O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Энг оғир синовлар – энг яхши одамларга!

Энг оғир синовлар – энг яхши одамларга!
124 views
13 March 2013 - 12:37

d16ddbca-9670-4658-aa21-86a81e95411dБизку хеч ким эмасмиз. Аммо Аллоҳнинг энг азиз бандалари ҳам бу дунёда не-не азобу уқубатларни тортмадилар.

…Ҳазрат Яъқуб пайғамбарнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом ёшлик чоғларида қудуққа ташландилар. Қудуқдан қутулиб чиққанларидан сўнг, у кишини Миср бозорида арзимаган пулга қул қилиб сотишди. Орадан бироз вақт ўтиб подшох амалдорлари туҳмат билан зиндонга ташладилар. Аллоҳнинг пайғамбари зиндонда йиллаб машаққат тортган пайтларида ҳам дуо-ибодат ва даъватдан бир зум тўхтамадилар. Бу орада оталари Яъқуб алайҳиссалом ҳам ўғиллари Юсуф алайҳиссалом ғамида куйиб, икки кўзлари ожиз бўлиб қолди.

Юнус алайҳиссаломни эса денгизга ташлаб юборишади ва у киши тинмай Аллоҳга тасбеҳ ва истиғфор айтиб илтижо қиладилар:

«لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنيِّ كُنْتُ مِنَ الظَّالمِيِن» – Сендан ўзга хеч бир илоҳ йўқдир, мен ҳақиқатан ўзига-ўзи зулм қилганлардан бўлдим…».

Хазрат Айюб алайҳиссаломга Аллоҳ бир неча йиллик фароғатли турмушдан сўнг неча ўн йилга чўзилган оғир касаллик берди. У кишининг касалликлари шу даражада эдики, биргина аёлларидан бошқа ҳамма одамлар ўзларини олиб қочарди. Бу давр мобайнида у киши Аллоҳга бирор марта шикоят ёки бетоқатлик қилмасдан шукр айтишда давом этавердилар.

Бу зотларнинг ҳаммалари инсониятнинг энг улуғ сиймолари, одамзоднинг энг афзал вакиллари, Аллоҳнинг энг азиз бандалари эдилар. Шундай улуғ мартабали инсонлар бўлишларига қарамасдан улар ҳам Аллоҳнинг қаттиқ синовларидан четда қолмадилар. Чунки инсониятни ҳақ йўлга бошловчи кишиларнинг ўзлари биринчи бўлиб шу йўлдан юриб ўтиб, бошқаларга ўрнак кўрсатишлари лозим эди. Улар бу йўлнинг оғир ва машаққатли ўнқир-чўнқирлари келиб қолганда одам ўзини қандай тутиши лозимлигини, ундан қандай чидам ва сабр билан ўтиш кераклигини ҳам ўзлари намойиш этдилар.

Аллоҳ эса «Мўминларга ёрдам-ғалаба ато қилиш Бизнинг устимизда албатта вожиб бўлди!»,- деган ваъдасининг исботини намойиш этиб, охир-оқибат ул табаррук инсонларга ва уларнинг мўмин қавмларига ғалаба ва хайрли хотимани насиб этди. Замона чархпалагини хоҳлаган томонга айлантирадиган Буюк Зот кеча қул килиб сотилган ва зиндонга ташланган бандасини, энди юксак мартабага кўтариб, Миср давлати ҳокимиятига олиб чиқиб қўйди. Яъқуб алайҳиссаломга эса ўғилларига қўшиб кўзларини ҳам қайтариб берди.

Юнус алайҳиссалом тинмай Аллоҳнинг зикрида давом этганликлари шарофати билан зулмат кетидан зулмат ичида қолганларига, қайтиб чиқишга инсон ақли бовар қилмайдиган ҳолатда бўлганларига қарамасдан, меҳрибон Парвардигор у кишини ўша ерда ҳам ўз паноҳига олди.

Юнус алайҳиссалом охири балиқ қорнидан соғ-саломат чиқиб яна ўз қавмлари олдига қайтиб бордилар. У кишининг денгиз тубида, балиқ қорнида ҳам Аллоҳнинг раҳматидан асло умидларини узмасдан такрор-такрор ўқиган тасбехларини Қуръони карим бизга хикоя қилади.

Шундай қилиб «لاَ إلهَ إلاَّ أنْتَ سُبْحانَكَ إنِّى كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِين»,- деган тасбеҳ шу зотдан бизга мерос бўлиб қолди. Юнус пайғамбар қиссалари сўнгида Аллоҳ таъоло: «Шундан сўнг унинг дуосини ижобат этдик ва ўзини ғамдан халос қилдик. Мўминларга ҳам худди шундай нажот берурмиз», (Анбиё6 88) дер экан, бу билан ушбу дуони биз мазлумлар ҳам иймон-ишонч билан доимий суратда ўқишга одат қилмоғимиз кераклигига ишора қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Зуннуннинг хут қорнидаги дуоси: «Ла илаха илла анта субҳонака инний кунту миназ-золимийн», эди. Қайси бир мусулмон ҳар қандай мусибат ичида бўлса ҳам мана шу дуони ўқиб илтижо қилар экан, албатта унинг дуоси қабул этилади». (Абу Довуд ривояти)

Айюб алайҳиссалом орқали яхши бандаларнинг Аллоҳ неъматларига нечоғлик шокир, балоларига қанчалик бардошли бўлишлари мисолини келтира туриб, Парвардигори олам воқеалар ниҳоясида у зотнинг баҳоларини бутун дунёга эълон ва то Киёматга қадар тиловат қилинадиган Қуръон килди: «Дарҳақиқат биз уни собир дея эътироф этдик!».

Абдусалом Абдусаломов.