(Суратда: )
95 йил олдин рўй берган тарихий ҳодисалар ҳақидаги хотираларни Ўрта Осиёнинг Совет ўтмишига бағишланган бирорта тарихий асарларда ўқимайсиз. Ўша ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган чекист Абдулло Валишевнинг хотиралари 1989 йили Тожикистон давлат хавфсизлик идорасининг юбилейи муносабати билан Душанбе шаҳрида жуда кам нусхада нашр этилган. Қизил Армиянинг юзлаб аскарлари умрини асраб қолган Совет ҳукуматининг ашаддий душмани Иброҳимбек билан қилган келишуви жуда қаттиқ яшириб келинган.
Дала қўмондони Иброҳимбек Совет тарихшунослигига 1920-йилларда Шўро ҳукуматига қарши курашган “босмачилар”нинг энг таниқли раҳбари сифатида кирган.
Узоқ йиллар мобайнида у Совет киносининг энг ёвуз образи ва Совет адабиётининг энг салбий қаҳрамони бўлиб қолди. Бировлар учун у муросасиз душман, бошқа бировлар учун эса истилочиларга қарши курашчи намунаси эди.
Иброҳимбек Шўро ҳукуматига қарши ўн йил жанг қилди. Ниҳоят 1931 йили у Советларга қарши уруш бесамарлигини англаб етиб ўзи таслим бўлди. Шундан кейин у суд қилинган ва отувга ҳукм қилинган.
Иброҳимбекнинг маҳкамасида ҳеч ким большевикларнинг энг ёвуз душмани юзлаб қизил аскарларни ўлимдан асраб қолганини эслашни хоҳламаган.
“Душанбе ҳодисалари“
1921 йили “босмачилик” ҳаракатини тор-мор келтириш ва Совет ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун Шарқий Бухорога(ҳозирги Марказий ва Жанубий Тожикистонга) Усмон Хўжаев юборилади. Ўшанда Усмон Хўжаев Бухоро Халқ Совет Республикаси(БХСР) МИК раиси лавозимини эгаллар эди. У РСФСР консули Нагорний билан бирга Душанбега боради.
Орадан сал ўтиб БХСРга Туркиянинг собиқ ҳарбий вазири Анвар Пошо келади. У ҳукуматдаги қатор юқори лавозимдаги амалдорлар ва Биринчи Жаҳон уруши йилларида асирга тушган собиқ Туркия зобитлари билан учрашади. Бухоро амирлиги тор-мор этилганидан кейин туркиялик собиқ асирларнинг кўпчилиги БХСР давлат органларига ишга ўтган эдилар.
Усмон Хўжаев турклар ҳақида жуда юқори фикрда эди ва Анвар Пошони қаттиқ ҳурмат қиларди. Қулай имконият туғилиши билан Усмон Хўжаев Қизил Армия гарнизонини тарқатиб юбориш ва Совет ҳокимиятини тугатишга ҳаракат қилди. Бу ҳодисалар Тожикистон тарихида “Душанбе ҳодисалари” сифатида сақланиб қолган.
1921 йил 15 октябрида 8-ўқчи полк ва тоғ отлиқ-артиллерия батареяси Душанбедан чиқарилиб, Гузор ва Шеробод томонга жўнатилади. Гарнизонда 7-ўқчи полкнинг фақат икки батальони қолади. Улар БХСР ҳарбий назири муовини Али Ризо қўмондонлигидаги Бухоро қўшинлари отлиқ отрядини қўллаб-қувватлашлари лозим эди.
Янги ҳокимиятдан норози кучлар Қоратегин, Дарвоза, Болжувон, Кўлоб ва Жилиқулда қўзғолон кўтаришди ва Шўроларнинг маҳаллий бошқарув органларини йўқ қилишди. Норозилик ҳаракатига “босмачилар” раҳбари Иброҳимбек раҳбарлик қилди.
Қамал
Қизил ҳокимиятга қарши бош кўтарганларга ёрдам бериш учун Бухородан Термизга Анвар Пошо йўл олади. Шарқий Бухоро ичига кириб борар экан, Анвар Пошо Душанбе шаҳридаги Бухоро отряди қўмондони Али Ризо билан мулоқотга киришади ва Шарқий Бухорода Шўро ҳокимиятини барбод этмоқчи экани ҳақидаги режаси билан ўртоқлашади.
Ўзининг обрў-эътиборига ишонган Анвар Пошо “барча қуролланган аксилҳукумат кучлар мени қўллаб-қувватлашади” деган фикрда эди. Бироқ унинг отряди Лақай “босмачилари”га дуч келади, Анвар Пошо мусулмон биродар сифатида ғазавотга, Лақайларга ёрдам бериш учун келгани ҳақидаги тушунтиришларига қарамасдан, унинг гуруҳи қуролсизлантирилади.
Шарқий Бухорони якка ўзи бошқаришни хоҳлаган Иброҳимбек Анвар Пошога ишонмайди, у четдан келган одам билан ҳокимиятни бўлашишни истамас эди. Иброҳимбек Анвар Пошо ва у билан бирга бўлган Турк офицерларини ҳибс қилади, шундан кейин уларни ҳеч қаерга қўйиб юбормайди.
Бухоро Амири Саид Олимхон ўз қўрбошисининг бу қилиғидан ғазабга келади ва Анвар Пошони тезлик билан озод қилиш, зудлик билан Душанбе шаҳрига ҳужум бошлаб, у ердаги Қизил армия гарнизонини йўқ қилишга фармон беради.
Лекин Қизил армиячилар Али Ризо етакчилигидаги исёнчилар ва Иброҳимбек раҳбарлигидаги “босмачи”ларнинг барча қақшатқич ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўладилар. Узоқ давом этган қамал, очлик, касаллик, сув ва дори-дармон етишмаслигига қарамасдан, Қизир армия гарнизони Душанбе шаҳрининг назоратини қўлдан бермайди.
Душанбе гарнизонининг бошлиғи Владимир Мартиновский Туркистон фрони штабига ёзган хуфяномасида Қизил армиячиларнинг оғир аҳволда қолганини ёзган ва тез ёрдам сўраган: “Касалликлар ва ҳолдан тойиш шахсий таркибнинг 80 фоизини ишдан чиқарди. Ўнлаб Қизил армиячилар ўлдилар ва яраландилар. Зич қамалнинг қуршовидан чиқиш имконсиз”.
Мажбурий келишув
Ушбу мураккаб вазият ечимини қуршовдаги гарнизон чекистлари топадилар. Чекистлар Душанбени қамалга олган турли гуруҳлар ўртасидаги муносабатлардан яхши хабардор эдилар. Маҳаллий чекистлар Иброҳимбек, Анвар Пошо ва жадидлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳар кимнинг ўз манфаатини кўзлаётганидан келиб чиққанини билар эдилар.
Вазиятни обдон тарозига солган чекистлар гарнизонни Душанбе шаҳридан олиб чиқиш режасини тузадилар. Кутилмаганда бу режанинг асосий иштирокчиси Иброҳимбек бўлиб чиқди. Ушбу режадан келиб чиқиб гарнизон бошлиғи Иброҳимбекка ўзаро манфаатли битим тузиш таклифи илгари сурилган мактубни юборади.
Келишув шартларига биноан, гарнизон қўмондонлиги ўзининг барча қўшинларини Душанбе шаҳридан олиб чиқиб кетиши, Иброҳимбек эса уларни озиқ-овқат, от-улов ва ем-хашак билан таъминлаши лозим эди. Бунинг эвазига Иброҳимбекка Душанбе ҳокимияти ваъда қилинади. Иброҳимбекка Бухоро Халқ Совет Республикасининг расмий вакили сифатида БХСР номидан бошқарув ваколати таклиф қилинган.
Бундан ташқари, икки томоннинг ҳам умумий душмани – Бухородан келган жадидлар отрядларига қарши курашиш таклифи ҳам илгари сурилган.
Чекистларнинг хомчўти тўғри чиқди. Иброҳимбек Душанбе гарнизони бошлиғининг таклифларига розилик билдиради. Гарнизон комендантига Иброҳимбек қуйидаги мазмунда жавоб хати ёзиб юборади: “Ўртоқлар, сизлар большевикларнинг ортидан боришади деб хато қилганингиз жадидларга қарши яхши урушганинингиз учун биз сиздан миннатдормиз. Мен – Иброҳимбек, бунинг учун сизни мақтайман ва қзлингизни сиқаман. Сизнинг тўрт томонингизга йўлни очиб бераман, сизларга ем-хашак ва от ҳам бераман, бизнинг ҳудудларимиздан қорангизни ўчирсангиз бўлди”.
Мактуби ортидан у гарнизонга озиқ-овқат ва ем-хашак, қурол-яроғ ортилган 100 та арава юборади. Кейин келишув шартларига биноан, хавфсизлик йўлагини очиб бериб, Қизил Армия аскарларининг Душанбе шаҳридан чиқиб олишларига изн беради.
Ушбу ҳарбий-дипломатик амал Душанбе шаҳрида қолган Қизил Армияни муқаррар ҳалокатдан асраб қолди ва Иброҳимбек билан Анвар Пошо ўртасидаги муносабатларга жиддий дарз етказди.
Иброҳимбекнинг бу ишидан Анвар Пошо роса ғазабланди, уни сотқинликда айблади. Али Ризо ўз йигитларига Иброҳимбек отрядларига ҳар қандай турдаги қурол билан ҳужум қилишга буйруқ берди.
Анвар Пошо таҳдидлари шунчаки пўписа эди. Боиси Иброҳимбекнинг кучлари сони Анвар Пошоникидан бир неча баравар кўп эди. Иброҳимбек Анвар Пошога Душанбежан чиқиб кетишга буйруқ беради. Анвар Пошо ўз қўли остидагилар билан шаҳарни тарк этиб, асли Қоратегиндан бўлган қўрбоши Эшон Султон лагерига бориб жойлашади.
Ҳисор водийсининг ҳукмдори
Иброҳимбек бутун Ҳисор водийсининг ҳукмдорига айланади. Аммо бу ҳукмдорлик узоққа чўзилмайди. 1922 йилнинг ёзидаеқ Қизил Армия ўзининг қўлдан бой берган мавқеларини қайтариб олишга муваффақ бўлади. “Босмачи”ларнинг раҳбари Иброҳимбек ўз қўшинлари билан шошилинчда Душанбени тарк этади ва Афғонистонга ўтиб кетади.
1931 йилнинг апрелида Иброҳимбек 9000 кишилик қўшини билан Совет-Афғон чегарасини кесиб ўтади ва маҳаллий ҳалққа мурожаат қилиб, Совет ҳокимиятига қарши бош кўтаришга чақиради.
У ёппасига коллективлаштириш жараёни кечаётгани туфайли бутун Ўрта Осиёда таранг ижтимоий-сиёсий вазият юзага келганидан яхши хабардор эди.
Иброҳимбек халқ ўзини қўллаб-қувватлайди деб умид қилган эди.
Аммо июнь ойига келибоқ Қизил Армияга қарши жангларда Иброҳимбек 1224 аскаридан айрилди. 75 киши ҳибсга олинган. 314 киши ўз ихтиёри билан қуролини ташлаган. Иброҳимбекнинг ўзи 1931 йилнинг 23 июнида Совет ҳукуматига таслим бўлди.
1932 йилнинг 13 апрелида олий жазо – отувга ҳукм қилинди.
Босмачилик – туркча “босиш”, “босмоқ” ўзакларидан олинган бўлиб, босиб келиб ҳужум қилиш маъносини англатади. Марказий Осиёда Совет ҳокимиятига қарши чиққан партизан қуролли кучларни Совет мафкураси “босмачи” деб тамғалаган.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин “босмачилик” аслида миллий озодлик йўлидаги қуролли курашчилар ҳаракати бўлгани эътироф этилди.
Ўрта Осиёда Совет ҳокимияти нисбатан тез ва қон тўкилишсиз ўрнатилди. Лекин ҳокимиятни қўлга олишлари билан большевиклар масжидларни ёпа бошладилар, уламоларни таъқибга олдилар. Диний китобларни ёқиш бошланди, шариат маҳкамалари бекор қилинди. Бу ҳаракатлар бутун минтақада аҳоли норозиликларини келтириб чиқарди.
Большевикларнинг сиёсатига қарши чиққан “босмачилик” бутун минтақага тарқалди. Шарқий Бухорода “босмачилик”нинг энг кўзга кўринган лидери Иброҳимбек бўлди, Фарғона водийсида Мадаминбек, Туркманистонда Жунаидхон.
Баъзан “босмачилар” отрядлари Россия подшосига бўйсунган Оқ гвардиячилар билан иттифоқда урушга кирганлар. Уларга Эрон, Туркия, Хитой ва Афғонистон ёрдам бериб турган. “Босмачилар”ни ҳарбий тайёргарликдан ўтказишга Оқ гвардия атамани Дутов, Туркия офицерлари ва Британия инструкторлари кўмаклашгани айтилади.
Сталин “босмачилик” устидан ғалабани принципиал ғалаба деб ҳисоблаган. Чунки буни Сталин большевикларга қарши бош кўтарган Ўрта Осиё халқларини дастаклаётган Германия, Англия ва Эронга қарши муносиб жавоб деб билган.
Иброҳимбек ҳақида Ўзбек Миллий Энциклопедиясида келтирилган маълумот
Иброҳимбек лақай, Мулла Муҳаммад Иброҳимбек Чақабой тўқсабо ўғли (1889, Душанба атрофидаги Кўктош қишлоғи — 1932.31.8, Тошкент) — Шўро хукуматига қарши кураш ҳаракати раҳбарларидан бири.
Иброҳимбек маҳаллий мадрасада сабоқ олган.
1919 йилида Ҳисор беги ҳузурида қилган хизматлари эвазига қоровулбеги, кейинчалик Бухоро амири томонидан девонбеги, тўпчибоши ва лашкарбоши лавозимларига кўтарилган.
Собиқ амир Олимхон 1921 йил бошларида Иброҳимбекни бутун қўшинларига қўмондон қилиб тайинлаган.
Бухоро қўрбошиларининг қурултойи (1921.17.09) да Иброҳимбекка «Ислом лашкарбошиси» деган унвон берилган.
У қисқа муддат ичида 10.000 нафардан ортиқ аскар тўплаб, Кўлоб, Балжувон, Қоратегин, Дарвоз, Ҳисор вилоятларини қизил қўшиндан тозалаган.
1922 йили Душанба шаҳрини босқинчилардан озод этишда қатнашган.
1923 йил баҳорда Иброҳимбек қўл остида фақат Шарқий Бухорода 47 та қўрбоши дасталари ҳаракат қилар, аскарларининг сони Ҳисорнинг ўзида 20000 киши эди.
1923 йили ёзида у Ҳисор водийси ва Панж дарёси атрофида қатор муваффақиятли ҳарбий ҳаракатларни ўтказди.
1925 йил январида Иброҳимбек Сурхон воҳасида, Шеробод — Бойсун атрофларида шўро қўшинларига қарши муваффақиятли кураш олиб борган. Ўрта Осиё республикалари тузилгач, Иброҳимбек Тожикистон ва Ўзбекистоннинг, асосан, тоғлик вилоятларида курашни давом эттирган.
1926 йил 21 июнида кескин жанглардан сўнг Афғонистон ҳудудига ўтиб кетган. Иброҳимбек 1926 — 29 йилларда Кобул яқинидаги Қалъаи Фотуда — собиқ амир Сайд Олимхоннинг қароргоҳида яшаган. Иброҳимбек бошчилигидаги муҳожирлар Афғонистондаги сиёсий курашга, ҳарбий можароларга қатнашишга мажбур бўлишган (1928—29).
1928 йилнинг охирларида Иброҳимбек Кобулдан Шимолий Афғонистонга келиб, ўз мавқеини мустаҳкамлади.
1929 йил 15 апрель — 31 майда совет қўшинлари Афғонистонга бостириб кирди. Совет қўшинлари 19 апрелда Мозори Шарифни, 22 апрелда Тошқўрғон шаҳарларини босиб олишди.
1930 йил 24—25 майда қўрбошилар қурултойи чақирилиб, бўлғуси жанг ҳаракатлари ва чегаранинг турли нуқталаридан Тожикистон ССР ҳудудига ўтиш масалалари келишиб олинди. Иброҳимбек СССРга қарши ялпи ҳужум муддати қилиб 3 июль кунини белгилади. Бироқ жосуслар орқали бу режадан воқиф бўлган совет режими раҳбарлари зудлик билан қарши зарба уюштирдилар. 1930 йил 20 июнда 2-марта Афғонистонга бостириб киришди. Бир ҳафта давом этган жангларда Иброҳимбекнинг 839 жангчиси, шунингдек, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди. Кучлар тенг бўлмаган жангда Иброҳимбек мағлубиятга учраб, ўзининг яқин сафдоши Ўтанбек қўрбоши ва ҳарбий кучлари билан Қора Ботир тоғларига чекинди.
1931 йил бошларига келганда Иброҳимбек ўз ҳаракатини фаоллаштириб, муҳожирларнинг тарқоқ кучларини яна бирлаштирди. Иброҳимбек 1500 кишилик сараланган қўшини ва 8 та қўрбошиси билан 1931 йил 30 мартида Тожикистон Республикаси ҳудудига кирган. Иброҳимбек қўшини билан шўро аскарлари ўртасида апр.—июнь ойларида шиддатли жанглар бўлган. 12 июнда Оқбош тоғидаги сўнгги жангда Иброҳимбек яраланиб, мағлубиятга учраган.
1931 йил 23 июнда чекистлар томонидан қўлга олиниб, Тошкентга олиб келинган.
1932 йил март ойида Иброҳимбек суд қилиниб, 31 августда қатл қилинган.
Адабиётлар: Амир Саййид Олимхон, Бухоро халқининг ҳасрати тарихи, Т., 1991;
Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2-китоб, [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000;
Туркестан в начале XX века: К истории истоков национальной независимости, Т., 2000; Ўзбегим, Т.,1992;
Ражабов К,., Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш, Т., 2002.
Манба: Би-Би-Си Ўзбек