2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.
Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.
Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.
ЎХҲ редакцияси
* * *
Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН
АНГЛАШИЛМОВЧИЛИК
Севги эмас эди бизларнинг севги,
Бизларнинг дардимиз дард эмас эди.
Башорат қилмоққа ушбу кулфатни
Пайғамбар бўлиш ҳам шарт эмас эди.
Биз-чи, бир-бировга талпиниб етмай
Мўлтураблар юрдик, фаромуш —
Ўртадаги қалин тиниқ шишани
Фаҳм этмаган икки шўрлик қуш.
* * *
ШОХСУПАДАГИ ЛОЧИН
Дўстим Жуманазар Урганч аэропорти бўсағасида
кўргазмага қўйилган самолётга бағишлаб бир
шеър ёзинг, деди…
Шуҳратдан маст бўлиб тўхтаган довул
Харсангбанд қилинмай шу ерда —
Экилган бўлсайди фақатина гул,
Зирқираб турмасдим, эҳтимол, шеърда.
Энди кўкда қилмас бу лочин сайр,
Энди ўз-ўзини кўз-кўзлар фақат.
Унинг учун осмон — шу бир парча ер,
Шу баланд шоҳсупа эса — нафақа.
Музтар турибди у, турибди толиб,
Нолон юлқинмайди, чекмайди нидо.
Учмайди-кетмайди кўтариб олиб
Шоҳсупани лаҳм ўлжа ўрнида.
Воз кечиб ғазабнок бўрон баҳсидан
Кишанланиб қолган турғун омадга.
Сафдошлар учса ҳам нақ тепасидан
Унинг қулоқлари келмас қоматга.
Майдоннинг гавжум ва сўлим экани
Уни боғлаб қўйган. Буни билмайди.
Парвоздан бошқаси ўлим экани
Ҳатто хаёлига келмайди.
Агарчи шарафли кечмиши мавзу,
Мангу жаранглаган минглаб навога,
Ичида инсон йўқ, англай олмас у
Ғурур душманлигин кибру ҳавога.
Лочин ўтмишга ўч бўлмаслиги шарт,
Лочиннинг бўлиши зарур бугуни.
У эса осмонни унутиб яшар
Кечаги обрўга карахт юкиниб.
Энди хаёлларга солмас қалдироқ,
Уни сармаст қилмас энди мовий ранг,
Ҳавас қилмай бўлмас лочинга, бироқ
Лочин бўлсанг — бундай лочин бўлмасанг.
Шундай лочин бўлсанг, қилганда ҳамла
Изингдан осмонни бошласанг олға.
Шоҳсупани эмас, толганинг дамлар
Кимсасиз қояни қилсанг қўналға.
Шундай лочин бўлсанг — қузғунларга кенг
Осмонни абадий қилиб қўйсанг тор.
Тутсанг ўзни булбул, қумри билан тенг,
Бир қанотинг — номус, бир қанотинг — ор…
Илтифот кутмасанг бирон-бир жондан,
Қудрат вужудингни ногоҳ тарк этса,
Қанотингни шартта йиғиб, осмондан
Юракларга қараб шўнғисанг-кетсанг.