“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Андижон вилоятининг Асака тумани ҳокими тадбиркорлар ва чорвачилик билан шуғулланадиган фермерларни бирма-бир суҳбатга чорлаб, Қурбон ҳайити учун биттадан қўй ёки мол беришни талаб қилмоқда. Тадбиркорларнинг айтишича, ҳоким бу қўй ва молларни кам таъминланган оилаларга ҳокимият ва президент номидан эҳсон қилиб топширишини айтган. Ҳокимиятнинг бу ишларга масъул вакили эса, бу хайриялар исми ошкор этилмаганини сўраган саховатли ҳомийлар томонидан берилганини айтди.
Асака туманилик исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бирининг айтишича, туман ҳокими Эркинжон Якубов чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари ва тадбиркорларни ҳокимликка чақириб олиб, “бирга-бир” хос суҳбат ўтказган:
“Мен ҳам ҳокимликка борганимда ўн чоғли тадбиркор ва фермерни қабулхонада кутиб ўтирганини кўрдим. Ҳоким битта-битта ичкарига чақириб оляпти экан. Мен ҳам кириб, салом бердим, ҳоким осмондан тараша тушгандай “шакалмасмисан”, деди. Гангиб қолдим, “йўғе ҳоким бува”, дедим. Кейин ҳоким, “Қурбон ҳайитига битта қўй берасан, камбағал оилаларга берамиз”, деди. “Ҳоким бува, ахир.. деб гап бошлаган эдим, “эркакмисан, берасан, дедим берасан”, деди. “Хўп”, деб чиқиб кетдим”, дейди тадбиркор.
“Бирга-бир” суҳбатга кириб чиққан, исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, ҳоким қўй бериш ҳақидаги гаплар ташқарига чиқмаслиги, акс ҳолда тадбиркорларнинг фаолиятидан “камчилик” топилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган:
“Мен ҳам ҳокимнинг қабулида бўлдим. Менга ҳам битта мол берасан, деди. Шароитни сал тушунтирай десам, бақириб кетди. “Хоҳласанг шу, хоҳламасанг берма. Лекин, билиб қўй, иш бор жойда камчилик бўлади, тушунгандирсан”, деб тазйиқ ўтказяпти. Яна, “шакал бўлмаларинг, порталга ёзмайсан, ҳеч қаерга шикоят қилмайсан”, деб айтяпти. Ноилож, айтганини қилдим”, дейди фермер.
Тадбиркорларнинг айтишларича, 28 август куни Янгиобод қишлоғида ҳоким мажлис ўтказиб, кам таъминланганлар оиласига 10 та қўй ва бир бош қорамол топширган.
Ҳоким бу эҳсонлар Қурбон ҳайити арафасида президент ва ҳокимлик томонидан берилаётганини таъкидлаган.
Бу тадбирда иштирок этган асакаликлардан бирининг айтишича, кам таъминланган оилалар бу эҳсонлардан жуда хурсанд бўлган ва президент билан ҳокимни дуо қилган.
Асака тумани ҳокимлигининг иқтисод бўлими бошлиғи Дилшодбек Қосимов, кам таъминланганлар оиласига қўй ва мол эҳсони топширилаётганини тасдиқлар экан, бу эҳсонлар тадбиркорлардан мажбурлаб олинаётганини инкор қилди:
– Мана ҳозир ҳам Маркаюз қишлоғида ҳоким мажлис қиляпти. Мажлисдан сўнг ҳоким кам таъминланганларга мол, газ баллон, ногиронларга аравача беради. Бу тадбиркорлар ҳисобидан эмас, ҳокимликни ўзининг ҳомийлик маблағларидан қилиняпти, дейди ҳокимлик мулозими.
Дилшодбек Қосимовнинг айтишича, ҳомийлар исми ошкор этилмаслигини илтимос қилган:
– Бизнинг халқимизни шунақа саховатпеша, бировга айтмасдан қиладиганлари бор. Шуларни ҳисобидан, биров эҳсон қилиб беради, биров закот қилиб беради. Ҳайитлик бу, байрам бу, тадбиркор ва фермерларнинг бунга алоқаси йўқ, – дейди Дилшодбек Қосимов.
Тадбиркорлар сўзларига кўра, 2 сентябрь куни “Асака” тўйхонасида ҳокимлик байрамлар муносабати билан ош беришни режалаштирган.
Бу ошнинг харажатлари ҳам тадбиркорлар ҳисобидан қилинаётгани айтилади.
Асака тумани ҳокими Эркинжон Якубов жорий йилнинг 21 июлида ҳокимликка тайинланган эди.
ЎХҲ хабарлар бўлими