Суғурта агенти Грегор Замза ўз уйида улкан ҳашаротга айланиб қолади…
Машхур сюрреалист ëзувчи Франц Кафканинг бу ҳақдаги ҳикояси 1981 йилда Шарқ юлдузи журналида Муҳаммад Солиҳ таржимасида босилганида катта кўпчилик эътиборини тортмади.
Адабиëт оламидаги йигирма нафар эстет ўқиб бир бирларига мақтаб қўя қолишди.
Ҳолбуки бу ҳикоя 200 минг тиражда чоп қилинган эди.
Ҳолбуки Кафка илк марта ўзбекча гапирган эди.
Холбуки попукқанд каби чучмал матнлар тўла журналда илк бора Ғарбча иронияга тўла битиклар пайдо бўлган эди.
Афсус чучмалликка гиëҳванд вужудлар бу матнни қабул этмади..
Миямиздаги илон
2012 йили Кафка ҳикоясига ўҳшайдиган ривоят тарқалиши ҳамона Ўзбекистондаги оддий аҳоли шуурини ишғол қилди қўйди.
Гўë ҳожи она ҳаждан келиб нолингани заҳоти ўз уйида илонга айланиб қолади…
(Ҳажда илон каби судралиб товуқ каби тош тердик деб нолинганмиш)
Фақат телефон ойнагида акс этган ва уйдирмалиги шундоқ кўриниб турган бу воқеа оғиздан оғизга¸ уйдан уйга тилдан тилга¸телефондан телефонга кўчди.
Ана айтмадимми¸ ўшанақа бўлади¸ажаб бўпти¸илойим баттар бўлсин¸ деган ҳулосалар сабаби бўлди бу лавҳа.
Франц Кафка каби юксак зако соҳиби жунбушга келтира олмаган ўзбеклар шуури оддий ҳаваскор тасвирчи тарафидан кам куч билан ишғол қилинди.
Иштонга қарши гизли исëн
Франц Кафка ўзининг Эврилиш ҳикоясида моддий неъматларнинг қул каби истеъмолчисига айланиб бораëтган кичкина буржуазиянинг руҳий қадриятлардан узоқлашиб ҳашаротга эврилиш жараëнига эътиборимизни қаратмоқчи бўлади.
Бугун Ўзбекистонда тарқалган ривоятдаги илонга айланган аëл эса руҳий оламга беписанд бўлгани учун¸ гўë жазоланади.
Яна ҳам тўғриси бошқа Ҳожи оналар айта олмаган гапни айтишга журъат қилгани учун ривоятдаги аëлнинг тили жазога лойиқ кўрилади.
Зеро ўзбек аëли нолимаслиги керак. Айниқса Ҳожи она.
Умуман ўзбеклар сабр қаноат¸битмас туганмас тоқат соҳибидир дея шаклланган стереотип сувратига зид ҳар қандай ҳатти ҳаракат¸омма наздида жазога лойиқ.
Мунаққидлар Кафка ҳикоялари парадокс яъни ҳақиқатнинг тескарисига асосланганини ëзишади.
Шу маънода ўзбекларнинг сабрли экани ҳам парадокс кўринади.
Аслида ўзбекларнинг тоқатли экани ҳақиқат. Улар бениҳоя зулм ва таҳқирларга бениҳоя шаклда узун муддат тоқат қилиб ўтираверадилар.
Аммо бир оиланинг зулм ва таҳқирига сурункали чидаб келаëтган бу омма¸ айни оила вакиласи кийган иштонга тоқат қила олмагани парадокс каби кўринади.
Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Тошкентда ўтган ҳунарманд наққошлар байрамига қичиқ атласдан модерн қилиб тикилган лозимда келди.
Хонимнинг оëқлари тўпиққача лозим остига яширинган бўлсада муҳофазакор оламон дидига шак келтирган эди.
Бу тадбир ҳақида Озодликда ëзилган мақола остида қолдирилган изоҳлардан ҳулоса чиқарсак¸ ўзбеклар қуюшқондан¸белгилаб қўйилган доиралардан сал четга чиққанларга ўта тоқатсиз.
Фавқуллода тоқатсиз десам ҳам муболаға қилмайман.
Ташқи ишлар вазирлигидаги юқори мартабали мулозиманинг дашном ва эътирозга лойиқ иш фаолияти эмас¸ балки бошқалардан фарқли бўлган атлас лозимигина эътирозлар сабаби бўлди.
Яна бир эътироз эса виртуал ҳожи онанинг ношукур тилига аталди.
Ҳаж қилиб келганидан бери халқни¸ҳоссатан диндорларни 20 йил мобайнида эзаëтган ҳожи папага эса эътироз йўқ.Лозим иштонга қарши исëн интернет деб аталмиш стакан ичида турли лақаблар ортига яширинган ғаввослар тарафидан кўтарилган бўлса ҳам¸ барибир зеҳниятимизга оид диагноз учун маълумот бўла олади.
Метамарфозалар
Франтс Кафканинг ўзбекчага ўгирилган ҳикояси инглиз тилида метамарфозалар деган ном билан чоп қилинган.
Орадан 30 йил ўтиб Кафка метаморфозаларини яна ҳижжаладим.
Ўзбекистон деб аталган жамиятнинг кейинги бир ҳафтасига Кафка кўзи билан қараб кўрганларим мана булар:
20 йил аввал ҳаж қилган 70 ошган мустабиднинг баҳорги рақси¸телефонларда акс этган илонга айланган ҳожи аëл тимсоли¸қамоқхонага мадҳия ëзган бечора воиз.
Бу шеър чоп қилинган қамоқхона газетаси манжетига битилган ¸”Ҳар ким экканини ўради” деган ëзув. Бу ëзув ëнида озодликка қанча кун қолганини санаëтган қум соат тасвири…
.
Бу тасвирлар Тошкент марказида гуриллаб ëнган заправка оловининг ëруғида янада равшанроқ кўринди.
—–
Бу ëзувларни шу йилнинг баҳорида ëзган эдим. Шу пайтгача эълон қилинмасдан турувди. Шунча ëзув увол бўлмасин дея интернетга илиб қўйдим. Ҳатоси бўлса кечиринг¸резинка билан ўчиринг.
Шухрат Бабажанов