Эй ғафлатда ётган жўралар,
Аҳволингиз қандоқ сўралар,
Тингланг, сизга хитобларим бор,
Эй давронни сотган жўралар!
Ўзни не-не кўйга солибсиз,
Аёллардан нусха олибсиз!
Қордан баттар юшмаб қолибсиз
Эй қалқонни сотган жўралар!
Вақтингизни зўр ўлдиряпсиз,
Латифалар-ла кулдиряпсиз,
Авлодларга не қолдиряпсиз,
Эй замонни сотган жўралар?
Тиллони зар мисга тенгламай,
Наҳот улуғ ҳақни англамай,
Ухламайсиз қўшиқ тингламай,
Эй Қуръонни сотган жўралар!
Тушунмадим, ҳали ёшмисиз,
Динсизларга ё диндошмисиз?
Қуёнларга қариндошмисиз,
Эй камонни сотган жўралар!
Ўлик қалблар ҳамон ётибдир,
Аммо кўкда тонглар отибдир.
Уйғонишнинг вақти ўтибдир,
Эй вулқонни сотган жўралар!
Майли, шу ўй, хаёлда қолинг,
Ўрнингиздан аммо турволинг,
Жинсингизни ўзгартирволинг,
Эй виждонни сотган жўралар!
Бир сўз айтай, мени кечиринг,
Динингизни дарҳол кўчиринг,
Уммат деган номни ўчиринг,
Эй иймонни сотган жўралар!
Кийган кийим ёпишиб таранг,
Тизза ёпар қизингиз аранг,
Аҳлингизнинг ҳолига қаранг,
Эй имконни сотган жўралар!
Қалбингизни айлаб мозорлар,
Руҳингизга етди озорлар.
Сизга масжид бўлмиш бозорлар,
Эй ирфонни сотган жўралар!
Воз кечиблар буюк хизматдан,
Юз ўгириб улуғ ҳимматдан,
Сўраласиз ҳар бир неъматдан,
Эй осонни сотган жўралар!
Бу сўз тенгдир ҳар бир муқимга,
Мусофиру, ҳатто ҳокимга:
Тайёр туринг оғир ҳукмга
Эй фармонни сотган жўралар!
Мозийлардан таралар сабо:
Мунофиққа жазодир даво!
Жаҳаннамга айланг марҳабо,
Эй бўстонни сотган жўралар!
Бу сўзларга бефарқ қолинг-чи,
Истаганча майли, кулинг-чи,
Жаҳаннамдан чиқиб олинг-чи,
Эй арқонни сотган жўралар!
Айтинг, нега кўнгил адашди:
Хаёлингиз нега илашди:
Эвазига қанча тўлашди,
Эй ризвонни сотган жўралар?