O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шундан кейин ҳам ўзбек тилини мустақил тил деб, “Давлат тили” деб бўладими?!

Шундан кейин ҳам ўзбек тилини мустақил тил деб, “Давлат тили” деб бўладими?!
246 views
27 July 2016 - 6:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(81-қисм)

Ичкарида

Биз “ичкари” деганда энг қуйи бошқарув идорасидан тортиб то Девонгача бўлган расмий доираларни назарда тутяпмиз.

Тил тўғрисидаги илк қонунда ҳамма соҳа тўласича ўзбекчага ўтиши, ҳатто ўристилли халқлар ҳам (айниқса бошлиқлар) саккиз йил ичида ўзбекчани ўрганиб олиши лозимлиги белгилаб қўйилган эди. Улар ўзбекчани ўрганишлари тугул, ўзимизникилар ўрисчага қайтиб кетишди. Давлат ҳужжатлари, қонунлар, кўрсатмалар, кодекслар… лардан тортиб мамлакатдаги ишхоналараро шартномаю хатларгача ҳамон ўрис тилида ёзилмоқда, тузилмоқда.

Муҳим ҳужжатлар ҳаммаси олдин ўрис тилида яратилади, кейин ўзбекчага таржима қилинади. Худди совет давридагидек. Ўзбекча нусхасининг тагига ё тепасига “Агар тушунилишда қарама-қаршилик ё иккиланиш юзага келса, ўрисчаси устувор” деб қайд этиб қўйилади!

Ҳатто Асосий Қонунимиз – Конститутсия биринчи бетига илк 1992 йил 8 декабир нусхасидан то энг охирги 2011 йил 18 апрел нусхасигача ҳаммасининг тепасига оқ қоғозга қора ҳарфлар билан “Ҳужжатнинг рус тилидаги матнига қаранг” деб қўйилган.

Бу нима дегани?

Ўзбек тилининг қадри, қиймати, обрўйи, қобилияти ўрис тилидан паст дейилмоқчи. Демак, Ўзбекистонда ҳамон ўрис тили асосий тил экан!

Шундан кейин ҳам ўзбек тилини мустақил тил деб, “Давлат тили” деб бўладими?!

Балиқ – бошидан… Тилга Бош бунақа муносабатда бўлиб турганидан кейин кўчанинг нимасидан хафа бўламиз?!

Ўзбекистонда “бош” томонларда тилга эътибор сусайиб кетганини илғаган “кўча” тилига эрк бериб юборди – оғзига келганини қайтармай, деганини деб ётибди. Миллий ғурур, тилга куюнчаклик қолмади ҳисоб.

Бир гавжум кўчага киринг-да, эринмасдан нариги бошигача боринг. Икки чеккасидаги ёзувларни диққат билан ўқиб чиқинг. Тилга куюнчак одам бўлсангиз, юрагингизни ғижимлаб қоласиз: ажаб, Ўзбекистондаманми ёки биронта Оврупа мамлакатига бориб қолдимми деб ўйлашингиз тайин. Чунки деярли ҳаммаси инглизча ва ё ўрисча сўзлар!

Тошкентнинг янги шаҳар қисмини-ку қўяверинг, ҳатто эски шаҳар қисмида ҳам 70 – 80 фоиз пештоқ ёзуви ўзбекча эмас. “Нега?! – деб юборасиз виждонингиз бўлса. – Ўзбек тилимизнинг кучи йўқми?! Тил тўғрисидаги қонун қани, нимага у ишламаяпти?! Қонун ҳимоячилари нимага бу ҳолга парво қилишмаяпти?! Тилшунослар қаёққа қараяпти?! Давлат-чи?!.”

Тилни одамлар бузса, давлатми айбли, дейдиганлар ҳам чиқиб қолади.

Нимага айбли бўлмасин: бири дўконнинг, бири фирманинг, бошқа бири яна қанақадир муассасанинг оти бўлган у ёзувларни рўйхатдан ким ўтказди?

Албатта, давлат! Давлат рўйхатидан ўтаётганида, уларга гувоҳнома берилаётганида ўзбек тилимиз “Давлат тили” мақомида эканини ҳисобга олган ҳолда расмийлаштирилиши керак эди. Парвосиз бўлиндими, демак, қонун ишламаяпти – қоғозда қолиб кетган ва бир йилда бир марта байрам ўтказишда эсланяпти, холос!

Қолаверса, теле-радиоларда жумладан тилнинг жиддий муаммолари ҳақида гапирилмайди-гапиртирилмайди, чинакам илмий мунозаралар йўқ ҳисоби, илм-маърифат орқага суриб ташланган, олдинда фақат ўйин-кулги, шилта клиплар жавлон уряпти. Халққа спортчи билан ўйинчининг ҳаёти ибрат қилиб кўрсатиляпти, ёшлар фақат спортгаю ашулачиликка тарғиб этиб ётилибди.

Бу ҳоллар кимдан сўралади? Албатта, мафкурани тўла тизгинида ушлаб турган давлатдан!

Исм-фамилиялар ўрис-совет замонида қандай ёзилган бўлса, шундайича сақлаб қолинди. Илк паспорт алмаштириш чоғи ҳам, яқинда биопаспорт жорий этилганида ҳам фамилиялардаги “…ов”, “…ев”ларни ўчириб ташлаб, тоза ўзбекчага қайтиш ҳақида лом-мим дейилмади.

Ўзбекчалаштириш тугул, ўрис-совет замонида ўзбекча ифодани бузиб, ўрисча талаффузга мослаб ёзилган исм-фамилиялар ҳам ўзгартирилмади, имло хатолари тузатилмади. “Иброҳим” “Ибрагим” бўлиб кетганича ётибди, “Хўжаев”ни ўрислар “Ходжаев” деб, “Орипов”ни “Арипов”, “Йўлдош”ни “Юлдаш”, “Ҳожимуҳаммад”ни “Ходжимухамед” деб ёзар эди, “мустақил” Ўзбекистон ҳам бу хатони, хато не, ҳақоратни шундайича қабул қилди!

Ачинарлиси, исмлари бузуқ ёзилган кимсаларнинг ўзлари ҳам тўғрилаб ёзишга интилмайди. “Аслида бундай бўлади”, деб тўғрилаб қўйсангиз, “Паспортимда шунақа ёзилган”, деб яна хатолаб олади…

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com