O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шуҳрат Бобожон: “Ўғригина болам”

Шуҳрат Бобожон: “Ўғригина болам”
164 views
05 April 2015 - 11:17

8Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримованинг бир миллиард доллар ўғирлагани бугун фактлар билан ўртага чиқди. Кичкина қиз Лоланинг қанча ўғирлагани ҳақида эрта индин эшитсак керак. 1999 йил портиллашидан кейин ТВ да чиқиш қилган Каримов «Ҳар бир ота жиноятчи фарзанд учун жавобгардир» дея таъкидлаган эди. Бугун бу гапни биз Каримовнинг ўзига қараб айта оламиз. Ўғри қизлар ўз жиноятини диктатор отанинг кўланкасида амалга оширишди. Бундай диктаторни елкасида кўтариб турган миллатнинг сабри ҳам чексиз экан.Миллат бошига Каримов деган олабўжининг қандай келгани ҳақида 2009 йилда ëзган мақоламни сизга қайта тақдим қиламан.

«Ëлғонлар устига қурилган салтанат»

Ўзбекистон деб аталган юрт¸ ўзбекистонликлар деб аталувчи 30 миллион одам ҳаëтидаги кейинги 20 йиллик давр Ислом Каримов даври сифатида тарихга кирди. 1989 йилнинг 23 июн куни расман дунëга келган бу давр умидларнинг армонга дўниш фасли ўлароқ кўрилмоқда.
Бундан 20 йил аввал Ислом Каримов Ўзбекистон Коммунистик партияси Бош котиблигига сайланди.

Ўша давр тутумига кўра комфирқа бош котиби республиканинг тўлақонли раҳбари ҳисобланар эди.

Бундан 20 йил аввалги Ўзбекистонда раҳбар алмашинуви билан боғлиқ вазиятни ўша даврни яxши билган сиëсат арбоблари билан бирга эслаймиз.

Ўтган асрнинг 90- йилларида Беларусга раҳбарлик қилган¸ сўнгроқ Совет иттифоқининг гўрковларидан бири сифатида кўрилган Станислав Шушкевич¸ ўша йилларда СССР Ташқи ишлар вазири бўлган Эдуард Шеварднадзе¸ “ўзбеклар иши” деб аталган жараëн терговчиси Телман Гдлян Ислом Каримов ва Каримов сайланган давр ҳақида гапиришади.

Шунингдек¸ ўзбекистонлик журналист Исмат Хушев¸ 1991 йилги сайловда Каримов билан биргаликда президентликка номзодини қўйган мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳ¸ инсон ҳуқуқлари фаоли Абдуманноп Пўлатов¸ журналист Анвар Усмоновлар хотираларига ҳам қулоқ берамиз.

Умидлар шамолида келган раҳбар

1989 йилнинг жазирама ëзи. Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Рафиқ Нишонов Москвага ишга тайинлангани боис¸ комфирқа котиблиги лавозими бўш қолди.

Ўзгаришлар истагидаги минглаб кўзлар бу жойга ўзбек халқи дардларига дармон бўладиган шахс келишини истаб жовдирар эди.

Журналист Исмат Хушев ўша пайтда Москва Съездлар саройи емакхонасида ўзи гувоҳ бўлган бир суҳбатни эслади.

— Ана ўшандай ўтиришларнинг бирида Ислом ака “Михаил Горбачëв ҳамма обком биринчи секретарларини тўплаб¸ Рафиқ Нишоновни Миллатлар советига раис қилиб олиб қолсак. Қўллаб-қувватланглар¸ деб айтди” деди.

Нишонов даврида мана Бирлик халқ ҳаракати тузилиб¸ унинг митингларида юрар эдик. Рафиқ Нишонов қўлидан келганча қаршилик қиларди.

Мен ўша пайтда бир кун келиб Ислом аканинг Рафиқ Нишоновнинг ўрнига келишини тасаввур ҳам қилмаган ҳолда Ислом акага “Бунинг ўрнига яна бир лўттибоз келар эканда” дедим. У киши менга ялт этиб қараб қўйди¸ дея эслайди Исмат Хушев.

Бу суҳбатдан сал ўтиб 1989 йилнинг 23 июнида Каримов Ўзбекистон раҳбари қилиб тайинланди.

Исмат Хушев¸ Москвада отамлашгани Ислом Каримовнинг Ўзбекистон комфирқаси раҳбари этиб тайинланганидан боши осмонга етганини айтади. — 1989 йилнинг 23 июн куни Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг навбатдан ташқари пленуми чақирилди.

Мен ўша куни “Ўзбекистон адабиëти ва санъати” газетасининг редакциясидан чиқиб кетаëтсам¸ “Правда востока” газетасининг бош муҳаррири Рубин Акопович Сафаров кўйлагининг ëқасини очиб¸ бўйнида галстук¸ костюмини орқасига ташлаб¸ ҳаяжонланиб келаëтган экан.

“Ҳа¸ Рубин Акопович¸ қалайсиз?” десам¸ “Слушай¸ твой земляк стал Первым секретарëм ЦК Компартии” деди.

Ҳайрон бўлдим. “Кто?” десам¸ Каримов¸ деди. Мен учун бу жуда ҳам кутилмаган ҳол бўлди. Мен Ислом аканинг Компартияга биринчи секретар бўлишини хаëлимга ҳам келтирмаган эдим.

Бунинг устига икки ҳафта олдин Москвада жуда қадрдон бўлиб қолган¸ икки ҳафта бир столда ўтириб овқатланган¸ гоҳ-гоҳида биргалашиб 50 грамм ичган одамнинг кутилмаганда Компартиянинг биринчи секретари бўлганини эшитиб¸ қувончим ичимга сиғмай¸ бир сакраб Рубин Акоповичнинг бўйнига чиқиб олиб қучоқлаб¸ ëпишсам¸ Рубин Акопович “Сен нима тентак бўлдингми?” деб зинапояга ўтириб қолди¸ дея эслайди Исмат Хушев.

Ўша пайтда Қашқадарë вилоят партия қўмитасини бошқарган¸ СССР халқ депутати Ислом Каримов номзодини ўшандаги СССР Ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе ҳам қўллаб-қувватлади.

80-йилалр охирида Каримовнинг ҳокимиятга келишини қувватлаган Эдуард Шеварднадзе¸ унинг ўз халқига ўт очгани борасида таассуфда. — Мен ўшанда ҳам¸ ҳозир ҳам бу энг тўғри танлов бўлган эди деб ҳисоблайман. Мен ўша пайтда Каримов билан бир неча марта учрашганман.

Ўзбекистонда ҳам бўлганман. Орамизда дўстона муносабатлар бор эди¸ дея эслайди Эдуард Шеварднадзе.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Шеварднадзе Каримов номзодига қаршилар ҳам бўлганини эслайди.

— Шундай онлар бўлдики¸ унинг номзодига эътироз билдирганлар ҳам топилди. Аммо ўшандаги умум кайфият Каримов фойдасига ишлади¸ дейди Эдуард Шеварднадзе.

Умид фасли

Совет сиëсатининг отахонларидан бири бўлган Шеварднадзе ўша пайт кайфияти Каримов тарозисига тош бостирганини айтади.

Каримов елканига шамол пуфлаган кайфиятнинг номи умид эди¸ деб эслайди ўша пайтда Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмаси котиби бўлган Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳга кўра¸ Ислом Каримов ҳокимиятга келиши биланоқ ўзининг мустабидликка мойиллигини намоëн қила бошлаган.Муҳаммад Солиҳ: Оптимистик руҳ бор эди ва ўша даврнинг оптимистик руҳидан озгина….

Озодлик: Умид бор эди. Ўша пайтда норасмий деб ҳисобланган гуруҳлар¸ хусусан мухолифат вакиллари билан учрашади¸ деган умид бор эди. Кейин учрашди ҳам. Ўша учрашув қанақа бўлди?

— Учрашув маъносида¸ мухолифат билан Нишонов ҳам учрашар эди. Нишоновнинг иккинчи секретари Анишчев ҳам биз билан учрашган.
Биз Каримовдан олдинги ҳукуматга жуда қаттиқ танқидий фикрда эдик ва танқидий фикрларимизни уларнинг юзига очиқ айтар эдик.

Ҳатто улар бизни қабул қилганда ҳам уларнинг кабинетида ўтириб¸ уларни танқид қилар эдик.

Биз қайта қуриш берган эркинликдан шу қадар маст бўлган эдикки¸ шу эркинликлар ҳам бизга оз кўринган эди ва биз Рафиқ Нишоновни золим бўлмаса ҳам¸ авторитар деб танқид қилиб¸ унинг ўрнига бўладиган ҳар қандай киши бундан яхши бўлиши керак¸ деган фикрда эдик.

Биз шу яхши кишини кутаëтган эдик ва Каримов келди. Каримов келганидан кейинги 10-15 кун ичида шахсан мен шундай умид билан яшадим.

Каримов биринчи секретар бўлганидан бир ҳафта ўтиб¸ мен у пайтда Ëзувчилар уюшмаси котибларидан биттаси эдим¸ мени чақирди ва “Мана энди сиз билан бирга ишлаймиз. Мана Бирлик халқ ҳаракатини қурдингизлар. Бу халқ ҳаракати. Биламан¸ сизларга Нишонов йўл бермади” деган гапларни гапирди.

Кейин маълум бўлишича¸ бу унинг тактикаси экан. У умидни уйғонтирувчи баъзи нарсаларни гапирди ва биз у ердан илҳомланиб қайтдик¸ дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Умид кайфияти ўзгаришлар ва ўтиш даврининг собит йўлдошидир¸ дейди ўша пайтда мухолифат сафларида бўлган Абдуманноп Пўлатов.

— Раҳбарнинг ўзгариши ҳар доим “Қандай ўзгаришлар бўлади” деган саволларни туғдиради ва бир қисм одамда ижобий ўзгаришларга умид кучаяди.

20 йил олдин Рафиқ Нишоновнинг ўрнига Ўзбекистон раҳбарлигига Ислом Каримов келганида¸ ўзбек тилини давлат тили қилиш шиори халқ орасида кенг тарқалган ва халққа яқин бўлган шиор эди.

Рафиқ Нишонов ҳукумати “Ўзбекистонда иккита тил давлат тили бўлади. Яъни аввалги вазият янада мустаҳкамланиб қолади” деган фикрни матбуот орқали расман айтиб¸ қонун лойиҳасида айтиб келаëтган пайтда¸ янги раҳбарнинг норасмий ташкилотларга муносабат масаласида¸ сиëсий эркинликлар масаласида муносабати ижобийроқ бўлади¸ деб умид қилинган эди.

Ростдан ҳам озгина вақт давомида шундай ижобий кичик қадамлар бўлган¸ дея эслайди Абдуманноп Пўлатов.

Янги раҳбар билан мулоқот қиламиз¸ деган умид туйғуси собит эди бизда¸ деб эслайди журналист Анвар Усмонов.

— Биринчи ойларда Каримовга бизларда жуда ишонч бор эди. Менда ҳам ишонч бор эди.

Мен бир-икки марта Каримов билан учрашдим. У ўзини анча тушунадиган¸ яхши одам қилиб кўрсатган. Менинг у ҳақда фикрим яхши эди.

Янги раҳбар¸ тушунадиган раҳбар¸ замонавий раҳбар¸ биз билан мулоқотда бўлган раҳбар¸ деб бизда анча ишонч бор эди¸ дея эслайди Анвар Усмонов.

Каримов ҳокимият тепасига кайфият шамолида чирпирак бўлиб учиб келди¸ десак фикримиз кемтик бўлар эди¸ дейди ўша пайтда Беларус раҳбари бўлган Станислав Шушкевич.

— Бу киши менда яхши таассурот қолдирган. Ўрта Осиëнинг ўша пайтдаги бошқа раҳбарларидан у мантиқли фикрлаши¸ ўринли мулоҳазалари билан фарқланар эди.

Мен уни эски даврда тобланган изчил совет мутахассиси сифатида танидим¸ дейди Станислав Шушкевич.

Нишоновнинг Москвага олиниши ва ўрнига янги раҳбар келиши ҳақида 1989 йил баҳоридаëқ гап-сўзлар бошланган эди¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

— Каримовнинг келиши олдиндан тахмин қилинган эди. Нишонов кетмасидан ва Каримов келмасидан олдиноқ ўртамиëна бир одамнинг келиши ҳақида гап-сўз бошланган эди.

Айнан шу одам Ислом Абдуғаниевич Каримов бўлади¸ деган фикр бизда йўқ эди. Чунки ўртамиëна одам келиши ҳақида гапирилса ҳам¸ унинг кимлиги ҳақида хабар чиқмаган эди.

Каримовни Москвага тавсия қилган гўë Андижон вилоятининг ўша пайтдаги биринчи секретари бўлган. Бу нарсани қўллаганлар ҳам ичкаридаги йирик сиëсатчилар эмас эди.

Тавсия обком секретарлари¸ обком секретарларининг иккинчи секретарлари¸ яъни рус раҳбарлари савиясида бўлган.

Шу рус раҳбарларидан бири¸ Қашқадарëда иккинчи секретар эди шекилли¸ Евгений Березиков эди. Кейин у одам Ëзувчилар уюшмасининг секретари ҳам бўлди. Бу одам ҳам тавсия қилганлардан бири эди.

У 1989 йилда Каримов сайланишидан икки-уч кун олдин менга сирли қилиб “Қашқадарë вилоятидаги партиянинг ҳозирги биринчи котиби сайланиши мумкин. Бу одам ҳар ҳолда иқтисодда ишлаган. У Госпланда ишлаган ва иқтисодни яхши билади” деган гапларни айтган эди.

Бу нарсага биз ҳам жуда қизиқардик. Ўша пайтда биз Нишоновни тоталитар бўлмаса ҳам¸ авторитар деб билардик. Унинг ўрнига келадиган одам мутлақо яхши одам бўлиши керак¸ деган фикрда эдик¸ дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Каримовнинг иқтидорга келиш арафасида Ўзбекистонда ижтимоий-сиëсий бўҳронлар қайнаган¸ миллатлараро низолар боис¸ мамлакатнинг қатор нуқталарида комендантлик назорати жорий қилинган эди.

Бу даврга Каримовнинг ўзи “Тўрт томондан уруш бўлаëтган пайт”¸ дея баҳо берган эди.

— Бугунги Ўзбекистонда катта кураш кетаяпти. Бир томондан эмас¸ тўрт томондан кураш кетаяпти¸ деган эди 1991 йилги сайловлардан олдин Наманганда обком биносини ишғол қилган диндорлар билан учрашган Ислом Каримов.

Каримов иқтидорга келиш арафасида минглаб ўзбекистонликлар пахтани қўшиб ëзишда айбланиб¸ ҳибс қилинган эди. Қашқадарëда ишлаганимда яқинлари қамалган минглаб одам менга арз қилиб келишган эди¸ деб эслайди кейинчалик Каримов.

— Мен 1987 йилда Қашқадарëга биринчи марта борганимда 1500 одам қамалган эди. Ҳамма акамни¸ опамни чиқариб беринг¸ деб келар эди¸ деб эслаган эди Ислом Каримов.

«Ўзбеклар иши»¸ «Пахта иши» деб номланган жараëн терговчиси Телман Гдлян Каримов тайинланган пайтда ҳам Ўзбекистонда эди.

«Бугун¸ 16 июн 2009 йил¸ телевизорда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғинида Каримовни кўриб танимадим. Анча ўзини олдириб қўйибди»¸ деб гап бошлади 90- йилларнинг афсонавий терговчиси.

80-йилларда ўзбекларни порахўр деб қийратган Телман Гдлян¸ Ўзбекистондаги бугунги порахўрлик кўламидан ҳайратдалигини айтади. — Каримов аканинг кўриниши жуда ëмон эди. Ëш ҳам бир жойга борган. Касалликлар.

Екатеринбургда ўтиришини кўриб, шарти кетиб парти қолибди деб ўйладим¸ дейди Телман Гдлян.

Одам табиати қизиқ. 1989 йилда Каримовнинг қариндошларини тергов қилган Гдлян бугун Каримовга ачинмоқда.

Юқорига элтувчи сирли нарвон

Каримов яқинларининг иши терговда экани¸ унинг Ўзбекистонга раҳбарлик қилишига тўсиқ бўлиши мумкин эди¸ аммо қандайдир кўринмас қўллар уни мансаб сари итарар эди¸ дейди ўша пайтда бутуниттифоқ “Учителская” газетасида ишлаган Анвар Усмонов.

— Бундан олдин буни негадир Москвага чақирган. Ундан кейин бутун дипломатик корпус билан учрашув бўлди.

Ҳамма элчилар ўтириб¸ унинг битта ўзи саволларга жавоб берди. Мана шундан бошлаб унинг юлдузи порлай бошлади.

Ўшандан бир ой ўтиб¸ Каримов Қашқадарëга обкомнинг биринчи секретари бўлиб ўтди.

Биласизми¸ номенклатурада шунақа¸ дарров ўтказа қолмайди. Биз ўша пайтда бу одамни кимдир юқорига тортаëтганини дарров тушундик¸ дея эслайди Анвар Усмонов.

Эврилиш фасли

Ўтган асрнинг 80- йилларида Ўзбекистонда пахта қўшиб ëзиши билан боғлиқ жиноятларни тафтиш қилган терговчи Телман Гдлян назарида Каримов номенклатуранинг содиқ хизматкори эди.

— Бу хизматкорлар пастдан ўмариб¸ юқорига ҳам узатиб туриш ҳадисини олган эдилар.

Аммо бу хизматкорлар Совет иттифоқи назоратидан қутилиб¸ мустақил бўлганларидан кейин уларнинг ўғирликлари фантастик кўлам касб қилди.

Совет ҳукуматини ағдарганларни Тошкентдаги Олой бозорида оëғидан осиш керак¸ дейди Гдлян.

Собиқ терговчи Олой бозорида оëғидан осилиши керак ¸ деган СССР гўрковларидан бири Станислав Шушкевичга Каримовнинг ҳокимият пиллапояларидан кўтарилиши ҳақдаги суҳбатга тортамиз.

Собиқ Беларус раҳбари Ислом Каримовни «маълумотли диктатор» деб атайди.Озодлик: Совет даврида мансаб пиллапояларидан ўрмалаб¸ шотининг Республика раҳбари¸ деган мартабасигача кўтарилиш учун нима қилиш керак? Қандай сифатларга эга бўлиш лозим?

Станислав Шушкевич: Нима десам экан. Совет даврида мансабга интилганларнинг аксариятида виждон масаласида ноқислик бўлган.

Улар ўзлари тарғиб қилган ахлоқий ва инсоний сифатларни топтаб¸ юқорига ўрмалашади.

Озодлик: Энди¸ масалан¸ ўша пайтда Республика Комфирқасига раҳбарлик қилиш учун танлов бўлгандир ахир.

— Танлов жараëнида ëлғон кўп бўлган. Биласизми¸ бунақа ҳолатда одам ëлғон гапирган¸ ўзини ëлғондакам мафкура фидойиси қилиб кўрсатган.

Коммунистик идеаллар учун жоним фидо¸ деб айтиб¸ аслида мансабга эришишни ўйлашган.

Ичида мансабни ўйлаган бу кимсалар¸ «бизга мансаб керакмас» дейишни ҳам хуш кўришган¸ дея эслайди Станислав Шушкевич.

Бундан 20 йил олдин Ўзбекистон раҳбарлигига келтирилган Каримов ҳам Намангандаги диндорлар билан учрашув пайтида “Менга мансаб керак эмас. Мансаб¸ пул мол-мулк ишқида ëнганлар учун керак” деган гапни айтган эди.

— Менга ҳам тинчлик керак. Мана битта қизим турмушга чиқди¸ яна битта қизим бор. Бошқа ҳеч ким йўқ. Менинг қўлимда ўзимнинг касбим бор.

Менга амал керак эмас. Амал кимга керак? Амал пул оладиганларга керак¸ деган эди 1991 йилги илк президентлик сайловларидан олдин Наманганда обком биносини ишғол қилган диндорлар билан учрашган Ислом Каримов.

Каримов бу гапни мансабга энди ўтирган бир пайтда айтди.

Бу гап айтилган пайтда¸ 20-аср тугашига ҳали 10 йил бор эди. Ҳали талабаларга қарата ўқ отилмаган¸ ҳали Тошкент марказида бомбалар портламаган¸ ҳали Андижондаги тинч намойишчилар ҳам қўрғошин ëмғири остида қолишмаган эди. Бугунги кун билан ўртада 20 йил бор эди.

— Совет ҳукумат пайтида 1000 сўм ўмарган мулозимлар мустақил бўлганларидан кейин миллиардларни ўғирлашди. Алдашди¸ қаллоблик қилишди¸ бутун мамлакатни¸ бутун хусусий мулкни прихватизация қилишди.

Мана шунақа бандитлар бугунги кунда омадли шахслар ҳисобланади. Ахир бу бандитлик манерасику!

Мен бу нарса ҳақида ҳеч нарса демайман. Бу ўзбек халқининг ички иши. Кимнинг нима ўғирлаганига уларнинг ўзлари баҳо беришсин.

Бугунги кунда нима бўлаëтгани¸ Ўзбекистонда ким қандай қилиб нимани ўғирлаëтгани мен учун ҳам¸ ўзбек халқи учун ҳам қизиқ¸ дер экан Телман Гдлян ва мустақил Ўзбекистон тепасидаги бугунги ўғрилар ҳақида бетараф жимлик сақлаяжагини такрорлади.

Саробга айланган умидлар

Бундан 20 йил олдин Каримовнинг Ўзбекистон раҳбарлигига келтирилиши билан боғлиқ фактлар ва ўша давр кайфияти ҳақида гаплашмоқдамиз.

Ўзбекистон каби муҳим бир республика жиловини қўлига олган Каримов¸ ишни вилоятларга сафардан бошлади. Аввалига Қашқадарë¸ кейин Хоразм¸ кейин Фарғона водийси.

Курсига ўрнашган сайин Каримов табиатидаги авторитаризмга мойиллик кучая борди¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ: Барибир ҳам менинг кўнглимда шубҳа қолди ва мен буни америкалик тадқиқотчиларга интервью бераëтганимда айтдим.

“Каримов бизга умидбахш гапларни айтди¸ лекин буни вақт кўрсатади. Ҳали бир нарса деб айтиш қийин” деб айтганман.

Надя Дюк деган хоним қайта қуришнинг сўнгги даврлари ҳақида “Миллатнинг туғилиши” деган китоб чиқарди. У ўша китобида 1989 йил июн ойининг охирларида менинг айтган айнан шу гапларимни босиб чиқарди.

Биз ҳақиқатан умидвор бўлдик¸ лекин бу умидимиз бир неча ой давом этди. Бу бир неча ойдан узоққа чўзилмади.

Озодлик: Умидлар қачон дарз кета бошлади?

— 1989 йилда бизга Бирлик халқ ҳаракатининг программасини босиб чиқариш учун “Ëш ленинчи” газетасидан жой ажратиб беришди.

Ана шундан кейин Бирлик халқ ҳаракатининг аъзоларига ва Ëзувчилар уюшмасига очиқдан-очиқ тазйиқ ўтказила бошланди.

Ҳукумат биз билан яхши гаплашади¸ лекин бизнинг аъзоларимизни ҳар ерда ҳибсга олиб¸ уч кун қамаб чиқариб юбориб¸ шунақа таҳдид¸ ҳатто Нишонов даврида кўрилмаган репрессия бошланди.

Лекин биз ҳаракат қилишда давом этдик. Чунки Совет иттифоқининг йиқилиш даври келган ва ҳаво бутунлай ўзгарган эди.

Каримов фактори олдинга чиққан фактор эмас эди. Совет иттифоқи каби буюк бир империя йиқилар экан¸ Каримовнинг кичкина диктаторлиги унинг соясида қолиб кетди ва Каримов бундан яхши фойдаланди.

У 1989 йилдаëқ ўзининг характерини очиқ кўрсатди¸ дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Журналист Анвар Усмонов Каримов калтагига дуч келган илк зиëлилардан бири бўлди. Бу калтак бошимизда синар экан¸ одил раҳбар ҳақидаги умидлар тутундай тарқади¸ деб эслайди Усмонов.

Анвар Усмонов: Секин-секин менга ҳам¸ бошқаларга ҳам тазйиқлар бошланди. Митингни таъқиқлашди. Митингларни таъқиқлашди¸ аммо пикет ўтказиш мумкин эди.

Ëздан бошлаб секин-секин ҳаммамиз қамоқда бўлдик. Ëдгор Обид ва Шуҳрат Исматуллаевнинг бошига хулиганлар труба биланми¸ нима биландир уриб¸ бу бечоралар 20 кун касалхонада ëтиб чиқишди.

Биз ўша пайтда ҳам тазйиқлар бошланганини билмадик. Биз у пайтда “Сиëсий шамол совуқ бўлиб қолди. Кейин исийди” деб ўйладик.

Йўқ¸ бу бунақа эмас экан. Каримовнинг сиëсати шунақа экан. Ўшанда мен ҳамма нарсани тушундим. Шунинг учун биринчилардан бўлиб мен кетдим.

Каримов икки юзли одам. Бугун Россия билан бирга бўлади¸ эртага хоҳласангиз¸ шайтон бирга бўлади. Шунинг учун мен ҳеч қачон бунга ишонмайман.

Озодлик: Лекин бир пайтлар ишонгансиз.

— Тўғри¸ бир пайтлар ишонганман. Мен ишондим¸ лекин мен хато қилдим. Мен буни ҳозир тушунаяпман¸ дейди Анвар Усмонов.

Каримов ҳақида бугун яратилган ривоятларда унинг совет давридаëқ мустақиллик учун курашгани¸ Ўзбекистон мустақиллигининг меъмори айнан Каримов экани таъкидланади.

Терговчи Телман Гдлянга кўра¸ Каримов совет даврида советча фикр юритган ва ҳеч қачон Кремл идеалларига қарши бормаган.

— Каримовлар ҳам¸ Назарбоевлар ҳам мустақилликни хаëлларига келтиришмаган. Уларнинг бирдан мустақил бўлишини Москвадаги ва Киевдаги азаматлар таъминлашди¸ дейди Телман Гдлян.

Терговчи Гдляннинг бу фикрига мисол сифатида Каримовнинг Горбачëв етовида Литвага сафар қилганини айтишимиз мумкин.

Мустақиллик эълон қилган Литва халқи учун Каримов марказга итоаткорлик ўрнаги сифатида кўргазмали восита янглиғ олиб борилган эди.

Каримов совет режимининг энг содиқ мулозимларидан бири эди¸ деб эслайди Муҳаммад Солиҳ.

— Каримов мустақилликни истаган эмас¸ у мустақиллик деган сўзни айтган одамдан ўтдан қўрққандай қўрқар эди.

Мен буни мухолифат лидери ўлароқ эмас¸ оддий ўзбек сифатида айтишим мумкин. Чунки менга ўхшаган миллионлаб инсонлар унинг Совет иттифоқидан ажралиш ҳақидаги фикрга қанчалик аллергияси борлигини телевизор орқали эшитган.

У ўша пайтда буни яширмаган ҳам. Бир кун келиб архив очилади. Унинг гапирган гаплари бор.

У минбарда туриб “Мана¸ Муҳаммад Солиҳ Совет иттифоқидан ажралиш ғоясига осилаяпти. Агар биз ажраладиган бўлсак¸ уч кун ичида бизни афғон мужоҳидлари босиб олади” деб айтган эди.

Бу ҳам кулгили нарса¸ ҳам фожеали нарса. У бугун тарихни ўзгартириб¸ ўзини миллий мужодаланинг қаҳрамони қилиб кўрсатишга қандай жасорат топганини¸ халқ баҳоласин.

Албатта¸ у якка ҳоким. У истаса¸ бугун тарихни тескари ëзиб чиқади ва ëзиб чиқаяпти. Аммо тарих у айтганидай¸ у ëздирганидай эмас.

Иншооллоҳ¸ ҳақиқий тарихнинг ëзилишига оз қолди. Ҳақиқий тарих бир кун ëзилади.

Каримов 1990 йил бошларида ҳам¸ охирларида ҳам мустақилликнинг душмани эди. 1991 йил март ойида ўтказилган сўнгги референдумгача Каримов мустақилликнинг актив душмани эди.

У ўз душманлигини қўлидан келгунча қилди. Буни Москва доимо қадрлади.

Каримовнинг 1991 йил 19-21 август кунлари бўлган Янаев путчига қарши чиқишини кўриб¸ Москва жуда ҳайрон қолди.

Биринчи навбатда Горбачëв жуда ҳайратга тушди. Чунки Совет иттифоқини энг охирги дамларгача ҳимоя қилган одам Каримов эди.

Бугун “Каримов мустақиллик тарафдори эди” деган гапни айтиш учун ë жуда безбет бўлиш керак¸ ëки Каримовнинг ëнида туриб айтишга мажбур бўлган жуда қўрқоқ одам бўлиш керак¸ дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Совет даврида¸ 1990 йилда Марказий телевидение суратга олган фильмда Каримов “Биз иккита халтанинг ичидамиз. Совет иттифоқидан ташқарида бир кун ҳам яшай олмаймиз” деб хитоб қилади.

Ўша даврда Каримовни бир тарафдан Москва¸ иккинчи тарафдан нисбатан эркин парламент назорат қилар эди.

Бу назорат тизимидан биттаси – Москва тарих тақозоси билан йўқ бўлганида¸ Каримов ҳақиқатда севинди¸ “Нега сизлар қарсак чалмаяпсизлар?” деб ўзбек парламенти депутатларидан гина қилди.

Сўнгги танлов

Депутатлардан бири Шуҳрат Нусратовнинг парламент минбаридан туриб¸ “Каримов табиатидаги мустабидлик бизни 37-йиллар каби қатағон сари етаклайди. Эртага бизни қамашади¸ эртага сизни қамашади”¸ деб қилган ҳайқириғи 20 йиллик давр мобайнида тасдиғини топганига тарих гувоҳ.

— Агар биз бугун бунга овоз бермасак¸ эртага бизни қамашади¸ эртага сизни қамашади.

Бу дегани бизнинг ҳар биттамиз ҳар қандай вақтда фақат президент хоҳлагани учунгина шундай вазиятга тушамиз. Президентнинг нимани хоҳлашини эса¸ биз ҳаммамиз биламиз.

Бугун Каримов Шовриқ Рўзимуродовни қамади.

Биз¸ бугун бу залда ўтирганлар¸ танловимизни қилишимиз керак: демократия ëки диктатура. Бунинг ўртаси бўлмайди¸ деган эди 1991 йил 30 сентябр куни бўлиб ўтган Ўзбекистон парламентининг 7-сессияда депутат Шуҳрат Нусратов.

Депутат Шуҳрат Нусратовга шундан сўнг бошқа сўз берилмади. 20 йил олдин Ўзбекистон жамияти олдида танлов бор эди¸ аммо танлов имкони бошқа бўлмади.

1991 йилда Намангандаги диндорлар билан гаплашар экан Каримов ўзининг мутлақ ҳокимияти йўлида тўсиқ бўлган парламент назоратидан холи бўлиш орзусини яширмади.

— Агар эртага мени президент этиб сайласангиз¸ менга парламентни тарқатиб юборадиган бир жумла керакки¸ ана ундан кейин гапим битта бўлади.

Ҳозир тўғри тушунинглар¸ деган эди 1991 йилги сайловлардан олдин Наманганда обком биносини ишғол қилган диндорлар билан учрашган Ислом Каримов.

Маълумотли мустабид

Беларус республикасини демократик давлат қилиш учун тиришган¸ аммо вазифасини қўлидан бой берган Станислав Шушкевич бир вақтлари ўзи яхши билган Каримовнинг бориб-бориб мустабидга айланганидан таассуф билдиради.

— Каримов мустабид¸ аммо маълумотли мустабид. Беларусдаги диктатордан сал яхшироқ кўринади назаримда¸ дейди Станислав Шушкевич.

Бировнинг хотини бировга қиз кўринади¸ дейишади. Аслида мустабиднинг яхшиси бўлмайди.

Биз Каримов иқтидорга келган 1989 йил кайфияти ва 1991 йилгача бўлган қисқа бир давр ҳақида ҳикоя қилдик. Каримовнинг лавозимдаги умри йилномасини ëзиш мақсадимиз йўқ эди.

Кекса гуржи сабоғи

20 йил бир мамлакатни бошқариш учун кўпми ë озми? Бундан 20 йил олдин Каримовга оқ фотиҳа берган Шеварднадзега бердик бу саволни.

— Бу ҳам кўп¸ ҳам ҳам оз. Агар раҳбар ўз халқи ишончини оқласа¸ 20 йил ҳам¸ 50 йил ҳам лавозимда ўтириши мумкин¸ дейди Эдуард Шеварднадзе.

2005 йил Андижонда минглаб тинч аҳоли намойишга чиққанида¸ Каримовнинг уларни отишга буюруқ бергани оқибатида юзлаб ўзбекистонлик нобуд бўлди.

Мана сизга қарши Тифлис майдонига ўн минглаб одам чиқди. Сиз уларга қараб ўқ узишни буюрмадингиз. Хўш¸ ким доно? Халққа ўқ отмагани учун лавозимидан айрилган Сизми ë ўқ отилгани боис курсисига маҳкамроқ ўрнашган Каримовми¸ дея савол бердик Шеварднадзега.

— Мен ë қон тўкишим лозим эди¸ ë истеъфога кетишим. Мен қон тўкилмасин¸ дея иккинчи йўлни танладим. Истеъфога кетдим. Ҳануз истеъфодаман.

Каримов биринчи йўлни танлади. Аммо бунга аввало ўзбек халқи¸ қолаверса¸ тарих ўз баҳосини берсин¸ дейди Эдуард Шеварднадзе.

Бошқа суҳбатдошларимиз¸ Телман Гдлян ҳам¸ Станислав Шушкевич ҳам Каримовнинг лавозимдаги 20 йиллик умрига баҳо беришни ўзбек халқига ҳавола қилишди.

Шуҳрат Бобожон
Озодлик радиоси мухбири
Манба: facebook.com