Акром МАЛИК
ЭЙ СЕВГИЛИ!
(Ушбу шеър 2016 йил сентябр ойида Тошкент вилоят Вақтинчалик тергов ҳибсхона камераларида айтилган.
2017 йил 13 январ куни бўлиб ўтган Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди Акром Малик устидан ҳукм чиқариши арафасида суд мажлисида муаллиф томонидан ўқилган)
Кўнглимдагин баён этсам,
Энг аламли наво бўлгай.
Менинг дардим оғир ғоят,
Фақат ўлим даво бўлгай.
Сенинг дардинг не десалар,
Айтмоқ учун сўзим етмас.
Тирик туриб бу дардимдан
Қутулмоққа кўзим етмас.
Тўймоқ мумкин таомларга,
Мол-дунёга тўймоқ мумкин.
Гар тўймасанг ҳовуч тупроқ
Етарлидир тўймоқ учун.
Мен ўзимдан тўйиб кетдим,
Душманим йўқ мендан бўлак.
Вужудимда азоб чекар
Шу дард ила хаста юрак.
Эй Севгили! Дилда ёнган
Оҳ-ноламга етсанг эди.
Оламимга келиб мени
Мендан олиб кетсанг эди.