O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эй, йигит! (audio)

Бу гапларни диққат эътиборингизни тўплаб мутолaа қилинг. Бу гаплар сиз ёшларнинг орангиздан айрилиб, “ака ёки амаки” мақомига ўтаётган бир ғарибнинг сизга насиҳатидир!

Эй, йигит! (audio)
359 views
13 February 2013 - 12:28

[soundcloud id=’79075330′ color=’#B8240D’]

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Эй, йигит!
Бу гапларни диққат эътиборингизни тўплаб мутолaа қилинг. Бу гаплар сиз ёшларнинг орангиздан айрилиб, “ака ёки амаки” мақомига ўтаётган бир ғарибнинг сизга насиҳатидир!

segmenЭй, йигит!
Унутмангки, Аллоҳ таоло сизни Ҳақ йўлнинг йўлчиси қилиб яратгандир. Вақт ўтмасдан, бир кун келиб зор –зор йиғламаслик учун ҳозирдан ақлингизни бошингизга тўплаб олинг. Билингки, йигитлик бир шарафдир, шундай экан шарафингизни тупроққа қориштирманг. Ўткинчи дунёни деб, ўзингиз эътиқодсиз ва ақлсиз ўткинчилардан бўлиб қолманг. Унутмангки, бугуннинг эртаси, бу дунёнинг эса охирати мутлақо келади.

Эй, йигит!
Ақлли бўлинг, аммо асло ҳамма ишни ақлга суянтирманг. Зеро, ақл ораларингизда баъзиларингиз дадасининг пулига сотиб олгани машинанинг рулига ўхшайди. Машинада ифтихор билан ўтиришнинг ўзи етмайди. Уни бошқариш учун аввало салоҳият (ҳайдовчилик ҳужжати), кейин эса борадиган бир мақсаду манзил бўлиши керак. Демак, рулни кимдир бошқариши керак. Худди шундай, инсон ақлининг ҳам қандайдир кучнинг бошқарувига эҳтиёжи бордир. Акс ҳолда инсон дейилган мавжудот рули бошқарилмайдиган ёки маст –аласт ҳайдовчи тарафидан бошқарилаётган машинага ўхшаб қолади. Атрофингизга диққат билан қарасангиз, бу номи инсон, ўзи пачaғи чиқиб, йўлнинг чеккасида харобага айланган, тўда–тўда “занглаган инсон– араваларини” кўрасиз…

Эй, йигит!
Мана шулар ёшлигини ақлсизлик, яъни хато ва гуноҳлар билан йўққа чиқарган, йигитлик шарафини ерга уриб, умрини бекорга ўтказаётган бечоралардир. Булар фақат ақлларига суянганлар, яъни “автомобилнинг рулини бошқармасак ҳам манзилга етамиз”, деб ўйлаган, бу орқали йигитлигини занглаган темир парчасига айлантирган нодонлардир. Агар шу ақлсиз бечораларга қисматдош бўлишни истамасангиз, ақлни “рул” ўрнида кўринг ва унинг бошқарувчиси сифатида Илоҳий ҳақиқатларни тан олинг!

Эй, йигит!
Қонингизнинг қайнаши, кўзингизнинг ўйнаши асло сизни чангалакзорларга эргаштириб кетмасин. Зеро, булар қутурган нафснинг, яъни нафси амморанинг аломатларидир. Кўзингизни юмиб, бироз хаёлга ботиб, ички дунёнгизга қарасангиз, нафсингиздан хоҳишу истакларнинг, шаҳвату орзуларнинг қайнаб чиқаётганини идрок этасиз. Йигитлигини тупроққа қориштирганлар, ёшлигида харобага айланганлар мана шу “вулқонга” асир тушганлардир. Улар ақлдан жудо бўлган “жиннилар” эмас, аммо ақлини бошқарадиган мўъжизавий “рулдан”, яъни имондан маҳрумдирлар.

Эй, йигит!
Имонсизликнинг оқибати инсонсизлик, яъни инсоний қадриятларнинг йўққа чиқишидир, буни асло унутманг. Кўпчиликнинг имонсиз бўлиши сизнинг ҳам уларга ўхшаб номи инсон, ўзи маънавиятсиз мавжудотга айланишингизга сабаб бўла олмайди. Зеро, шайтон йигитларнинг қулоғига шундай шивирлашни севади: ҳамма ўйнаб–кулмоқда, ҳамма айшу ишратда, ҳамма шундай экан, бир ўзинг чеккада қолиб нима қиласан?. Бу лаънати шайтоннинг инсонларни тўда–тўда қилиб, дўзахга ҳайдаш усули эканлигини билиб олинг. Ахир, ҳамма ўзини оловли жарга отаяпти, деб ким ҳам бундай “ҳаммага” эргашишни истайди?. Кўзингизни очинг, вақт борида этакни ёпиб, имонлилар даврасига қўшилишга шошилинг.

Эй, йигит!
Белингизни маҳкам боғланг, зеро йигитнинг белида белбоғи бўлади. Белбоғингизни бўлар бўлмасга ечаверманг. Унутмангки, Аллоҳ таоло Одам отамизнинг белидан бизларни, яъни илк отамизнинг зурриётларини олиб, сўнгра бизни огоҳлантириш учун, ўзимизни ўзимизга қарши гувоҳ қилган. У мўъжизавий онда Аллоҳ “Мен сизларнинг Парвардигорингиз эмасманми?”, дея сўраганида зурриётлар оламидан қиёматга қадар келиб кетадиган инсон фарзандлари “Албатта, эй Роббимиз, ягона Парвардигоримиз Ўзингсан”, дея жавоб берган эдилар. Шундай экан, белбоғ ечишнинг шарти ҳам Парвардигоримизнинг ҳукмларига мос равишда бўлиши керак. Акс ҳолда, у зурриётлар хазинасини ҳам тупроққа қориштирасиз, унутмангки, тупроқдан фақат дарахт уруғи униб чиқиб , мева беради. Сизнинг белингиздаги хазинадан ҳавойи нафс таъсирида “тупроққа” тушадиган “дона”лар эса, охиратда вужудингизнинг илма тешик қиладиган ўқларга айланадилар, билиб қўйинг…

Эй, йигит!
Белбоғингизга боғлаган қиличингизни фақат адолат учун қинидан чиқаринг. Омон, адолатли бўлинг!. Адолат масаласида ўзингиз, ота–онангиз, қариндош–уруғингиз кўзингизга кўринмасин. Такрор айтаман, адолатли бўлинг. Чунки адолатли бўлмасангиз золимга айланасиз. Золимлик эса бадбахтликнинг энг тубан нуқтасидир.
Сиз эса йигитсиз, қоматингиз тикдир. Парвардигоримиз имоннинг аввалги шартлари сифатида тўғрилик ва адолатни амр қилгандир. Адолатли бўлмасангиз, аввало ўзингизнинг қаддингиз букилади, кейин бу билан адолат қаерда қолди, дея зор –зор йиғлаётган аёлларнинг, болаларнинг, қарияларнинг умидини йўққа чиқарасиз. Билингки, золимларнинг душмани Аллоҳ таолодир, У Буюк Зотни енгадиган куч эса йўқдир. Шунинг учун адолатли бўлинг ва адолат байроғининг инсоният устида ҳилпираши учун ўз ҳиссангизни қўшинг. Адолатнинг зидди зулмдир, зулм эса ҳақ ва ҳуқуқларни уларнинг эгаларига бермасликдир. Шунинг учун ҳам аввало Парвардигоримизнинг ҳаққини У Улуғ Зотга беринг – бандаликда асло Унга шерик қўшманг. Зеро, Аллоҳ таолонинг ҳаққини Унга бермаганлар мушрикдир, мушриклар эса илоҳий ҳукмга кўра нажасдир. Асло ўзингизни ширк нажасига ботирманг, чунки бу маънавий ботқоқликда ўлганларни жаҳаннам ўти ҳам тозалай олмайди. Шундан кейин навбати билан ота – онангизнинг, қариндош–уруғларнинг, мўмин –мусулмонларнинг, мусулмон бўлмаса ҳам инсон бўлганларнинг, набобату ҳайвонотнинг ҳақларини уларга беринг ва улар бу ҳақлардан маҳрум бўлиб қолмаслиги учун Ҳақ ва ботил орасидаги кураш майдонида туринг.

Эй, йигит!
Аллоҳ таоло сизга куч ва шижоат бергандир, аммо буларга тавозени ҳам қўшиб бергандир. Кибрдан узоқ турингки, бу билан яккамахов бўлиб қолишдан қутуласиз. Шеърларда айтилгани каби йигитнинг билаги қилич ўйнатиш, қўли эса ёрининг юзини сийлаш учундир. Аммо “жонон” дейилганда жонон ва лаззатли суҳбатларни ҳам унутманг. Яхшилар ва содиқлар билан бирга бўлиб, ҳикмат ва ҳақиқат тўла суҳбатлардан баҳраманд бўлинг. Бугунги кунда қулоқларига кеча–кундуз сим тақиб олган, ҳеч турмасдан “севдим, ёндим, ўлдим” қабилидаги шаҳвоний наволарни тинглаш билан овора бўлаётганларга ўхшаб яккаю ягона қалбингизни ўлдирманг. Билингки, қалблар илоҳий мақомларни тинглаш билан тириладилар. Шундай экан, қулоқларингизни Қуръони Карим оятларига очиб қўйинг, агарда илоҳий ҳақиқат тиловатини тингларкан, уларнинг маъносини тушуниб, бошингиз ерга эгилиб, кўз ёшларингиз юзингизга оқаётган бўлса, демак сиз қалби тириклардансиз. Бу ўткинчи дунёнинг бахти саодати ҳам, охиратда қутулиб қолишингизнинг сабаби ҳам мана шу тирикликдадир.

Эй, йигит!
Ҳар яхши нарсанинг бир қадри бордир. Агар ушбу ёзилганларни яхши насиҳат ўрнида кўрсангиз, унинг қадри шу ғарибнинг ҳаққига пинҳона дуо қилишингиздир. Аллоҳ таоло сизни ҳидоят йўлидан айирмасин! Омин!

Намоз Нормўмин
13 февраль 2013 йил