O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шу давлат мустақилми?

Шу давлат мустақилми?
28 views
09 February 2012 - 13:25

Давлат нима ўзи? Давлат бир маълум ҳудуд, бир ёки бир неча миллат вакилларидан иборат бир халқ ва шу халқни бошқарадиган ҳукумат, демакдир. Бунга кўра бу давлатнинг тили ёки тиллари, дини ёки динлари, пули, ҳарбий кучи ва ҳак лари бордир. Мана шу нарсага давлат дейиш мумкин замонамизда…Бу давлатнинг мустақиллиги қандай маънони билдиради? Бу шу давлатнинг БМТга аъзолигини, бошқа давлатлар билан чегараси борлигини, бошқа давлатларнинг унда, унинг бошқа давлатларда элчихоналари борлигини билдиради. Давлатни ва унинг мустақиллигини бундай тушуниш нисбий бир ҳақиқатдир. Чунки инсоният тарихига қарайдиган бўлсак, қанчада қанча давлатлар қурилган ва кейинчалик йўқ бўлиб кетган. Бошқача айтадиган бўлсак, тарихни бир маънода давлатларнинг қабристони ҳам, дейишимиз мумкин. Инсонлар орасида янги насллар туғилиб, эскилари ўлгани каби, давлатлар орасида ҳам янгилари туғилиб, эскилари тарих қабристонига кўмилиб кетаверган…
Ҳозир бир давлат дунё кун тартибинингдиққат марказида турибди. Бу давлатнинг аҳолиси миллий ўлароқ бир бирига яқин бўлсалар ҳам, диний жихатдан фарқлидирлар. Аҳолининг асосий қисми, яъни 85 % бир диннинг бир мазҳабига оид. 10 % айни диннинг бошқа мазҳабига, 5% эса умуман бошқа динга оид. Бу давлатни унинг аҳолосининг 10% ташкил қиладиган мазҳабий озчилик вакиллари ярим асрдан бери зулм ва фавқулодда ҳолат шартлари билан бошқариб келмоқда эди. Яъни, 10% озчилик 90% кўпчиликни эзиб, уларга кун бермасдан келмоқда эди. Токи кутилмаганда “Араб баҳори”, дейилган халқларнинг тўлқинланиш жараёни бошлангунга қадар бу давлатда шундай зулм, шундай диктутура мавжуд эди. Ва ниҳоят “баҳор” бу давлатга ҳам етиб келди. 90% кўпчиликнинг вакиллари 10% озчилик вакилларининг давлат террорини тугатишни талаб қилиб, кўчаларга чиқа бошлади. Аммо бу давлатни бошқараётганларнинг яхши қуролланган ҳарбий кучлари, миршаблари, жосуслари, ўзи кўпчилика оид аммо қиладиган иши хоинликдан иборат бўлган золимлардан иборат дастакчилари бор эди. Хуллас, бу давлатда зулмга қарши қўзғолон бошланди…
Агар бу давлат тамоман мустақил бўлганда, ҳеч ким унинг ички ишларига аралашмаганда бу давлат аҳолиси ўзининг муаммосини ўзи ҳал қилган бўларди. Албатта, қурбонлар бериб бўлса ҳам, кўпчилик истаган адолат озчилик истаган зулмдан устун келарди. Аммо юқорида айтганимиз каби, давлатлар ҳам уларнинг мустақиллиги ҳам нисбий воқеаликлардир. Бугунги дунё сиёсати шундай шаклланганки, унда адолат ва зулм аниқловчи эмас, давлатлар манфаатлари бошқарувчидир. Яъни, бугунги дунё ишларида ҳамма жўр бўлиб яшасин адолат, йўқолсин зулм, демайди…
Хуллас бу давлатда бўлаётган ўзгаришлар масаласида дунё давлатлар ташкилоти бир қарорга кела олмади. Бу дунё ташкилотининг баъзи вакиллари биз айтаётган давлатда ҳукумат тарафини, қолганлари эса бу ҳукуматга қарши мавқеда бўлдилар. Нимага шундай бўлди? Бунинг асосий сабаби бугунги дунё сиёсатида адолат эмас, давлатлар манфаатлари мезондир. Бир давлат иккинчи бир давлат билан муносабат қурур экан, аввало манфаат, дейилган мана шу офат кун тартибига келади. Биз айтаётган давлат дунё сиёсатида муҳим роль ўйнамасада, аммо у жойлашган ҳудуд ниҳоятда мураккаб жуғрофий сиёсий ва диний хусусиятга эга. Масалан, бу давлатнинг икки катта қўшниси, айни диннинг аммо турли мазҳабларнинг ҳимоячиларидир. Яъни, бу қўшни давлатларнинг бири биз айтаётган давлатни бошқараётган 10% золим озчилик, иккинчиси эса бу давлатда мазлум бўлган 90% аҳоли билан айни мазҳабдалар. Шунинг учун ҳам бу давлатга қўшни бўлган икки катта давлат ўзаро келиша олмадилар. Чунки улар бошқа диндагилар билан тил топишса топишадики, айни диндан бўлсалар ҳам, айри мазҳаблардагилар билан тил топиша олмайдилар…
Дунё давлатлар ташкилотини бошқараётган буюк давлатларга келадиган бўлсак, улардан бири аҳоли жиҳатидан, иккинчиси эса сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан дунё лидерларидир. Қолган катта давлатлар ҳам аввал айтганимиздек, ўз манфаатларига кўра иш тутишади дунё давлатлар ташкилотида…Бу катта давлатларнинг манфаатлари эса бутун дунёда ўзаро рақобат ҳолидадир. Шунинг учун ҳам дунё давлатлар ташкилоти биз айтаётган давлатда адолат ўрнатиш масаласида ҳамфикр бўла олмадилар…
Биз айтаётган давлатда эса ички низо давом этмоқда. Ҳар куни юзларча бегуноҳ инсонлар қурбон бўлмоқда. Булар адолат истаганликлари учун бир золим диктутор ва унинг ҳамтовоқлари тарафидан ўлдирилмоқдалар…
Ушбу давлат ва унда содир бўлаётган воқеалар мисолида шундай хулосага келишимиз мумкин: инсоният ичида давлат ҳам унинг мустақиллиги ҳам нисбий қадриятлардир. Яъни ҳар қандай давлатнинг қайта қурилиши, умуман йўқ бўлиб кетиши ёки бошқа давлатлар билан бирлашиб кетиши фавқулодда ҳол ҳисобланмайди. Шунингдек, давлатларнинг мустақиллиги ҳам нисбий мустақилликдир. Бугун дунёнинг энг катта ва энг кучли давлатлари ҳам ўзларининг сиёсатларини ўзлари тўлиқ шакллантира олмайдилар. Чунки уларнинг сиёсатлари ҳам дунёнинг бошқа бурчакларида содир бўлаётган жараёнлар билан чамбарчас боғлангандир…
Биз мисол келтирган давлатда озчилик вакилларининг аҳолининг кўпчилигини ташкил қиладиган инсонларга зулм ўтказиб келаётганини таъкидладик. Аммо бу давлатда кўпчиликнинг вакиллари ҳукмрон бўлсалар, улар озчилик вакилларига айни зулмни ўтказишлари керак, деган маънони ҳам билдирмайди. Инсонларнинг ўзаро муносабатларида ҳам, давлатнинг сиёсатида ҳам ягона мутлақ мезон адолат бўлиши ўзгармас ҳақиқатдир…
Фурқатбек