O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шоҳга қўндирилган тож…

Шоҳга қўндирилган тож…
179 views
28 May 2016 - 5:00

Дерево-жизниКомил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР

(1)

Орзу 

Вақт босими остида –
Ушалади орзулар,
Катталашиб боради,
Ҳар зарбадан дард, армон.
Бош уради муаммо,
Уввос солар, ёзғулар,
Рўзғорнинг ташвишлари
Айлаганда андармон.

Йириклашаверади,
Ўпка дақиқа сайин,
Ушалишнинг ҳисоби
Сарроф каби болғалаб.
Ўт шишади пуфакдек,
Энди жигарга қийин,
Қон қочади қирғоқдан
Денгиз каби, долғалаб.

Ҳар нарсанинг тусига
Монанд тушади исми.
Шоҳга қўндирилган тож
Фуқаронинг атвори.
Ўзгага ўзан бўлмас,
Ҳеч қачон ўзга хасми,
Қул каби етаклайди,
Юртни кимнинг девори.

Итига “Гулбика” деб,
Ном беради шуаро,
Йўлида учратганда
Мирак деган болани.
Орзулар ғам бўлашар,
Тонглар билан ўзаро,
Сотиб олар бошига
Ҳар гал кунлар балони.

* * *

Тинчлик

Бош чаноғин дубулға деб ўйлади,
Жангчи қонин эмиб, кўкарганда гул.
Ён-атрофни ёвлар босди, бўйлади,
Тинчлик эвазига гаров бўлди тул.

Мовий осмон билан гулзор ораси,
Сукунатга уя бўлди бир муддат.
Бир тунда, тулнинг ҳам битди яраси,
Ном бердилар, Висолага – Муҳаббат.

Номусдан бошига чодир тортди, гул,
Саҳарда жангчини кўрганида туш.
Овозини излаб, жон берди булбул,
“Тинчлик…” дея шунда, бошланди уруш.

Оқгилари келди тоғ-тошларнинг,
Балиққа қўшилиб узоқ-узоққа.
Кулгуси қистади тошқин дарёнинг,
Куни қолмаганда унинг тузоққа…

* * *

Оддий нарсалар ҳақида

1
Яхшиямки, мушт тугушни
                             билмайди қушлар,
Билганида,
             кифт қисарди,
                            уларга йўлбарс.
Ўнгдан келавермайди,
                       ҳалиям,
                                       тушлар,
Тушлар –
           аксар ниятлардан эса беғараз.

2
Деразанинг ортидаги оппоқ қорлардан,
Гултувакдаги гулларнинг чеҳраси сўлар.
Фикрлар, йўргаклайдилар, озоралардан,
Ҳар йил қишда,
                               қор остидан баҳорлар кулар.

3
Ит ҳурганда, сергак тортар йўловчи,
Шоғолларни, ҳуркитолмас,
                                   шерлар наъраси.
Қулоққа чалинаётган саслар – авровчи,
Ҳеч ким қўрқмас, кўринмаса,
                                       кўзга қораси…

* * *

Деразадан қараётган одам

1
Мен чўққига тирмашиб,
Жарга қулаган одам –
Чуқурликдан чўққига
Кўприк тикламоқчиман.
Бир текис юрмоқликдан
Қутулар бўлса олам,
Тутқундаги фикрлар
Бўй чўзадилар ғордан.

2
Ўзини топиш учун гапирар биров,
Бировлар, ўзлигидан кечмоқлик учун.
Вақт дегани, тўхтамас, ўчмас бир олов,
Умрлар, лаҳзалардан сачраган учқун.

3
Бир замонлар, улканроқ эдим,
Лоқайдлик асари урмасдан бурун.
Худбин бўлиб бир кун панд едим,
Тирноқлаб йиққаним, совурдим барин.

4
Одам кўксидаги темир қафасда,
Юракдан бошқа ҳам нимадир, ёнар.
У отсиз нарсани ким бир нафасда,
Кимдир ўлаётиб, қон қусиб, топар.

5
Дарахтга умрини қиёслаган зот,
Қуёшдан бошига киймоқ бўлар тож.
Чумоли йўлини излаган – Фарҳод,
Қуёшнинг мулкидан ҳар кун олар бож.

6
Одам либос кийган бир маймун бўлса –
Фикрлар – эшакка ортилган китоб.
Барчасини уюб, ёқайлик йўқса,
Дунё дастимиздан бўлмасдан хароб.

7
Юмилган кўз очилади бир куни,
Очиқ кўзнинг юмулиши ҳам бор гап.
Тош қотган тоғларнинг чиқади уни,
Кези келса, булбул бўлади-ку, хап.

* * *

(давоми бор)