Комил Ўтар
ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР
Сўзсиз, тиллашмоқлик нақадар бир бахт,
Фикрни овозсиз этмоқлик идрок.
Бунинг учун ердан оёқ узиб, нақд,
Энг ёруғ юлдузни, жоиздир қучмоқ.
Шундай одамларнинг борлиги аниқ,
Майли, улар учта ё тўртта бўлсин.
Шу сабабдан замин турар муаллақ,
Осмонни кўтариб тургандек Ёсин.
***
Тоғларнинг борлиги аён ҳақиқат,
Кўз керак тоғларни илғамоқ учун.
Баъзилар кўзларин, чирт юмиб, минг баъд,
Ўзидан ўзини ҳайдар бутун кун.
Тоғларга боққанда дўппи учиши
Қадимдан ўзбекка ота касб, одат.
Тоғлар энди бизга боқсинлар, қани,
Бизлардан изласин, улар ҳам мадад.
***
Арвоҳлар тунлари изғисин, майли,
Кўршапалак қотсин, кўкда муаллақ.
Бироқ одамзотнинг ўзгарса хайли,
Ҳаётдан тароват йўқолар мутлоқ.
Одам билан гўзал бу ёруғ олам,
Унингсиз кўчалар етимдек ғариб.
Шундайкан, соянгга ачинма одам,
Арвоҳлар ҳудуди машриқдан, мағриб.
* * *
(давоми бор)