O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эл қатори, мен ҳам бир таянч нуқтасига муҳтож эдим…

Эл қатори, мен ҳам бир таянч нуқтасига муҳтож эдим…
309 views
26 June 2016 - 8:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(2)

1956 йилда мактабнинг биринчи синфига бордим ва мислсиз сабр билан яна ўн йил қатнадим. Еттинчи синфгача аъло, тўққизинчи синфгача ўрта ўқидим. Ўнинчи синфда эса, имтиҳонга мажбурлаб олиб кетишган эди. Бу «мажбурий хизмат» йилларида мени овунтирган нарса мутолаа эди. Отамнинг бор-йўғи иккита китоби бор эди – «Ўтган кунлар» ва «Умар ҳайём». Бу китобларнинг такрор-такрор ўқилиши менинг ғашимни келтирарди. Қолаверса, бу китоблар жуда зерикарли эди. Мен ўзимга бир манба ахтарар эдим, ҳеч адо бўлмайдиган манба.

Muhammad_Salih_fotomajmua_02Овулдан уч чақирим узоқда, эски район марказидаги МТС (машина-трактор стансияси)нинг кутубхонаси ўша манба экан. Бу кутубхонанинг битта мудири ва иккита муштарийси бор эди. Мудир олтмиш ёшлардаги бир кампир, муштарийлар – Бошқир шайх қишлоғидан тракторчи Саъдулла ва мен. Кутубхона, ичи қоронғи ва дунёдаги энг сокин кутубхоналардан бири эди. Китоб ҳиди одамни сархуш қиларди. Уларни пайпасларкан, хоҳлаган китобни олиш, бир эмас, бешта, ҳатто ўнта олиш мумкинлигини ўйлаб шошиб қоларди киши.

У кунлардан «Одерда баҳор», «Матонатли кишилар», «Олтин юлдуз», каби совет ватанпарварлигини, мадҳ этувчи рус ёзувчиларининг китоблари ва бир латиш ёзувчисининг «Ватанни қўмсаб» номли ҳазин романини эслайман. Яна бир эслайдиганим, кутубхонанинг деворларига ёпиштирилган, сарғайиб кетган плакатлар. Уларда атом бомбаси тушганда «противогаз»ни кийиш усуллари ва портлаш тўлқинидан бекиниш намуналари кўрсатилган эди.

Мен кутубхона жавонларини пайпаслар экан, дунёда Кариб бўҳрони вужудга келганини билмасдим. Жон Кеннедининг буйруғи билан американ ҳарбий кемалари Куба оролига яқинлашаётгани, Хрушчев бобомиз эса, бошида қолган энг сўнгги сочларини юлаётганидан асло хабарим йўқ эди. Дунё учинчи жаҳон урушига ҳозирланар эди. Мен эса, ўз урушимни бошлаб юборган эдим. Китобларда. Лекин мактабни ҳеч севолмадим. Барибир аттестат беришди, аммо бу аттестат билан қаерга боришни билмадим. Мактабдошим Қурол Султоннинг маслаҳати билан Урганч пединститутининг адабиёт бўлимига кирмоқчи бўлдим. Имтиҳонларга тайёрланар эканмиз, Қурол шоир Р. Бобожоннинг рубойиларини ўқиб берди. Бундай рубоийни мен ҳам ёзишим мумкинлигини айтгандим, Қуролнинг жаҳли чиқди.

Уни тинчлантириш учун уч-тўрт рубоий ёздим. Шу баҳона, шеър ёзадиган бўлдим. Аслида, ҳеч шоирликка даъвогар эмасдим, рассомликни орзу қилардим. Ҳозир ҳам даъвогар эмасман, аммо бўлар иш бўлди, беш-олтита китоб чиқди.

Шеър узоқ йиллар давомида менинг тарбиячим бўлди. Ҳеч муроса билмайдиган тарбиячим. Унинг шарофати билан аввал сентиментализм касаллигидан қутулдим. Ҳатто севги ҳақида гапираётиб ҳам, титрамасликни ўргандим. Машқларимда «титроқ» сўзи жуда кўп, чунки, уни қанча кўп ёзсам, у менда шунча оз қоларди – ундан тозаланиб борардим. Агар китобларимда ҳиссиётли шеърлар бўлса, булар кутилган ҳиссиётдир. Бу гўзал дунёнинг ҳиссиёти. Жозибаси инсонни қулга айлантирган ҳиссиёт.

Жозибаси пардага ўхшайди, орқасида қўрқинчли бир абадият. Қўрқинчли, чунки, инсонлар унинг нима эканлигини билмайдилар. Тўғрироғи, билишдан қўрқадилар.

Бу ёққа кел, қўл қўй, имзо чек, 
Мана шу умр сенга ҳадия.
Қўрқма, ҳеч ким сўрамаяжак,
Нега келдинг дунёга?», дея…
Пулинг бўлса Эркни сотиб ол,
Тортиб олгин пулинг бўлмаса.
Ерда юргин, судрал бемалол,
Осмонда уч, кўнглинг тўлмаса.
«Нега келдинг дунёга?», дея
Сен ўзингдан сўрама фақат–
Бу савол даҳшатли бомбадай
Ман этилган заминда абад!
(1983)

Одамлар «мен дунёга нима учун келдим?», деб ўзларидан сўрашга қўрқадилар. Мен ҳам қўрқардим. Етмишинчи йил бошларида фаранг олими Блез Паскалнинг китобидаги бир фикр диққатимни тортди. Сўзма сўз эсимда йўқ, тахминан шундай маъноси эди: «Инсон ўзининг бир пайтлар нақадар юксакликдан йиқилганини англаши учун бу дунёда яшайди».

Бу диний фикр мендаги қўрқувни деярли йўқ қилди. Қўрқув – жоҳиллик меваси. Мен етмишинчи йилларнинг интеллектуал жоҳилият талабаларидан бири эдим ва Паскалнинг фикри менга буюк кашфиёт бўлиб кўринган эди.

Албатта, Қуръони Карим борлигини билардим. Аммо унда нафақат инсоният тарихи ва келажаги, балки, ҳар бир «қуриган япроқнинг тарихи» ҳам ёзилганини билмасдим. Агар билганда эди, ақлимга сиғдира олмасдим, чунки бу ҳодиса инсон ақлига сиғмайди. Бу Китоб пойига етиб келгунча юзлаб ширк тўла китоб босиб ўтишга тўғри келди. Диний тарбиям йўқ эди, деб ўзимни оқламаяпман, буларни ёзаркан, тавба қилаяпман фақат.

Шеър менинг тарбиячим эди. Аммо у таянч нуқтаси эмас эди. Эл қатори, мен ҳам бир таянч нуқтасига муҳтож эдим. Чунки, эл қатори мен ҳам адашганлардан бири эдим.

…Эҳтирос қамчиси остида дир-дир
Титраётган туядай, тушов оёқда,
Юришга мажбурмиз, юрмоққа мажбур,
Билмай, мағриб қайда, машриқ қаёқда.
(«Адашганлар қўшиғи», 1983)

Бу изтироб худди қадимги юнон файласуфи Пармениднинг изтиробига менгзар эди. Парменид шундай нола қиларди: «Эй, худолар, мен сиздан ҳеч нарса сўрамайман, менга фақат битта Собитлик беринг. Бу тинмай ўзгараётган, ҳар турли рангларда товланаётган беқарорлик денгизида менинг ёпишиб олишим учун бир оғоч – бир барқарорлик, бир собитлик беринг!», деб ёлворарди шўрлик. Лекин унинг нолалари беҳуда эди, чунки, у собитликни Оллоҳдан эмас, худолардан сўраётган эди. Парменид политеизм (кўпхудолилик) замоннинг қурбони эди. Аммо ўзи англамаган ҳолда, Оллоҳни, бутун оламларни яратган ягона Оллоҳни – ягона таянчни излаётган эди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_03

Бундай таянчни совет даврида ўз динидан узоқлаштирилган одамлар ҳам излай бошладилар. Менга ўхшаганлар учун шеър бу изланишда воситачи эди. Шеър изланиш изтиробидан чарчамаслик учун бир танаффус эди. Шеър ташқарисида чексиз, юракни орзиқтириб юборувчи бўшлиқ бор эди. Бу бўшлиқ бизнинг жондан севган дунёмиз эди. Жозибаси қўрқинчли дунё.

…Яна ўша давра, яна ўша май
Қуйилар ва парда тортар кўзингга
Ва яна иккинчи қадаҳ бўшамай,
Даҳшатли бир бўшлиқ тўлар кўксингга!
Шунда «чўрт» узилар давра лангари,
Муаллақ қолади қадаҳ-у қошиқ.
Қоронғида қўрққан бола сингари,
Ичингдан отилиб чиқади қўшиқ!
Кўзларинг олдида олис бир воҳа,
Овозинг етмайди, қуршайди лабинг,
Қўналға тополмай, учади оҳанг,
Юртидан қувилан сор бургут каби.

Овозинг бўғилса, қирилса томоқ,
Кўзларингдан оқа бошлайди қўшиқ.
Сен учун қўрқинчли энди тўхтамоқ,
Тўхтасанг, шу заҳот ютади бўшлиқ!
(«Бир ухлаб турсанг бас», 1981)

Аммо тинмай қўшиқ айтиш мумкин эмас эди, тинмай йиғлаш ёхуд тинмай қаҳ-қаҳа отишнинг иложи йўқ эди. Қалб бир осойишталик истар, қутурган эҳтирос денгизида ҳалок бўлмаслик учун бир таянч истар эди. Инсонга муҳаббат, санъатга муҳаббат, ҳатто миллатга, ватанга муҳаббат ҳам қалбга бу таянчни бера олмасди. Қалб бир сўқир каби буюк изтироб ичида пайпасланар ва ўзининг асл кимлигини ахтарарди. Бир овоз унга «мен сенга ўқ томирингдан ҳам яқинман!», дея шивирларди, аммо у овоз соҳибини кўра олмас эди.

Бир куч бордир тепада шаксиз,
Бир улуғ қудрат бор, мавжуд муаққақ,
Йўқса, не ўзимни сезаяпман ожиз,
Йўқса, нега бунча титрайди юрак?
(«Демак», 1983)

Етмишинчи йилларда бу мажҳул сезгини жуда кўп ёш шоирлар яшаганига аминман. Аммо бу сезги шеъриятда ҳеч қачон лейтмотив бўлмади. Гўё шеър, ўз йўлидан, уни ёзганлар ўз йўлидан юрарди. Шеър руҳоний бўлиши мумкин эди, аммо биз бундай бўлишимиз мумкин эмас эди. Биз ғурурнинг асирлари эдик.

Тўғри сўзни сўйлаш ғурури, жасорат билан сўйлаш ғурури, ҳеч кимга ҳеч қачон бўйин эгмаслик ғурури, дўстга садоқат, душманга нафрат ғурури ва ҳаказо. Хуллас, биз бир олийжаноблар эдик, лекин сўқир қалб буни тан олмас эди ва ўзига таянч ахтаришда давом этарди:

Биз, ахир, ҳеч кимни ўлдирмадик-ку,
Лекин нега бизнинг қўлларимиз қон,
Гуноҳ қуши турар бош узра мангу,
Ёнаётган авлиёдай чирпинар виждон?
(«Адашганлар қўшиғи», 1983)

Чунки, бизнинг ўша саналган барча олийжаноб фазилатларимиз ҳавода осилиб турарди. Бу фазилатларни қўядиган бир гўша, бир меҳроб йўқ эди. Бу фазилатларни қайд этадиган бир ҳакам, уни қабул қилиб оладиган ҳеч ким йўқ эди. Биз бу жавоҳирларни ҳавоий ғурурга омонот этгандик. Қалб, шу боис ёнаётган авлиёдай чирпинарди, шу сабаб гуноҳ қуши кетмасди устимиздан. Биз яхшилик ва ёмонлик нима эканини билардик.

Аммо яхшилик қиларкан, уни ғурур ризоси учун қилардик. Ёмонликдан ўзимизни тияркан, ғурур ризоси учун тиярдик. Лекин қалб бу фаолиятнинг янглиш эканлигини англарди. У жиддийроқ иш билан шуғулланарди. У ўзининг қайси юксакликдан йиқилиб тушганини чамаларди. У ўзининг қибласини ахтарарди. Қалб бутун оламларни бор қилган Оллоҳ ризосини истарди.

(давоми бор)