ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ – 12
(давоми)
ТУФАЙЛ ИБН АБУ АМРНИНГ ИСЛОМГА КИРИШИ
Шу орада Давс қабиласи раисларидин Туфайл ибн Абу Амр деган киши Пайғамбаримиз билан кўришиш ниятида Маккага келди. Бу одам эрса қабила раиси бўлиши билан бирга, араблар ичида аталган шоирлардин саналган, иззат-обрў эгаси эди. Шунинг учун бунинг келиши ила баробар Қурайш раисларидин бир нечалари келишиб, у билан кўришганидин сўнгра:
— Эй Туфайл, сен бизнинг юртимизга келдинг, эшитгандурсан, ўз ичимиздин шундай бир одам пайдо бўлди, бунинг тўғрисидин ишларимиз кўп қийинлашди. Бирлигимиз бузилиб, орамизга душманлик тушди. Ани кўрар бўлсанг, келишган, чиройли юзи бор, сеҳрдин ортиқ таъсирлик сўзи бор. Болани отадин, инини оғадин, хотунни эридин сўзи билан ажратади. Энди бунинг сеҳридин сенга ҳам юқиб қолиб, бизга тушган бўлгунлик (вайронлик)ҳодисалар сизларга ҳам тушиб қолмасин, деб қўрқиб келдик, бунинг иложи шуки, анинг юзини кўрмай, айтган сўзини эшитмай, бир оғиз сўз қилишмай, эсон-омон ўз юртингга қайтиб кетар бўлсанг, шундагина омон қолурсан, бўлмаса ўзингга бир оғир иш орттириб кетишингда шак йўқдур — дедилар.
Мушриклар шу мисоллик сўзлар айтиб, ани қаттиқ қўрқитдилар. У ҳам бўлса бу сўзлар таъсиридин Пайғамбаримиз билан кўришмасга, бир оғиз бўлсин, сўзларини эшитмасга кўнглида жазм қилиб, ўз юртига қайтмоқчи бўлди. Кўрмасга кўз боғлаб юришнинг иложи йўқ, аммо сўзларини эшитмаслиги учун қулоғига пахта тиқиб олди. Шу ҳол ила эрталаб туриб, Байтуллоҳга чиқди. Шу чоғда жаноб Пайғамбаримиз намозда туриб, қироат қилар эдилар. Бу одам пайқамасдин яқинроқ бориб қолиб, қулоғига ажиб бир яхши сўзлар эшитилди. Сўнгра бу киши ўз-ўзига:
— Эй вой, манга нима бўлди, яхши ёмонни ажратган, сўз мақомини билган бир киши бўлсам, узоқ ердин атайлаб келиб, у кишининг душманлари сўзи билан, ўзига кўринмасдин, андин бир оғиз сўз эшитмасдин қайтиб кетсам, эл-юртимга нима деб борурман? Бу иш мен учун энг чўнг айблардин бўлмасму? Яхшиси шулки, ўзи билан кўришай, айтган сўзларини пайқаб қарай, агар ахшилик бўлса, излаганим шулдир, ани қабул қилишим керак, агар бундоғ бўлмай Қурайш халқи дегандек бўлса, ани ўзига отиб ташлаб, қайтаверишим керак, мени бу ишга ким зўрлай олади? — деган фикрга келиб, бир четда ўлтирди. Бир фурсат ўтгандин кейин, Пайғамбаримиз ҳам намозларидин бўшаб, уй сари қараб юрдилар. У киши ҳам орқаларидин хиёл ўтмай, масжиддан чиқиб, устиларига кирди. Ва:
— Эй Муҳаммад, қавмларинг сенинг ҳаққингда ҳар турлик сўзлар қилиб, мени қўрқитдилар. Аллоҳ отига қасам қилурманки, сўзингни эшитмаслик учун қулоғимга пахта тиқиб, масжидга кирсам, намозда қироат қилиб турганингни кўрдим. Мен бу сўзни эшитмай десам, уни Худо хоҳламаган экан, эшитиб қолдим. Қарасам, қулоғимга яхши уқилди. Энди, эй Муҳаммад, бу ишни менга ҳақиқати билан баён қил, — деди.
Анда Пайғамбаримиз Ислом асосини баён қилдилар. Тавфиқ топиб, шаҳодат айтиб, иймонга мушарраф бўлди. Сўнгра у:
— Ё Расулаллоҳ, мен ўз қавмим ичида қадрим улуғ, сўзим мўтабар кишидурман, энди мен бориб, аларни динга даъват қилурман. Нима каромат келтурдинг, деб мендин сўрайдилар. Дуо қилинг, Аллоҳ таоло бу ишда менга ёрдам қилгудек бир каромат ато қилсун, — деди.
Пайғамбаримиз ҳам: «Эй бор Худоё, анга бир нишона кўрсатгин», деб дуо қилдилар.
Шу билан хўшлашиб, ўз ерларига қадам қўяр чоғида, Худо қудрати билан, ёнган чироқлардек, пешонасига бир нур пайдо бўлди. Буни кўриб: «Эй бор Худоё, юзимдин бошқа жойда бўлсин, ўз динидин чиқиб, юзи бузилибдур, деган сўз билан ёмонлар тарафидин таънага қолмайин», дейиши билан дарҳол ул нур юзидин йўқолди. Қамчисининг учида осилган қандилдек бўлиб тўхтади. Йироқдин кўришган одамлар ҳайрон бўлишиб, қараб турдилар. Шундоғ аломат билан ўз уйлариға келиб тушди. Дастлаб улуғ ёшлик қари отаси у билан кўришгани келди. Анда ўғли: «Эй ота, мендин йироқ юринглар, мен Муҳаммад динига кирдим», деди. Анда бутун оиласи иттифоқ ила: «Сен қайси динда эрсанг, бизлар ҳам шу динда бўлурмиз», дейишиб, барчалари динга мушарраф бўлдилар. Шу билан оиласида мусулмон бўлмаган ҳеч киши қолмади. Аммо Давс қабиласини Исломга даъват қилди эрса, кўпчилик араблар қандай қилур эканлар, уларга қараб турайлик, деб кечиктирдилар. У эса яна қайтиб, Пайғамбаримиз ҳузурларига келди. Ва:
— Ё Расулаллоҳ, қавмни қанчалик динга даъват қилсам ҳам, улар қабул қилишмай, мени хижолатга қўйдилар. Дуо қилинг, Аллоҳ аларни ҳалок қилгай, — деди. Пайғамбаримиз:
— Ё Раб, Давс халқини ҳидоят қилгайсан, — деб дуойи хайр қилдилар. — Эй Туфайл, қавмингга бориб, юмшоқлик ила даъват этгил, — деб ани қайтардилар.
Пайғамбаримиз Мадинага ҳижрат қилганчалик, бу киши ўз қавмларини динга даъват қилиб турди. Алардин бир қанчалари иймонга кирса ҳам, тамом қабила динни қабул қилмадилар. Ҳижрат қилиб, Мадинага келганларидин сўнгра, Давс қабиласидин иймон келтирган саксондин кўп мусулмонлар билан Мадинага келиб, Пайғамбаримизнинг вафотларигача шунда бўлдилар. Сўнгра ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ халифалик даврларида бош кўтарган Мусайлама Каззоб пайғамбарликка даъво қилиб чиқди. Унга қарши юборилган Ислом аскарларига қўшилиб, ўғиллари ила, Туфайл ҳам урушга борди. У уруш олдида шундоғ туш кўрди:
«Оғзидин бир қуш чиқиб учиб кетибди. Бошидан сочлари олинди. Сўнгра бир хотун келиб уни ушлаб, фаржига (ичига) киргазиб юборди. Ўғли урушдин келиб, отасини кўп излади. Лекин уни тополмай қайтиб кетди. «Уйғонгандин кейин: «Сочимнинг тушимда олингани эрса, бу урушда бошимнинг олинганидур. Оғзимдан чиққан қуш бўлса, у менинг руҳимдур. Хотун кишининг фаржиға киришим — ернинг бағрига киргизиб, мени кўмгайлар. Аллоҳ таоло менга бу урушда шаҳодат насиб қилар экан. Ўғлимга қаттиқ жароҳат етиб, менга қўшилишни изласа ҳам, охири саломатланур экан», деб кўрган тушига ўзи шундоғ таъбир берди. Унинг деганидек, ўзи бу урушда шаҳиди бўлди, ўғли қаттиқ яраланиб, узоқда соғайди. Аллоҳ булардин рози бўлсин.