори Ҳамид Ғулом кабинетига олиб кирди ва: «Ҳамиджон ака, мана шу йигит яхши шоир, сизга садоқат билан хизмат қилади», деганда, менинг қаттиқ жаҳлим чиққанди. Омон Матжон «шундай гапириш керак, йўли шунақа», деганди. Лекин у шоирнинг йўли шунақа эмаслигини билмасди.

Мен ишлаб-чиқариш бўлимида икки ой ишлай олдим, холос. Чунки, бирданига икки тарафга садоқат билан хизмат қилиш мумкин эмасди. Мен Кафка эмас эдим, у каби иккита ҳаёт яшай олмас эдим. У каби изтироб чекишни, у каби бу дунёмни жаҳаннамга айлантиришни истамасдим. Ўзимни жуда кучли сезардим, бўлим бошлиғи ёки нашриёт бошлиғига истаган пайтда «алвидо», деб ўз озодлигимга қовушиш даражасида кучли.

Шундай бир ўз ҳурриятига қул одамнинг сиёсат билан шуғулланиши мумкин эмас эди. Ҳар ҳолда, мен шундай ўйлардим. Биз ёзувчиларни халқ танийди, булардан фойдаланайлик, бир ташкилот тузайлик, одамларни жалб қилайлик, бошлаб берсак бўлди, кейин ўзлари олиб кетишади, кейин оломонни кўриб, сиёсатчилар ҳам келишади, профессионал иш бошланади, миллатнинг уфқи очилади, деб режа қилардим.

Қисқаси, ҳар қачонгидай, 1988 йил июл ойида ҳам ўзимни бахтли одам ҳисоблардим, чунки, дунёнинг энг қулай, энг осон касби – шоирликни ҳанузгача ўз касбим деб ҳисоблардим ва фақат ҳозир халққа мақола керак, шеърни, сал сукунат тушсин, кейин бошлаймиз, иншоллоҳ, деб ўйлардим. Сукунат тушмади. Бугун, бу воқеалардан ўн йил ўтди, аммо сукунат тушгани йўқ. Бу ўн йил сукунатсиз умрим бўйича шеър деб атамаса ҳам бўладиган учта матн ёзилди, холос. Лекин бу ўн йил давомида матбуот ёки бошқа жойда исмимни тилга олганлар исмимдан олдин муттасил «шоир» калимасини қўйиб, дунёнинг энг қулай ва энг ҳур касби билан мени давомли тақдирладилар, Оллоҳ рози бўлсин бу одамлардан.

(давоми бор)