Инсон икки нарсага ўрганган. Нақди ва ширин сўзлар! “Нақди” деганимиз ҳамма вақт бойлик ортидан қувадиганлар учун, ширин сўзлар эса ҳар бир элнинг ичидаги камбағал ва қашшоқлар учун. Худди “жаннат қуриб бераман” каби ваъдалар билан кимлардир ҳокимиятни эгаллаб олади ва ўша элни ширин сўзлар билан авраб қонини сўра бошлайди. Ўзбекларнинг ажойиб бир ҳикмати ҳам бор: “Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради!” Ғарбми у, Шарқми у, демократиями, ёки қайсидир бир турдаги диктатурами – ҳаммасида шу оддий халқ, шу оёқ яланг эл ўз ҳолича қолаверади. Айни дамда, агар моддий жиҳатидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, оддий инсон учун қанақа ҳукумат бўлишлигининг мутлақо аҳамияти йўқ.
Ширин сўзнинг гадоси бўлганлар эса ҳамма вақт аччиқ қисмат эгаси бўлишади. Балки аччиқ қисматлари сабаб ҳам улар, фақатгина ширин сўзга гадо бўлиб дунёдан ўтиб кетсарлар керак. Шуни унутмаслик лозимки, кимларнингдир аччиқ қисмати устига кимлардир ўзининг ялтироқ бахти, ялтироқ иқболини қуради. Баъзи жойларда бу иш аёвсиз бераҳмлик билан амалга оширилса (диктатура режимларида), бошқаларида (демократик, иқтисоди ривожланган давлатларда) эса оҳиста, гайкани секин, аста бураш билан амалга оширилади. Биров сезиб қолмасин-да ахир! Демак, биз айтган хўроз Европада ҳам, АҚШ ва Осиёда ҳам бир хил қичқираркан.
Ўзини “Халқаро Замондош фонди” деб атайдиган бир гуруҳ бор ва ажабки, уларнинг ўзларига хос сайтлари ҳам мавжуд, қайсики, иғво уруғини сочиш билан овора-ю сарсондирлар. Уларнинг раҳбари Голландия деган демократик мамлакатда яшаб ҳам, оддийгина холислик принципига амал килишни ҳалигача ўрганмаган. Ўйламай-нетмай ҳар нарса бўлса-да ёзаверади, бошқаларга ақл ўргатишга уринаверади. Аслида эса ўзи ўша ақлга муҳтож эканлигини сира-сира тан олмайди.
Замондошнинг саноқли муаллифларидан бири ўзини Шавкат Муҳаммад деб таништиради. Яқинда бу муаллиф битта мақола эълон қилибди. Мақола “Заҳар сочмоқдир илоннинг касби” деб сарлавҳаланган.
Шавкат Муҳаммад 2010 йилнинг июнь ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган геноцидни ёдга олиб, уни кўп ўйлашини таъкидлайди.
“Кўп хатоликлар бўлди. Хатоларни тузатиш учун вақтни орқага қайтариб бўлмайди. Энди ҳар биримиз ҳаракат қилишимиз керакки, бу каби хатоликлар бошқа қайтарилмасин”.
Кўп хатоликлар ўтганини таъкидлаётган Шавкат Муҳаммадда бирор жўялик фикр бордир, деб ўйлаб мақоланинг давомини ҳижиллаб ўқийсиз. Лекин у айтаётган хатолик Швецияда яшаб келаётган камина Тўлқин Қораев, ҳамда асли Наманганлик бўлган Ҳайит Қўзиевнинг фашизмни тарғиб этувчи мақолалари бўлиб чиқади. Яъни, бу муаллифнинг фикрига кўра шу икки “фашист” қирғизлар билан ўзбеклар орасидаги абадий дўстликка раҳна солмоқда, одамларни бир бирига ғайир бўлишга ундаяпти.
Бу каби жумлаларни ёзишдан олдин, фашизм нима эканлигини бу “ҳурматлик адиб” ўрганиб олганмикан? Афтидан фашизм нима эканлигини у мутлақо билмайди ва билмоқчи ҳам эмас. “Заҳар сочмоқ илоннинг касби” дея асоссиз тарзда бошқаларга ўзи заҳар солади. Аммо Шавкат Муҳаммад мақоласининг сарлавҳасидаги камчиликни ҳам эслатиб ўтайлик: “заҳар сочмоқ” эмас, “заҳар солмоқ” ва илон эмас, чаён. Яъни “заҳар солмоқ эмиш чаённинг касби” бўлиши керак эди.
Фашизм – бу сўзнинг ўзаги италян тилидан олинган иттифоқ, бирлашиш каби маъноларни касб этади. Уларни одатда сўл сиёсий гуруҳлар ташкил этади, ҳам ўз ғояларини тарғиб қилишади. Бунда ҳокимиятни бошқариш тоталитаризм, шахсга сиғиниш, ҳарбий қувватни ошириш каби жараёнлар билан кечади. Фашистик ғояни қурол қилиб олган сиёсий партиянинг майдонга келишига, унинг ҳатто ҳокимиятни ўз қўлига олишига ҳам хизмат қилиши мумкин бўлган омиллар, одатда мамлакатда кечаётган иқтисодий инқироз, ҳамда сиёсий ва ижтимоий инқирозлар ҳам сабаб бўла олади. Адольф Гитлернинг Германияда ҳокимиятга келишини эсланг.
Балки “ҳурматлик” муаллиф бизни “нацист”, яъни миллатчи демоқчи бўлгандир. Лекин на камина ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати, ҳаттоки мақола қаҳрамони бўлган Ҳайит Қўзиев ҳам (мақолада Шавкат Муҳаммад уни Ҳайит Ғофир деб атаган) ўзбек миллатининг бошқа миллатлардан устун эканлигини кўрсатувчи бирор жумла ёзмаганмиз. Ўзбек аксинча, бошқа миллатлардан кўра хор бўлиб келаётган миллатдир. Ҳар ҳолда ўзбекларнинг этнос эмаслигини ҳисобга оладиган бўлсак, аслида бундай миллатнинг ўзи йўқлиги ҳам аён бўлади. Шу ўринда Ғофир Ғуломнинг мисраларини эслайлик:
Иосиф Сталин, буюк отамиз
Ўзингиз халқимга бердингиз ном.
Шунинг учун ўзбеклар ҳар қутлуғ ишда
Азиз номингиздан олади илҳом.
Афтидан, бизни “ўзбек миллати” деб атаган Иосиф Сталин бўлади. Унгача эса Ўзбек хоннинг Ислом динини қабул қилганлиги ортидан ўзбек эли, ўзбек халқи дунёга келган деган фикрлар ҳам бор. Лекин камина на тарихчи ва на тилчи бўлмаганим боис, бу мавзуда бирор аниқ фикрни илгари сура олмайман. Лекин бир нарса аниқ: биз Туркийлармиз! Ўша қирғиз ҳам, қозоқ ҳам, турманлар ва уйғурлар ҳам аслида бир миллатмиз. Қозоқ билан қирғизга ҳам ҳам айнан ўша Иосиф Сталин ном берган. Ҳар қалай, ўша даврда бундай миллатлар юзага келган.
Қирғиз деганда ҳозирги қозоқлар тушуниларди, қирғизлар эса – қора қирғиз бўлишган. Нега уларнинг бошқача ном билан атала бошлаганини “ҳурматлик” Шавкат Муҳаммад яқин орада таҳлил этиб янги бир мақола бериб қолар деб умид қиламиз.
Энди мақоламизнинг асосий мавзусига қайтайлик. Хўш, биз қўлимиздан келгани, қирғиз хонандалари дискини синдириб миллатчи қонхўрларига норозилигимизни билдирдик, бошқаларни айблаб ўзининг “ақли пешлигини” кўз-кўз қилаётган Шавкат Муҳаммаднинг ўзи нима каромат кўрсатди экан? Қаламкаш сатирачи ва ҳоказо, ҳоказо…, буюк инсон бўлган Шавкат Мухаммад Ўшдаги ваҳшийликлар ҳақидаги фильмларини кўргани борми?
Ҳимоясиз қолган ва иложсизликдан бўзлаб йиғлаётган ўзбек ўғлонлари ва номуси топталган қиз-жувонларнинг кўз ёшларини кўрган ва уларнинг дарду аламини қалбида ҳис қилганмикан? Ўзбек фарзандининг тириклайин ёқиб юборилгани ва унинг ўлими олдидан кўкрагига тепганлариничи? Наҳотки ўзининг кўксига “ўзбек ўғлониман” деб муштлайдиган зот бу фожеаларга бефарқ қолган бўлса? Шавкат Муҳаммад ўз сафсатасини ёзишдан олдин Ўш ва Жалолободда тириклайин ёқилган ўзбекларни кўз олдига келтириб кўриши лозим эди. Балки биз ўзбекларни миллатчиликка, ёки хунрезликларга чақирганимиз ҳақида бирор исбот-далили бордир? Қўлимда қаламим ва остимда минбарим бор деб ўйлаган одам ҳар нарсани вайсайвераркан-да. Виждон бўлмаса қийин албатта!
Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар қирғинидан икки йилдан ортиқ вақт ўтди. Аммо унинг оғриқлари қачон йўқолади? Умуман йўқолармикан ўзи? Қизиқ, қирғинни қирғиз миллатчилари амалга ошириб, унда айбдорлар ўзбеклар бўлиб чиқишди. Қамоққа олинганларнинг аксар кўпчилиги ўзбеклар. Нега? Негаки, Қирғизистонда фашистик ғоя ҳукмрон, уни яширишга интилинаяпти, аммо барибир у бор ва у ҳукмрон. Ўзбекни ўз қадрини билишга ва бошини бир мақсад сари бирлаштиришга чақираётган муаллифлар “Замондош”нинг фикрига кўра – фашистлардир. Қизиқ пародокс: ўзбекни ўзбек бўлгани учун ўлдирсалар – бу фашизм эмас, аммо ўзбек ўзини ўзи ҳимоя қилса, бошини кўтариб ўз ғурурини таний бошласа – бу фашизм. Ҳар неки, Шавкат Муҳаммад ва унинг хўжаси бўлган Ризо Обиднинг мантиғи бўйича шунақа бўлса керак.
Балки бу Ризо Обиднинг ўзи этник қирғиз бўлгани учундир? Ёки Шавкат Муҳаммаднинг ўзи ўзбекми йўқми, ким билади? Кейин Ўш ва Жалолободдаги қирғинда нафақат қирғизларнинг, балки Ўзбекистон расмий ҳукуматининг ҳам айби борлиги ҳақида маълумотлар сизиб чиқди. Бундан Ўзбекистоннинг абадий президенти “каримовлар сулоласи” ҳам манфаатдор бўлишганди. Хўш, Шавкат Муҳаммад диктатор режимини ҳам хаспўшлашга уринаяпдими? Бундай ҳам бўлиши мумкин. Лекин бир нарса аниқ: Замондошда тўғри гап бўлмаган ва бундай кейин ҳам бўлмайди!
Ўзбеклар Ўзбекистоннинг ўзида йигирма йилдан ортиқ, қирғин қилинаяпди. Қийноқлар, туҳматлар ўзбек миллатининг бошида турган кундалик содир бўладиган оддий ҳолга айланган. Буюк давлатлар ҳам аслида ўзбек халқига дўст эмаслиги ботма-бот исботини топиб келмоқда. АҚШ ҳам, Россия ва Хитой ҳам, қолаверса Буюк Британия, Германия, Франция ҳукуматлари ҳам Ўзбекистон халқи муаммоси билан машғул бўлаётгани йўқ. Уларни ва Ўзбекистоннинг абадий президентлик клани бўлган “каримовлар сулоласини” фақат бир нарса қизиқтираяпди: пул ва бойлик! Яна бири, Россияга қарши унинг атрофида ҳарбий куч тўплаш.
Баъзи бировлар илгари сураётган назарияга кўра, НАТО кучлари Афғонистонни тарк этганидан сўнг Каримов режими яккаланиб қолади! Бекор айтишибди улар! НАТО Ўзбекистонда ўз ҳарбий базасини яратади ва унинг мамлакат ичкарисида туриши учун ҳам Каримов режими Ғарб томонидан дастакланишда давом этади. Ўзбекка озодлик фақат унинг ўзининг ғайрати ва шижоати билангина келади. Акс ҳолда, келгуси авлодлар ҳам бугунгидек ҳуқуқсиз бир мавжудод бўлиб ўтиб кетади. Бизни на демократия, на диктатура ва дин бу қисматдан қутқара олмайди. Куч эса бирликда! Мана шу бирликка эришиш учун кимлардир жон куйдирса, замондошчиларга ўхшаганлар эса бу бирликнинг олдини олишга интилади. Замондошнинг ва ўзбек ҳукуматининг кучи эса – элнинг тарқоқлигида!
Тўлқин Қораев
Швеция