O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЭНДИМИ?

ЭНДИМИ?
175 views
23 March 2012 - 9:51

Ҳукуматнинг хуфяси “Узметроном” сайти бугун бир сирли хабарни тарқатди. Унда айтилишича Ўзбекистон Сенатининг бугунги йиғилишига кутилмаган қонунлар лойиҳаси киритилади ва бу қонунлар қабул қилинадиган бўлса, Ўзбекистон Президент бошқарувидан парламет бошқарувига ўтиши мумкин? (Қаранг:  uzmetronom.com

Ўзимизни ушбу хабарни эшитмагандек тутишимиз мумкин эди. Чунки Ислом Каримовнинг ҳеч қандай ислоҳотни амалга ошира олмаслигига унинг 23 йиллик салтанат йиллари далилдир. Дейлик, Худо инсоф бердида, хуфяси оммага билдиргани каби Каримов Ўзбекистондаги тизимни бошқа томонга ўзгартирмоқчи бўлди? Бунинг маъноси нимадан иборат бўлади?

Аввало ҳозирги тизим диктатурадир. Яъни, бир золим раҳбарнинг зулм режимидир. Бу режимда ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг табиийлиги йўқ қилинган. Яъни, жамият нормал яшаш ва ўз ўзини бошқариш қобилиятини йўқотган. Ҳамма нарса Оқсаройдаги ҳокими мутлақнинг хоҳишига бўйсундирилган. Жамиятнинг нормал яшаши ва ўз ўзини бошқариши, деганда нимани назарда тутаяпмиз? Бу инсонларнинг эътиқод (мафкура), сиёсат, иқтисод, ижтимоий адолат соҳаларида ўзаро низо ва тушунмовчиликларни йиғиштириб, бу соҳаларда муросага келишлари ва шу шаклда жамиятда умумий муросанинг йўлга қўйилишини билдиради. Хўш, шундай муроса борми бугунги Ўзбекистонда? Сиёсатдан ва умуман Ўзбекистондаги бугунги аҳволдан озгина хабари бўлган киши бу саволга тараддуд этмасдан Ўзбекистонда бундай муроса йўқ, деб жавоб беради. Шундай экан, Ислом Каримвонинг режимини Президентлик режими, деб ҳам атаб бўлмайди. Ўзи йўқ бўлган нарсани эса бошқа шаклга солиш, яъни хуфя сайт хабар бераётгандек, Ўзбекистондаги давлат тизимини Президент бошқарувидан парламет бошқарувига ўтиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Биз инсоф мавқеимизни тарк қилмасдан, яна Каримов режимининг парламент тизимига айланиш лойиҳасини кўздан кечиришга уринайлик. Парламент (бундан кейин Халқ Мажлиси тизими деймиз) тизимида Президент рамзий иқтидорга эга бўлади. Халқ Мажлиси (Парламент) қонунларни қабул қилади ва Бош вазир қурадиган ҳукумат ижро бошқаруви ҳисобланади. Маҳкамалар мустақил бўлади ва шу тарзда сиёсий кучнинг юқоридаги уч нуқтада (Халқ Мажлиси, Ижро Бошқаруви ва Маҳкамалар) тақсимланиши натижасида жамиятда сиёсий барқарорлик ўрнатилади. Ҳозир тараққий қилган, дея ҳисобланадиган мамалакатларда (хусусан ғарб давлатларида) жамиятда ижтимоий-сиёсий барқарорлик мана шу шаклда таъминлангандир. Сўз ушбу давлатларга келган экан, ҳамон уларда биз юқорида таъкидлаган эътиқод (мафкура), сиёсат, иқтисод, ижтимоий адолат соҳаларида бу давлатларга хос ва мос муроса шакли ўртага чиққанини таъкидламоқчимиз. Яъни, эътиқод (мафкура)да атеизм, сиёсий соҳада Халқ Мажлис тизими (Парламентар тизим), иқтисодий равнақ (бу икки йўл билан таъминлаган, биринчиси ғарбнинг дунёдаги иқтисодий ҳокимияти ва бу давлатлардаги илм ва техника тараққиёти билан) ва буларга асосланган ижтимоий адолат…

Ислом Каримов ўз диктатурасини Халқ Мажлиси (Парламентар) тизимга айлантиришни истаганда ҳам мамлакат бошқарувидаги хўжа кўрсинга амалга ошириладиган ўзгаришлар Ўзбекистондаги оғир ижтимоий-сиёсий аҳволни ўзгартиришга кифоя қилмаслиги мумкин. Бунинг асосий сабаби ислоҳотларнинг халқнинг онгида ва кундалик ҳаётида ўз ўрнини топмаганлигидир. Халқимиз бундай ислоҳотларнинг мазмунини тушуниб етиши учун эса сўз, фикр ва матбуот эркинлиги мутлақо шартдир. Бундай эркинлик эса ўз ўзидан Ислом Каримов қатоғонларининг оммавий равишда тергов қилинишини билдиради. Бу эса ислоҳотчи Каримовнинг аслида жиноятчи Каримов эканлигини халққа расмий эълон қилишдир. Ўзбекистон диктатори буни тан олишга тайёрми? Агар Ўзбекистонда бирор ислоҳот ўткашизни истаса, Каримов аввало мана шу саволнинг жавобини бериши керак…

Йўлдош Абдулла ўғли, 23 март 2012 йил.