Айни тонг чоғида кўз очди Фиро,
Боқди атрофига шодумон, қувноқ.
Порларди чашмида ширакайф зиё,
Гўё лахад узра ёнган шаъмчироқ.
Адо этмоқ учун эзгу хизматин,
Фиро қалби сўнгсиз шавқ билан тўлди.
Ўша ажойиб ва хуш кайфиятни
Дарҳол Қаддафига етказмоқ бўлди.
Турли костюмларин кийди галма-гал,
Олтин юлдуз бўлди бўйнига маржон.
Тугиб юрагига ҳисларин тугал,
Фиро сарой томон йўл олди шодмон.
Умидвор эди у, саройда бу кун
Қабул этилажак у – буюк ижод.
Ушбу кун ёзилган мадҳия учун
Янги участкаси бўлади обод.
Фиро пайдо бўлди таниш кўчада,
Ўшандай безанган, хушчақчақ, хушҳол.
Аммо бу гал уни хилват гўшада
Кутиб турар эди битта оқсоқол.
Зарра очирмасдан Фиро кўзини,
Сўкиниб, ненидир гапириб солди.
Халқинг ўгирган,-деб сендан юзини,
Медалларин бир-бир юлқилаб олди.
Тортиб олди ҳатто қаламини ҳам,
Фиронинг бошига солди қиёмат.
Фиро нари кетди, маъюс, боши хам,
Бу қандай кўргулик, бу не синоат?!
Фиро сарой томон йўл олди ночор,
Дилида минг шубҳа, бошда минг хаёл.
Аммо дарвозанинг тагида бу бор
Кутиб олди кўча супурувчи чол.
Чўлтоқ супургисин ўқталиб ҳарчанд,
Фиронинг бошига туширди чунон.
-Ким қўйибди сенга саройни, номард?
Бизлар кўча кўйда юрсак саргардон!
Шундай деб Фиронинг нозик ва майин
Шеър ёзган қўлларини узиб ташлади.
Бу ҳам етмагандай, шафқат қилмайин,
Фиронинг юзига балчиқ чаплади.
Ҳайҳот, не қиларин билмайин Фиро
Илк бора кўз ёшин тўкди шу тонг аслида.
Бемедаль, беорден, қалбида нидо
Турарди қандайдир махлуқ шаклида.
Фиро дарвозани чор-ночор қоқди,
Билолмасди шўрлик ҳануз айбини.
Подшо дарвозани очди-ю, ёпди,
-Танимайман,-деди,-сендай дайдини.
ШОИР
Ҳаммага маълумдир шоирнинг феъли,
Гўрига киргунча тинч юра олмас.
Доим эгри-бугри танлаган йўли,
Ҳунар кўрсатмасдан жим юра олмас.
Гоҳо бир-бирини ғажийди обдан,
Подшо қиличига чап берар аммо.
Халқини жарликка етаклар пинҳон,
Ўзи четлаб ўтар. Йўқдир муаммо.
Бир куни шоирнинг ғайрати қўзиб,
Подшонинг ёнига ўрмалаб чиқди.
Боқди атрофига кўзини сузиб,
Маддоҳлик завқини сурди, мириқди.
Эл юртда сотилди минг-минг китоби,
Энди қайтиб тушмоқ керакку ахир.
Таҳлика бошланди, қочди подшоҳи,
Ёнида дўсти йўқ, обрў бир пақир.
Қандай чиқди у ён, боши айланиб?
Қайтиб тушмоқликка бормикан чора?
Кимсасиз, қийшайган тахтга суяниб,
Мунғайиб бир ўзи қолди бечора.
Элдан мадад сўраб, маърай бошлади,
Осмону фалакни кўтариб бошга.
Йиғлади, сиқтади, кўзни ёшлади,
-Омад бошқа,-деди,-шеърият бошқа.
Тонгда назар солди шоирга чўпон,
Шоир ҳайкал янглиғ қотганча турар.
Юракни эзгудай йиғлайди нолон,
Ўзича ҳаммадан кечирим сўрар.
Чўпонга зарилми чиқмоқ қояга,
У ҳам ноилождан бошни қашлади.
Фурсатни кетказмай дея зояга,
Қутқариш йўлини излай бошлади.
Бир бора қайнайди ҳар қалай қозон,
Шоир рўйхатидан уни ўчирди.
Дарҳол ўқлади-ю милтиқни чўпон,
Шоир китобини уриб туширди.
Озодбек Элкезар