ББС Ўзбек хизмати билан суҳбатлашган Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова хоним Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар йўқлигини айтган. (www.bbc.co.uk) Бу билан у диктатор Каримовнинг жиноятига шерик ҳамда бу режимнинг зиндонларида оҳ вой чекаётган йигирма мингга яқин (бу маълумотлар халқаро ҳуқуқ ташкилотларига оид, аслида мазлумларнинг сони бундан бир неча баробар кўплиги тахмин қилинади) ноҳақ қамалганларнинг дуои баъдига ҳам сазовар бўлган.
Аёл бўлишига қарамасдан меҳру шафқатдан бенасиб кўринадиган бу жиноятчига оддий савол бермоқчимиз: яқинда ҳеч қандай асоссиз қамоқ муддати 5 йилга узатилган Муҳаммад Бекжон сиёсий маҳбус бўлмаса, қандай маҳбус ҳисобланиши керак? Бу фақат бир мисол. Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари Муҳаммад Бекжон ва унга ўхшаш Каримов диктатурасига қарши бўлишгани учун минглаб ноҳақ қамалганларни сиёсий маҳбус ўрнида кўрар экан, сиз қайси виждон билан Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар йўқ, деяпсиз? Умуман виждон тушунчаси сизда борми? Сиз қанақа аёлсиз, қанақа онасиз? Сиз қандай қилиб уйда болаларингизни қучоғингизга олиб, уларга меҳр шафқат кўрсатаяпсиз? Балки болаларингизни ҳам фарзанд ўрнида кўрмассиз? Чунки сиз ҳеч қандай жиноят қилмаган, аксинча диктатура режимининг жиноятларига қарши бўлганларни сиёсий маҳбус эмас, улар давлатга қарши жиноят қилган, демоқдасиз. Яъни, сиз тўғрини эгри, эгрини тўғри, демоқдасиз. Шундай экан, фарзандларингизни нима, дейсиз? Бу қоидага кўра, фарзандларингизни фарзанд, демаслингиз керак…
Бу ерда сиз тўғри, деб биладиган баъзи эгриларни ҳам сизга хотирлатиб, бу масалаларда адолатсизлик қиладиган сиз ва сиз каби Каримов диктатурасининг малайлари бундай зулм учун эртага муҳаққақ жавоб беришларингизни эслатмоқчи эдик.
Ҳозир Ўзбекистонда сизлар тўғри, деб биладиган энг катта эгри мавжуд Конституцияга уни қабул қилган ҳукуматнинг амал қилмаётганидир. Бу қонунсизлик ва ҳуқуқсизлик шу даражада ки, ҳозир Ўзбекистонда ҳеч қандай Конституцион режим йўқ, десак хато бўлмайди. Сиз албатта, мана, мана сиз Конститутцион режимни инкор қилмоқдасиз, дея бизни жиноятчига айлантиришни истайсиз. Ҳолбуки, Асосий Қонунга амал қилмайдиган биринчи шахс, сиз муборак ҳисоблайдиган Ислом Каримовнинг ўзидир. Каримов 1991 йилда биринчи марта Президентликка сайланган ва унинг хизмат муддати 2001 йилда тугаши керак эди. Ҳозир 2012 йил, яъни Каримов 11 йилдан бери Конституцияга хилоф равишда Президентликни эгаллаб ўтирибди. Сизга кўра бу тўғри, аммо бизга кўра бу энг катта эгридир!!!
Шунингдек, Асосий Қонунга кўра, Қонун чиқарувчи (Олий Мажлис), Ижро (Ҳукумат) ва Суд ҳокимиятлари бир биридан мустақил ҳолда фаолият олиб бориши керак. Аммо ижро ҳокимиятининг маҳаллий вакиллари, яъни вилоят ва туман ҳокимлари депутатлик ва сенаторлик мансабларини эгаллаб олишганини, уларнинг барчасининг номзоди Президент Каримов шахсан тасдиқлашини қандай изоҳлаш мумкин? Афсуски сиз ва сизга ўхшаганлар буни ҳам тўғри, дея баҳолайдилар.
Бундай ҳуқуқсизлик ва қонунсизликларни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида, мамлакат бошқарувининг барча тармоқларида кўриш мумкин. Хуллас бугун Ўзбекистон диктатура, яъни ҳар қандай эркинликлар тақиқланган давлат эканлиги дунё миқёсида тасдикланган ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам биз фақат юқорида келтирилган мисоллар билан чегараланмиз. Чунки халқимиз айтгандек, балиқ бошидан сасийди. Шундай сасиганлар орасида сиз каби аёл сиёсатчиларнинг борлиги эса дард устига оғир дарддир…
Йўлдош Абдулла ўғли
31 январь, 2012 йил.