O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эл бўлолдикми?

Эл бўлолдикми?
141 views
27 May 2017 - 13:02

Дўст, бугун тириклик  вуслатидамиз,
Англамоқ, англатмоқ фурсатидамиз.
Қайси ёлғонларнинг ташқарисида,
Қайси ёлғонларнинг ўртасидамиз?

Умр совурилар, еллар совурар,
Қай жисму жонни қай азоб қовурар?
Хижил тортганини ҳеч кўрдингми, айт,
Умримизни уриб кетган довулллар?

Дўнишмоқ – Ҳаққадир, қўнишмоқ – Ҳақ-ла!
Яхши-ёмонингни ўнг-сўлга тахла:
Қай бири оғирроқ тош босар экан?
Айтиб, қайтганимиз – айт, – қайси аҳдда?

Қайси нуқталарда адашдик, тойдик?
Адашдик: алдандик… ва алдаб қўйдик…
Умид  билан боққан қоракўз халқнинг
Кўзларини ёлғон сўз билан ўйдик…

Биз чиндан бахтиёр эл бўлолдикми?
Синган умуртқага бел бўлолдикми?
Шу эл, шу юрт учун умрини тиккан
Фидолар-чун йиғлаб, сел бўлолдикми?

Бир тишлам нон учун ўзга юртларда
Эзилган, янчилган ипак қуртлардай;
Қадрсиз ўлганлар ётмиди бизга?
Уларни талатдик қай бебурдларга?…

“ДАНГАСА” десалар, қарсаклар чалдик,
Лаганбардорликдан уялмай қолдик…
Эл севган эрларни “ХОИН” десалар,
Тўтидай такрорлаб, унвонлар олдик…

Сохта шонлар руҳга тотирми энди?
Халқни хор тутганлар “БОТИР”ми энди?
Тариқдай сочилиб кетса элдошлар,
Аждодлар гўрда тинч ётурми энди?

Кимдир ҳаё ҳақда лоф сўққан дамда
Қай бир аёл иснод лойига ботган.
Хорликдан, кўрликдан  ва йўқсулликдан
Ҳатто ўз гўдагин пуллаган, сотган…

Бугун кенг дунёнинг ҳар бурчагида
ЎЗБЕКка чапланган лойлар нимадан?
Бурқсиб чиқмадими ёлғонлар дуди,
Бизнинг шу “СИЁСАТ” деган кемадан?

Ҳамон ҳайқирамиз томоқни йиртиб,
Бирлашмай, бўлиниб, бир-бировни туртиб:
“Сен – ватангадосан!”  –   “Сен – кафангадо!”…
Бу кетишда қайга борамиз  йўртиб?…

Қатъиятсиз дарахт дўнар тўнкага,
Етар, қуллик қилаверманг кўлкага!
Ҳуркиб тураверсак ўз соямиздан,
Биздан нима қолар эрта ўлкага?…

Ялтироқ мис тишлар аро қалтираб
Айтилган ёлғондан қайтоламизми?
Қириқ  жомлар кесиб, қонаса ҳам лаб,
Бир бор ҳақиқатни айтоламизми?

Биз бутун бир бошли эл бўлолдикми?
Эгилган элдошга бел бўлолдикми?
Эзилган дилларни эъзозда тутиб,
Йиғласа, йиғимиз сел бўлолдикми?
МИЛЛАТ бўлолдикми, ЭЛ бўлолдикми?..

                                                 09. 03. 2016 йил. 

ШАМСИЯ