O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

«Эй бор Худоё, итларингдан бир итни буларга юборгил»

«Эй бор Худоё, итларингдан бир итни буларга юборгил»
332 views
25 October 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 217
(давоми)

ҚИРҚ БИРИНЧИ МЎЖИЗА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилмасдан илгари бир қизлари амакилари Абу Лаҳаб ўғли Утайбанинг никоҳида эди.

Расулуллоҳга пайғамбарлик ваҳийси келгандан сўнг дастлаб Қурайш халқини динга даъват қилдилар.

Улар борлиқ кучлари билан қаршилик қилдилар. Айниқса, ўз амакилари Абу Лаҳаб бу ишда биринчиликни олган эди. Бунинг ҳаққида Масад сураси тушгандан сўнгра унинг душманлиги илгаригидан ҳам ортиқроқ бўлди.

Абу Лаҳаб бошлиқ Қурайш раислари Утайбага Расулуллоҳ қизларига талоқ бериб, ўзларига азият еткизмоғини буюрдилар. Бу ҳам душманликда отаси Абу Лаҳабдан қолишмас эди. Шу орада ота-бола тижорат учун Шом сафарига чиқмоқчи бўлдилар. Кетар чоғида Утайба Расулуллоҳ қошига келиб:

— Эй Муҳаммад, сенинг келтирган дининг, сўзларинг — ҳаммаси ёлғондур. Кофирлигимга қасам қилурманки, қизингни талоқ қилдим, — деди.

Бу қилган сўзига қаноат қилмасдан яна Расулуллоҳ юзларига қараб:

— «Туф» сенга! — деди.

Бу бахтсиз киши шундоғ улуғ адабсизликка журъат қилиб, қариндошлик ҳаққини сақламади. Унинг сўзидан Расулуллоҳнинг кўнгиллари қаттиқ ранжиди.

Анинг учун:

— «Аллоҳумма саллит алайҳи калбан мин қилобика», яъни «Эй бор Худоё, итларингдан бир итни буларга юборгил», — деб уни қарғадилар.

Бу сўздан унинг кўнглига қаттиқ қўрқинч тушди. Шу билан карвонга қўшилиб Шом сафарига чиқди. Отаси Абу Лаҳаб ҳам бирга эди. Араб тупроғидан чиққач йўлда бир манзилга етдилар. Бу жойда насоро роҳибларининг ибодатхоналари бор эди.

Алардан бирови келиб:

— Эй карвон аҳли, бу ерда йиртқич ҳайвонлар кўпдир, ҳушёр бўлиб ётинглар, — деди.

Боласи ҳақида Расулуллоҳнинг қарғишларини Абу Лаҳаб ҳам эшитган эди. Унинг устига роҳиб сўзи қўшимча бўлди, боласидан қаттиқ қўрқинчга қолиб:

— Эй карвон аҳли, боламга қилган Муҳаммаднинг қарғишидан қўрқаман, бу кеча соқчилик қилиб боламни кузатиб беринглар, — деб улардан ўтинди.

Унинг сўзини англагач, карвон аҳли юкларини қўрғон қилиб, ортидан туяларини чўктириб, Абу Лаҳаб ўғлини ўртага олиб ётдилар. Яна бир неча жойга қоровул ҳам қўйилмиш эди.

Шунчалик ҳушёрлик билан турсалар ҳам Аллоҳдан амр бўлгач, барчалари ухлаб қолдилар. Осмондан тушгандек шу кеча бир арслон карвон қўрғони ичига кирди.

Уйқуда ётган кишилар юзини искаб юриб, қазодан қочган Утайбани топди эрса, пўлат чангалини унинг юзига ботириб парчалаб ташлади. Расулуллоҳнинг юзларига қилган адабсизлиги ўз юзига урди.

(давоми бор)